Кореялик мутахассислар Ўзбекистонда
Мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилишда бирламчи омил ўқув жараёнига янгиликлар, ноанъанавий услубларни олиб кириш, ўқитувчиларга методик ёрдам беришдир. Бунда таълим соҳасида илғор тажрибага эга хорижий давлатларнинг ўқитиш методларини ўрганиш, самарали натижаларни амалиётга жорий этиш ҳар жиҳатдан ўзини оқлайди.
Шу мақсадда Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги таълим маркази ва А.Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувга мувофиқ жорий йилнинг 7-8 август кунлари умумтаълим фанлари ўқитувчилари учун ўқитиш методикаси ва дарсларда ўқувчилар билан ишлашнинг турли шаклларини ўргатишга бағишланган халқаро семинар ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 29 ноябрь — 1 декабрь кунлари уч кунлик семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилган эди. Унда Корея Республикасидан ташриф буюрган педагоглар шўъбаларга бўлинган ҳолда мамлакатимиз педагогларига Корея давлат таълим стандартлари, тизимдаги ўзига хосликлар ҳақида маълумот берган эди. Навбатдаги тадбир ўтган йилги семинарларнинг узвий давоми сифатида иш бошлади. Унда “Кореянинг энг яхши дарси” танловида ғолиб бўлган 16 нафар ўқитувчи ва 6 нафар мактаб директори ҳамда мамлакатимиз умумтаълим мактаблари ўқитувчилари иштирок этмоқда.
— Тренингларда умумтаълим мактабларида математика, инглиз тили ва ижтимоий фанларнинг ўқитилиши, дарсларга ижодий ёндашиш, ҳар бир дарсга янги усулларни қўллаган ҳолда тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилди, — дейди Сеулдаги Ем Кванг ўрта мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Ким Ю Генг. — Икки мамлакатнинг таълим муҳити муҳокама қилинар экан, педагогларнинг ҳар икки тизимдаги энг аъло усул ва методларни ўрганишларига имконият яратилмоқда. Таълим соҳаси вакиллари бир жойга тўпланганда, уларнинг миллати, давлати, тили бир-биридан фарқ қилса-да, педагоглар ҳамиша тил топишиб, тез баҳсга киришади. Зеро, таълимда бирламчи масала бу ўқувчи омилидир. Бола феъл-атвори эса турлича бўлади. Таълим майдонига қадам қўйган педагог ана шу турфа хулқ-атворга нисбатан ўз маҳорати, билимидан келиб чиқиб чора излайди ва бу методга айланади. Бола билан ишлаган ҳар бир педагогда ана шундай ўзига хос тажриба бор. Демак, бу ерга йиғилганлар барчасининг айтадиган сўзи, ўргатадиган янгиликлари бор. Биз ушбу семинарда ўзаро тажриба алмашаётганимиздан мамнунмиз.
Икки кун давом этган семинарда педагоглар “Табиий фанлар”, “Филология фанлари”, “Аниқ фанлар” шўъбаларига бўлиниб, режа асосида машғулотлар олиб боради. Бунинг натижасида Корея ўрта мактабларида математика, инглиз тили ва ижтимоий фанларни ўқитиш методикаси, самарали усуллари мамлакатимиз таълим муассасаларида олиб бориладиган дарсларнинг янада қизиқарли ва сермазмун ўтишига туртки бўлади.
Зилола МАДАТОВА