Чиқиндидан углеводород олинади
Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Юртимизда иқтидорли хотин-қизларнинг барча йўналишлар бўйича илмий-амалий изланишлари ҳар томонлама рағбатлантирилмоқда. Жумладан, жорий йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Ихтирочи аёллар уюшмаси ва БМТТД (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури) томонидан «Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси» I Республика танлови ўтказилиши ҳаётимда катта из қолдирди. Танловда “Шўртангазкимё” мажмуаси чиқиндисидан углеводородларни ажратиш технологиясини ишлаб чиқиш ва уларни нефть-кимё саноатида қўллаш” лойиҳаси билан қатнашиб, “Энг яхши инновацион лойиҳа” йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритдим.
Республикамизда «Шўртангазкимё» мажмуаси ишга туширилиши ва полиэтилен ишлаб чиқарилиши полимерлар турларини кўпайтириш имкониятини берди. Мазкур мажмуада Циглер-Натта катализаторларидан фойдаланиб этиленни циклогексанон эритмасида полимерлаш жараёнида полиэтилен олинади. Бунда қўшимча маҳсулот сифатида қуйи молекулали полиэтилен суюқ чиқиндиси ҳосил бўлади. Ишлаб чиқариладиган полиэтиленнинг навларига қараб унинг ҳажми йилига ўртача 1,5-2 минг тоннани ташкил этади. Таҳлиллар давомида ушбу чиқинди таркибида 40 фоизгача циклогексан, 25 фоизгача этилциклогексан, 10 фоизгача циклодекан, 20 фоизгача оралиқ ва юқори ҳароратда қайнайдиган фракция, 5—10 фоизгача қуйи молекулали полиэтилен мавжудлиги аниқланди. Қуйи молекулали полиэтилен чиқиндиларини ҳайдаш натижасида ҳосил бўладиган эритмадан лок-бўёқ ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин. Шунингдек, юқори ҳароратда қайновчи суюқ чиқиндидан ҳосил бўлган қолдиқлар резина-битум аралашмаси учун эритувчи сифатида ишлатилади. Қолдиқ қўлланилганда битум пластик мустаҳкам тузилишга эга бўлади. Чиқиндилардан целлюлоза-қоғоз, тўқимачилик саноатида фойдаланиш ҳам мумкин.
Лойиҳа “Шўртангазкимё” мажмуаси чиқиндисидан углеводородларни ажратиш технологиясини ишлаб чиқиш ва уларни нефть- кимё саноатида қўллашга йўналтирилган. Изланишлар доирасида чиқинди таркибидаги суюқ углеводородларни фракция(ҳайдаш натижасида суюқ нарсадан ажраладиган модда)ларга ажратиб олиш методикасини ишлаб чиқиш, суюқ фракциясини тозалаш технологиясини яратиш, молекуляр полиэтиленни тозалаб, углеводород таркибини ўрганиш сингари вазифалар амалга оширилади.
Озода АҲМЕДОВА,
Бухоро муҳандислик-технология институти докторанти