«Истеъмол савати» «яшаш бошқа, кун кўриш бошқа» принципига барҳам беради
Сўнгги пайтларда халқимиз орасида «истеъмол савати» атамаси тез-тез тилга олинмоқда. Йиллар давомида йиғилиб, ўз ечимини кутиб ётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар қаторида унинг ҳам мавжудлиги ҳақида мутахассисларимиз энди-энди бош қотирмоқда. Эътиборлиси, дунёнинг ривожланган мамлакатларида «истеъмол савати» деган «ўлчов бирлиги» аллақачон ҳуқуқий тартибга солинган. Қизиқ, у нима ўзи?
«Истеъмол савати» одамзод нормал ҳаёт кечириши учун зарур бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизматларни ўз ичига олади. Содда айтганда, олаётган даромадингиз яшаш учун зарур бўлган энг муҳим эҳтиёжларингизни қондиришга етиши керак. Аксарият тараққий этган мамлакатларда аҳолига бериладиган ижтимоий нафақалар айнан «истеъмол савати»га, унда қайд этилган кўрсаткичларга кўра белгиланади. Ёдингизда бўлса, юртимизда бундан бир неча ой илгари жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган 2018 йилги Давлат дастури лойиҳасида мазкур масала алоҳида тилга олиниб, «истеъмол саватчаси»га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш лозимлиги таъкидланганди.
Айни дамда долзарб тушунчанинг ҳуқуқий тартибга солиниши юртдошларимиз олаётган даромадининг яшаш «минимуми» ва «истеъмол саватчаси»га мос бўлишида муҳим аҳамиятга эга.
«Истеъмол савати»дан қандай маҳсулотлар ўрин олади? Масалан, Россияда меҳнатга яроқли киши бир йил давомида: нон маҳсулотлари(ун, ёрма ва дуккакли ўсимликлардан тайёрланган нон ва макарон)дан 126,5 кг , картошкадан 100,4, сабзавот ва полиз маҳсулотларидан 114,6, сархил мева-чевадан 60, шакар ва қандолат маҳсулотларидан 23,8, гўшт маҳсулотларидан 58,6, балиқдан 18,5, сут ва сут маҳсулотларидан 290 кг , 201 дона тухум, ёғ ва ёғ маҳсулотларидан 11, бошқа маҳсулотлар(туз, чой, зираворлар)дан 4,9 кг истеъмол қилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизмат кўрсатиш нархи озиқ-овқат маҳсулотлари баҳосига нисбатан белгиланган. Хусусан, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизматлар нарх-навоси аҳолининг барча қатлами учун озиқ-овқат маҳсулотлари қийматининг 50 фоизига тенг бўлиши назарда тутилган.
АҚШда ушбу «сават»га 300 хил маҳсулот киритилган бўлса, Францияда 250, Англияда 350, Германияда 475 хил маҳсулот аҳоли истеъмоли учун зарур деб топилган. АҚШда қўшимча — «озиқ-овқат режаси» (Food Plan) деган тушунча ҳам бор. У қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тўрт хил вариантда, яъни тежамкор, паст, ўртача ва эркин режа тарзида ишлаб чиқилади. Тежамкор режа (Thrifty Food Plan)да озиқ-овқат учун талон бериш йўлларидан фойдаланилади.
Улар қандай маҳсулотлар экан, дея ўйлаётгандирсиз? Юқорида айтилганидек, озиқ-овқат (асосан, нон ва ун маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, ёғ, гўшт, тухум, полиз ва сабзавотлар, мева ва бошқалар) ҳамда ноозиқ-овқат маҳсулотлари (асосан, кийим-кечак, санитария ва гигиена маҳсулотлари, мактаб ва таълим олиш, оддий кундалик хизматлар) бўлиб, масалан, йилнинг аксарият қисмида илиқ ва совуқ об-ҳаво ҳукмронлик қиладиган юртларда иситиш тизими сифати «истеъмол савати»дан албатта жой олади.
Мазкур тенденция пулнинг қадрсизланиши, турли табиий ва сунъий омиллар таъсирида яшаш шароитининг кескин қимматлашиши ёки арзонлашишига қараб ўзгариши мумкин. Қолаверса, давлатларда амал қилинаётган «истеъмол саватлари» бир-биридан тур, ҳажм, миқдорига кўра фарқланади. Унда ўша давлатдаги иқлим шароити, аҳоли эҳтиёжлари ва албатта, мамлакатнинг иқтисодий қудрати ҳам ҳисобга олинади.
