Университетнинг янги биноси
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимиз ва бой адабий меросимизни чуқур ўрганиш, тадқиқ қилиш ҳамда ёш авлодни баҳраманд этиш йўлидаги муҳим қадам бўлгани мутахассислар томонидан такрор-такрор эътироф этилмоқда.
Яқинда университетнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Иншоотнинг замонавий кўриниши, ташқи дизайни зиё масканига мос тушган. Университет олдида барпо этилган мўъжаз хиёбон марказида улуғ бобомиз, мутафаккир шоир ва давлат арбоби Ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган.
Алишер Навоий сиймоси, бинонинг нақшинкор устунлари, миллий ўймакорликнинг ноёб намунаси сифатида ишланган асосий эшик, ям-яшил хиёбонлар, замонавий ўқитиш мосламалари билан жиҳозланган аудиториялар, барча шароитга эга талабалар тураржойи, бой ахборот-ресурс маркази ёшларнинг билим олишга иштиёқини оширади.
— Университетимизнинг учта ўқув биноси, иккита талабалар тураржойи, икки қаватли ахборот-ресурс маркази, қайта тайёрлаш ва малака ошириш маркази биноси капитал реконструкция қилинди, — дейди маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Абдулҳай Собиров. — 180-200 ўринга мўлжалланган учта видеоконференция залининг иккитаси қайта қурилди. Тўққизта компьютер ва синхрон таржима хоналари ташкил этилди. Университет ҳовлисида юзга яқин манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди, еттита айвон барпо этилиб, уларга “Олимлар кўшки”, “Фозиллар кўшки”, “Шоирлар кўшки” каби номлар берилди. Талабалар дарсдан ташқари бўш вақтлари бу кўшкларда турли дебатлар ташкил этиши мумкин. Ўқув корпусида талабалар Wi-Fi технологияси орқали интернетдан фойдаланиш имкониятига эга.
Олий таълим муассасасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. “Навоийшунослик”, “Таълим босқичларида Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш”, “Давлат тилида иш юритиш”, “Компьютер лингвистикасига кириш”,“Интеграллашган инглиз тили”, “Машина таржимаси” каби 45 та фан янгиланди. Қўшимча 25 та танлов фани киритилди. Бу ўқув режасидаги фанларнинг 46 фоизини ташкил этади. Эътиборлиси, мазкур фанлар таълим тизимимизда илгари мавжуд эмасди.
Университетда Ўзбек шеваларини тадқиқ этиш, Адабий жараённи баҳолаш, Компьютер лингвистикаси, Матншунослик ва хаттотлик лабораториялари фаолият бошлади. Янги ўқув режага матншунослик фани киритилиб, адабиёт бўйича Шарқ¬шунослик институтидаги ўрганилмаган қўлёзмаларни ўқиш ва ўрганиш ишлари бошланди. Эндиликда талабалар дарсда олган сабоқларини хаттотлик лабораториясида амалда синаб кўради. ХХ аср хаттотлик мактаби вакили, олим Тўхтамурод Зуфаров ҳам лабораторияга таклиф қилинди.
Келгуси йилларда олий таълим муассасасида бир қатор янги йўналиш ва мутахассисликларни ташкил этиш мўлжалланмоқда. Масалан, кейинги ўқув йилида инглиз тили гуруҳларида ўзбек тили ва компьютер лингвистикаси таълим йўналишини очиш режалаштирилмоқда. Зеро, она тилимизни глобал ахборот маконига киритиш, ахборот-коммуникация технологияларини ўзбек тилида жорий этиш кўплаб компьютер дастурларини ишлаб чиқишни талаб этади.
Шунингдек, фольклористика, диалектология, таржима назарияси ва амалиёти мутахассисликларига қабулни йўлга қўйиши кўзланмоқда.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири