Инновацион олимпиада иқтидорли ўқувчиларни кашф қилди
Аввал хабар берганимиздек, шу йил 13—15 апрель кунлари Халқ таълими вазирлиги томонидан илк бор ташкил этилган инновацион олимпиаданинг республика босқичи Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Навоий вилоятларида ўтказилди. Олимпиаданинг сўнгги босқичида 516 нафар ўқувчи математика, информатика, физика, кимё, биология, тарих ва тасвирий санъат фанларидан билимини синовдан ўтказди.
Пойтахтимиздаги 243-мактабда ташкил этилган информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича баҳслар қизғин ва муросасиз ўтди.
— Аввалги фан олимпиадаларида ўқувчилар амалий машғулотларни белгиланган дастур орқали ечган бўлса, инновацион олимпиадада тақдим этилган амалий ишларнинг ечими ихтиёрий дастурлаш тили ёрдамида амалга оширилди, — дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Бахтиёр Каримов. — Ўғил-қизлар мактаб дарслигига киритилмаган Java, C2++ дастури орқали масалаларни ихтиёрий ечиб, инновацион ғояларини намоён эта олишди. Мисол учун, 8-синфларнинг Word дастурида матн яратиш, безак бериш ҳамда дизайн қилишга ностандарт ёндашуви, 9-синфларнинг Паскал дастурлаш тили бўйича ихчам ва қулай интерфейс яратгани, 10-синф ўқувчиларининг Zelfi дастурида ишлай олиши ҳамда веб-саҳифа ярата олиши янгилик бўлди.
Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида иштирокчилар тарих фани бўйича беллашди.
— Бу олимпиада белгиланган вақтнинг қисқалиги ҳамда тест саволлари вазирлик томонидан онлайн тарзда кодлангани билан фарқланади, — дейди Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Мавлуда Тошева. — Иштирокчилар тест саволларига жавоб берган заҳоти олган балини билишга муваффақ бўлди.
Бухоро вилоятида 60 нафар ўқувчи биология фани бўйича билимини синовдан ўтказди. Тадбирнинг очилиш маросими Бухоро шаҳридаги 35-мактабда тантанали тарзда ташкил этилди.
— Беллашув шаффофлигини таъминлаш мақсадида ташкилий ишларга алоҳида эътибор қаратилди, — деди Халқ таълими вазирлиги масъул мутахассиси Эркин Муродов. — Ўқувчиларнинг қайси қатор ва ўринда ўтириши ҳам қуръа ташлаш йўли билан аниқланди. Ҳакамлар ҳайъати ҳам шу ернинг ўзида вилоятлардан келган ўқитувчилардан шакллантирилди. Ҳар бир синф йўналишида 2 нафардан ўқувчи 1-, 2- ва 3-ўринларга лойиқ деб топилди.
Олимпиаданинг математика йўналиши иштирокчиларига Хоразм вилояти мезбонлик қилди. Тадбирнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар Урганч шаҳридаги 29-мактабда баҳсларга киришди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мисол ва масалалар мактаб дарсликлари асосида тузилган. Бунда эгалланган билимларнинг ҳаётда қўлланиши ва мантиқийлигига эътибор берилган.
— Инновацион олимпиада иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни халқаро танловларга тайёрлашга қаратилган, — дейди Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси методисти Зулхумор Матёқубова. — Ўқувчилар натижаларни онлайн кузатиб боришгани шаффофликни таъминлади.
Физика фани бўйича якуний босқич Самарқандда ўтказилди.
— Физика фани бўйича 50 та онлайн тестнинг барчасига тўғри жавоб топиб, 50 балл олдим, — дейди пойтахтимиздаги 51-мактабнинг 10-“А” синф ўқувчиси Аброр Маматалиев. — Ёзма ишдан 38 балл тўпладим. Натижада 88 балл билан 3-ўринни эгалладим. Инновацион олимпиаданинг ташкил этилиши креатив ғояларимизни намоён этишимизга имкон яратди. Шу билан бирга, ўтилган мавзулар бўйича билимларимизни янада мустаҳкамлашга кўмак берди. Беллашув жараёнида кўплаб дўстлар орттирдик. Самарқанд шаҳрининг меъморий обидалари ҳамда буюк бобокалонларимизнинг бой мероси билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдик.
Инновацион олимпиада кўплаб иқтидорли ўғил-қизларни кашф этди. Ғолиблар вазирликнинг диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Фаол иштирокчилар рағбатлантирилди.
МУХБИРЛАРИМИЗ