Умуман, «истеъмол савати» аслида давлат ва халқ ўртасида алоқа воситаси бўлиб, икки институтнинг ўзаро розилиги, бирдамлиги учун хизмат қилади. Аниқроғи, бу давлатнинг ўз фуқаросини минимум даражада рози қилиши, эҳтиёжларини энг паст даражада бўлса-да қондириши ва шу тариқа ҳаётга бўлган меҳрини бир маромда ушлаши, меҳнат фаоллигини мустаҳкамлашига хизмат қилади.
Тасаввур қилинг, бирор киши ёки оила топаётган даромад маълум вақт, масалан, бир ойлик зарур маҳсулотлар ва хизматларга етиши керак. Агар унинг маоши озиқ-овқатга етиб, дори-дармонга етмаса, ҳаётнинг энг муҳим цикли издан чиқади, одамлар ўзидан, иш жойидан қониқмайди, норозиликлар авж олади. Натижада маошга яраша меҳнат қилиш «йўли»га ўтилади, садоқат, масъулият, бурч каби муқаддас тушунчаларга путур етади.
Қоғозда «истеъмол савати» тўкин-сочин бўлсаю, амалда, реал ҳаётда “қуруқ” бўлса, у нафақат аҳолининг қашшоқлашиб бораётганини, балки ўша давлатнинг ҳам иқтисодий ҳолати қониқарсиз эканини билдиради. Айрим мамлакатларда ҳали-ҳамон икки хил статистика мавжуд: бири расмий, иккинчиси эса ҳақиқий кўрсаткичлар. Одатда, халққа силлиқланган, бўяб-безатилган расмий маълумотлар айтилади. «Истеъмол савати»нинг афзаллиги шуки, уни турли алдов ёки кўзбўямачилик билан «тўлдириб» бўлмайди. Чунки одамлар қанча даромад олаётганию, у эҳтиёжларини қанчалик қоплай олаётганини яхши билади...
Одамлар қорин тўйдириш илинжидагина меҳнат қилса, бир амаллаб кун кўриш ҳақида бош қотирса, жамиятда парокандалик юзага келади. Чунки оддий дарахт кўчати талаб қилаётган озуқа ёки сувни ўз пайтида бермасангиз, у қуриб қолгани ёки камҳосил бўлганидек, организм талаб қилган зарурат қопланмаса, мия ва тананинг меҳнат қобилияти сусаяди.
Аслида яшаш минимуми кўрсаткичларини давлат ижтимоий сиёсат юритиш жараёнида қўллайди. Хусусан, аҳолининг турмуш даражасини баҳолаш учун яшаш минимумидан паст, тенг ва юқори даромадга эга оилалар миқдори аниқланади. Шу асосда аҳолининг кам таъминланган қатламига ғамхўрлик кўрсатиш борасида манзилли ижтимоий ёрдам дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.
Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, 16 ёшдан катта ўсмирлар йил мобайнида ҳеч бўлмаганда 18,5 кг балиқ, 58,6 кг гўшт, 60 кг мева, 114,6 кг сабзавот, 126,5 кг нон маҳсулотлари истеъмол қилиши лозим. Бундан ташқари, 16 ёшдан катталар уч ярим йилда 6 жуфт пойабзал кийиши, етти ярим йилда янги пальто ёки куртка олиши, йилига уч жуфт ўқув қуроли сотиб олишга қодир бўлиши зарур.
Қолаверса, ҳаёт учун керак бўлган хизматлар — электр энергияси, сув, газ, жамоат транспорти ҳаражатлари ҳам фуқароларнинг доимий харажатларига киради. Шу маънода, катта ёшли одам яшаши учун 18 метр кв жойга ҳамда кунига 285 литр совуқ ва иссиқ сув, ойига 10 кубометр газ, 50 кВт электр энергиясидан фойдаланиш имконига эга бўлиши керак.
