ОТМ ва мактаб ҳамкорлиги: таълим мазмунини бойитишга янгича ёндашув
Шу йилнинг 29 март куни Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларининг “Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қўшма қарори имзоланди.
Қарорга кўра, умумтаълим мактаблари фаолиятини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий ва педагогик маҳоратини, ўқувчиларнинг илм-фан ва касб-ҳунарга қизиқишини ошириш, олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим мактаблари олий таълим муассасаларига бириктирилди. Шунингдек, мактабларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик бўйича намунавий меморандум, олий таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби ўртасидаги ҳамкорлик бўйича намунавий режа-жадвал, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларини мактабларга ҳар икки ҳафтада алмаштириб бириктириш жадвали, ҳамкорлик бўйича намунавий тартиб тасдиқланди.
— Ўрнатилаётган ҳамкорлик ниҳоятда кўп қирралидир, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров. — Аввало, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари илғор ўқитиш услубларини умумтаълим мактабларидаги таълим жараёнига мос равишда татбиқ этишда методик ёрдам беради, юзага келган муаммони ҳал этиш жараёнига етакчи профессор-ўқитувчилар аралашса, психологлар ёрдамга келса, вазият ўзгаради. Қарорга кўра, ҳафтада бир марта мактаб ўқитувчилари учун ўтказиладиган “Ахборот соати” машғулотларида малакали профессор-ўқитувчилар ўз маърузалари билан иштирок этади. Академик, фан арбоби, етук олим ва ихтирочилар, таниқли ижодкорлар ўқув ва тарбия жараёнига жалб этилади. Натижада ўқувчиларнинг илм-фан ва адабиётга қизиқиши ошади. Ҳарбий таълим кафедралари мавжуд бўлган олий таълим муассасалари ўқитувчилари иштирокида ўқувчиларни она Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини ривожлантиришга қаратилган ўқув машғулотлари, танлов ва тадбирлар ўтказилади. Олий таълим муассасаларига тайёрлаш мақсадида ўқувчилар учун олимпиадалар ҳамда ўқитувчилар ўртасида тафаккур баҳслари ташкил этилади. Олий таълим муассасаларида “Очиқ эшиклар куни”, экскурсиялар ташкил этиш орқали ўқувчиларга мавжуд таълим йўналишлари ҳақида кенг маълумот берилади. Ахборот-ресурс маркази, лаборатория, музейлар, маъруза заллари ва дарс жараёни билан яқиндан танишиш орқали ёшларнинг касб танлови борасидаги мақсади ойдинлашади. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ёшларда тадбиркорлик йўналишлари бўйича билим, кўникма ва малакани шакллантиришга қаратилган ўқув-семинар ва тренинглар ўтказилиши ҳам шу мақсадга хизмат қилади.
Қарорнинг биринчи иловасига мувофиқ, ҳар бир олий таълим муассасасига 10-11 тадан, баъзи олий таълим муассасалари, жумладан, хорижий олий таълим муассасалари филиалларига имкониятдан келиб чиққан ҳолда 5-6 тадан мактаб бириктирилган. Натижада Тошкент шаҳридаги 285 та мактабнинг барчаси қамраб олинди. Бироқ бу олий таълим муассасалари фақат шу мактаб билан ҳамкорлик қилади, дегани эмас. Боиси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига бириктирилган мактабда кимё бўйича фан олимпиадаси ўтказилса, у ҳолда беллашувнинг ҳакамлар ҳайъати таркибига Ўзбекистон Миллий университети ёки Тошкент кимё-технология институтидан профессор-ўқитувчиларни жалб этиш зарурати юзага келади. Қолаверса, юртимизда мавжуд таълим йўналишлари ҳақида кенг маълумот олиш учун битта олий таълим муассасасига экскурсияга бориш камлик қилади. Тошкент давлат педагогика университетидан эса ҳар бир мактаб услубий ёрдам олишни истайди. Шунинг учун қарорнинг тўртинчи иловасига мувофиқ, ҳар икки ҳафтада олий таълим муассасаси ҳамкорлик қилаётган мактабларни алмаштириб, барча таълим муассасаларига кириб боришга ҳаракат қилади.