АҚШ аҳолиси — истеъмолчиларга яратилган шарт-шароитга қараб ҳам нечоғлик тараққий этганини билиш мумкин. Океанортидаги ўлкада 300 турдаги маҳсулот ва хизмат кўрсатиш турлари қаторида ҳатто бензин, тамаки кабилар ҳам ҳисобга олинган. Асосийси, ҳар бир штатда «истеъмол савати» таркибини шакллантирувчи махсус хизматлар ташкил этилган бўлиб, улар йиллар мобайнида мамлакатдаги ҳар бир оиланинг «яшаш минимуми»га оид маълумотларни тўплайди, таҳлил қилади ва энг мақбул ечимларни жамият ҳаётига татбиқ этади. Натижада ўарбнинг кўплаб мамлакатлари каби АҚШда ҳам «истеъмол савати» одамларнинг пенсияси ёки маоши қанчалигига қараб эмас, аксинча — минимум яшаш учун талаб этиладиган маҳсулотлар ва хизмат турларига қараб белгиланади.
Францияда ҳам «истеъмол савати» йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Унинг ўртача қиймати аллақачон 4,4 фоизга ошиб, киши бошига 137 еврога етган. Ўтган йилнинг май ойида эълон қилинган француз истеъмол саватига оид янги маълумотномада 35 хил янги маҳсулот номи қайд этилган. Унда ассортиментларнинг савдо маркасидан тортиб, ишлаб чиқариладиган жойи, вақти ва миқдоригача ёзилган. Шу тариқа саватчани тўлдириш учун (олий сифатли маҳсулотлар истисно қилинганда) ойига 178,18 евро, агар янада иқтисод қилинса, 100,79 евро сарф қилишга тўғри келади.
Халқнинг харид имконияти камайган паллаларда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида миллий бренддаги маҳсулотлар ҳажми 0,64 фоизга кўпайтирилиб, 2,6 фоизгача арзонроқ сотилади. Шунда аҳолининг ойлик «истеъмол савати» қиймати 100 еврони ташкил этади. Демак, кам таъминланган оилаларга турли имтиёзлар қўллаш орқали ҳам «истеъмол саватчаси»ни тўлдириш мумкин экан.
Испан оилалари, 2010 йилги манбада келтирилишича, ўша йили озиқ-овқат маҳсулотлари хариди учун жами 67 млрд 86 млн евро сарфлаган. Бу 2017 йилги харажатларга қараганда 2,3 фоиз камдир. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши (ортиши), хизмат турларининг ортиши, мобиль алоқа воситасидан фойдаланишнинг янги шакллари пайдо бўлиши — барчаси ҳамёнга таъсир этади. Ўша йили испанлар «истеъмол савати»нинг умумий вазни 30,1 млн тоннани ташкил этган, ўтган йили у 1,1 фоизга ошган.
Агар мазкур кўрсаткични бутун аҳоли сонига бўлсак, у ҳолда ҳар бир испаниялик йил мобайнида ўз эҳтиёжларини қондириш учун ўртача 1,460 евро сарфлаган.
Табиийки, “истеъмол савати”даги маҳсулотларнинг кўпайиш ёки камайиши вазн, нархга ўзгача таъсир этади. Масалан, испанлар кейинги йилларда балиқ ва денгиз маҳсулотларига камроқ (7,1—7,9 фоиз) пул сарфлайдиган бўлиб қолди. Улар балиқ ўрнига товуқ гўштидан кўпроқ сотиб оляпти. Натижада «истеъмол савати»да товуқ гўшти яна 4,9 фоиз жойни банд этмоқда. У ҳатто харидоргирликда мол гўштини ҳам тобора «сиқиб» қўйяпти. Бугунги испанлар айнан мол гўштини ҳаммасидан ҳам кам истеъмол қилади. Натижада унинг нархи ўтган йили 6,5 фоиз арзонлади.
Юқорида айтганимиздек, юртимизда ҳам «истеъмол савати» тушунчасини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда унинг таркибини ҳаққоний тарзда шакллантириш мезонларини жорий этишга оз вақт қолмоқда. Аниқроғи, бу борадаги ташаббус шу йилнинг 1 июлига қадар амалга оширилиши режалаштирилган эди. Ҳа демай хорижнинг энг илғор тажрибаларидан фойдаланиб, аҳолининг муносиб яшаши учун зарур бўлган эҳтиёж, харажат ва сервисларни ҳамда уларни минимум даражада қаноатлантирадиган даромад миқдорини аниқ билиб олсак, ажаб эмас.
З.ХОЛОВ тайёрлади .