Айни пайтда, олий таълим муассасалари ва мактаблар ўртасида меморандумлар имзоланяпти. Биринчи бўлиб И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида Олмазор туманидаги 242-, 159-, Мирзо Улуғбек туманидаги 275-, 279-, Миробод туманидаги 94-, 110-мактаблар билан ҳамкорлик расмийлаштирилди.
Ундан кейин Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ўзига бириктирилган 10 та мактаб билан меморандум имзолади. Бу тадбирга Тошкент шаҳридаги барча мактаб директорлари таклиф этилди. Ҳар иккала олий ўқув юртида ҳам тадбир қатнашчилари таълим даргоҳи фаолияти, хусусан, аудиториялар, ўқув лабораториялари билан таништирилди.
— Ҳамкорлик, айниқса, мактаблар учун ғоят манфаатлидир, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи Аваз Мамажонов. — Бу вазифалар ижросини таъминлаш умумтаълим тизимини мазмунан бойитади. Мактабдаги ўқув жараёни, тарбиявий ишларга академик, профессорларнинг жалб этилиши бир қатор муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этишига ишонамиз. Шундай муаммолардан бири аҳоли ўртасида “ном чиқарган” қайсидир мактабларда ўқувчилар сони ошиб кетганидир. Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари барча мактабларга жалб этилса, зарур ўринларда ўриндошлик асосида ишлаши учун шарт-шароитлар яратилса, мактаблар ўртасидаги бундай сунъий тафовут йўқолади. Таълим муассасаларининг барчасида ўқитиш мазмунини оширишга эришилади. Уйи яқинидаги мактабда академик, фан арбоби, етук олим, таниқли ижодкорлар машғулот ўтаётганини билган ота-она ҳам овора бўлиб фарзандини узоққа олиб бормайди. Фанлар бўйича ташкил этилган таянч мактабларда олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари маҳорат дарсларини ўтиб, умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг малака ва маҳоратини оширишга ёрдам беради.
— Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан ҳамкорлик меморандумини имзоладик, — дейди Учтепа туманидаги 123-мактаб директори Салтанат Тўлаганова. — Биз меморандумда белгиланган тадбирлар қатори кимё, биология, физика фанлари бўйича лаборатория машғулотларини ҳам фан докторлари иштирокида ташкил этишни режалаштиряпмиз. Боиси, мазкур фанлардан олинган назарий билимлар кўпроқ амалий машғулотлар орқали самарали ўзлаштирилади.
Ҳамкорлик натижасида педагогика йўналишидаги университет ва институтлар ўқитувчилари амалиёт билан кўпроқ боғланиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, олий таълим муассасалари ҳақида ўқувчиларга кенг маълумот бериш, муайян соҳага қизиқиши юқори ёшларни жалб этиш, йигит-қизларнинг ўз лаёқати ва қобилиятига номуносиб йўналишларда ўқишининг олдини олиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўз устида кўпроқ ишлашига хизмат қилади.
Ҳамкорлик ҳозирча тажриба-синов тариқасида фақат Тошкент шаҳридаги таълим муассасаларида йўлга қўйилмоқда. Келгуси ўқув йилидан юртимизнинг барча ҳудудларида бу тажрибани жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Жараёнда аниқлик киритиш зарур бўлган жиҳатлар мавжуд. Масалан, Сирдарё вилоятида бор-йўғи битта олий таълим муассасаси — Гулистон давлат университети мавжуд. Ушбу муассасанинг ўзи ҳудуддаги мактабларнинг барчаси билан тўлақонли ишлаб, уларга етарли методик ёрдам, касбга йўналтиришга кўмак бера оладими? Ҳудуддаги ўқувчилар бошқа олий ўқув юртлари ҳақида ҳам кенгроқ маълумот олиши учун нималар қилиш керак? Айни кунда шу масалаларга жавоб топиш устида ишланяпти.
Санобар ЖУМАНОВА