Қўшимча даромад: тажриба ва натижа
Бюджетдан ташқари маблағ топиш мактабнинг имкониятларини кенгайтириб, моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, фаол ўқитувчилар ва ўқувчиларни қўшимча рағбатлантиришга хизмат қилади. Бу борада Яшнобод туманидаги 307-ИДУМда ўзига хос ижобий тажриба мавжуд.
Математика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган мактаб 1992 йили ташкил этилиб, таълим рус ва ўзбек тилларида олиб борилади. Мактаб қуввати 1537 ўринга мўлжалланган, ўқувчилар сони 2294 нафар. Жами 106 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатади.
Ушбу мактабда бюджетдан ташқари қўшимча маблағ топиш 2000 йил сентябрдан мактабнинг биринчи директори Светлана Бачкарева ташаббуси билан жорий қилинган. Давр талабини тўғри англаган ишбилармон раҳбар дастлаб директорнинг ихтисослаштирилган синфлар бўйича ўринбосари Наталия Полюдова ҳамда бош ҳисобчи Элмира Фатяннинг маслаҳати билан масалани ҳар томонлама чуқур ўрганиб, иш бошлайди. Мана, 18 йилдирки, мактабда ўқувчиларга қўшимча пуллик таълим хизматлари кўрсатилмоқда. Ўтган даврда мактаб ота-оналарнинг оғирини енгил қилиб, ходимларни қўшимча рағбатлантириш имконига эга бўлди.
— Мактабда иш бошлаганимга бир йил бўлди. Дастлаб бу хизмат турини чуқур англаб етишим, тизимга киришишим бироз қийин кечди. Лекин тез орада директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳамда бош ҳисобчи ёрдами билан тушуниб, жараёнга киришиб кетдим, — дейди мактаб директори Дилноза Раҳмонова. — Мактабимизда кўрсатиладиган таълим хизмати ота-оналар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Уларнинг талаб ва истакларига биноан синфлар ташкил этилади. Ўқувчининг қўшимча қандай машғулотлар билан шуғулланиши, қандай таом тановул қилиши каби масалалар ота-оналардан олинган сўровномалар натижасида аниқланади. Барча жиҳатлар кўриб чиқилгач, керакли сумма белгиланиб, 31 августда мактаб ва ота-она ўртасида икки томонлама шартнома имзоланади.
Бошланғич синф ўқувчиларига иссиқ овқат ва бошқа егуликлар берилади. Юқори синфлар эса фақат қўшимча машғулот ва тўгараклардан фойдаланади. Нархлар ҳам шунга қараб белгиланади. Бошланғич синфлар кўпроқ, юқори синфлар эса танловига қараб пул тўлайди.
Ўтган ўқув йилида мактабимиздаги 73 синфдан 39 тасига қўшимча пуллик таълим хизмати кўрсатилди. Бола сони 25 нафардан ошганда қўшимча синфлар очилади.
Хизматлар тўрт йўналиш — мактабга тайёрлов, куни узайтирилган гуруҳлар, қўшимча таълим бериладиган гуруҳлар ҳамда қизиқишлар бўйича тўгараклардан иборат.
Мактабда қўшимча пуллик хизмат мактабга тайёрлов гуруҳларини очишдан бошланган. Улар ҳам ота-оналарнинг талаб ва истаклари асосида шакллантирилади. Ўқув жараёни октябрь ойидан бошланиб, май-июнгача давом этади. Гуруҳлар 6,5—7 ёшли болалардан ташкил топади. «Почемучка» (тасвирий санъат, оғзаки нутқни ривожлантириш, чет тили ва она тили), «Кичкинтой» (оғзаки нутқни ривожлантириш, ўқиш, математика, мантиқ, тасвирий санъат, бадиий санъат, инглиз, рус, ўзбек тиллари) гуруҳларига болалар турли ҳудудлардан қамраб олинади. Баъзи ота-оналар фарзандининг кейин ҳам шу мактабда ўқишини хоҳлайди, аммо 1-синфлар микроҳудуд бўйича қабул қилинади. Агар бўш ўринлар қолса, бошқа ҳудуддан ҳам ўқувчи олиниши мумкин. Шу каби масалаларда муаммолар бўлмаслиги учун дастлаб ота-оналардан билдирги олинади.
Куни узайтирилган гуруҳлар битта синф ёки параллел синфлардаги 10-11 нафар ўқувчидан шакллантирилиб, уйга вазифалар мактабда ўқитувчи ёрдамида тайёрланади ҳамда қўшимча машғулотлар билан ўқувчи бандлиги таъминланади.
Қўшимча таълим бериладиган гуруҳларда ўқувчилар хорижий (инглиз, корейс) тиллар, компьютер саводхонлиги, рақс, театр санъати, геометрия, мантиқ, турли спорт машғулотлари билан шуғулланади.
Қизиқишлар бўйича тўга¬раклар хизматидан юқори синф ўқувчилари фойдаланади. Бунда улар ўз хоҳиши ва қизиқиши бўйича гуруҳларда таълим олиши мумкин. Масалан, инглиз тили, корейс тили, математика, иқтисодий билим асослари билан бирга, турли спорт машғ¬улотлари бўлади.
Бракераж — ота-оналар ишончи
— Мактабимизда ушбу тизим йўлга қўйилганига салкам йигирма йил бўлди. Ўтган вақт давомида ўқитувчи, ота-оналар, ўқувчилар билан ҳамкорликда ишладик. Тўғрисини айтиш керак, жараёнда ҳеч бир норозилик ёки муаммолар бўлмади. Барча ишлар ҳужжатларда белгиланган тартибда амалга оширилмоқда. Ўқитувчилар дарсдан ташқари қўшимча таълим учун махсус ўқув режалари тузади. Белгиланган дастур асосида иш олиб боради. Ўқувчиларнинг мактабдаги ҳаёти ҳар томонлама алоҳида назоратга олинади, — дейди директорнинг ихтисослаштирилган синфлар бўйича ўринбосари Наталия Полюдова.
Масалан, бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналаридан тузилган бракераж комиссияси мавжуд. Комиссия аъзолари ҳафтанинг хоҳлаган икки кунида келиб, болалар истеъмол қиладиган овқатларни татиб кўради, ошхонадаги санитария-гигиена ҳолатини текширади. Бу ҳам ота-оналарнинг мактабга бўлган ишончини оширади. Бундан ташқари, мактабда қўриқлаш хизмати назорати мавжуд. Дарслар тугагандан кейин ўқувчилар шахсан ота-оналари ёки буви-боболари қўлига топширилади. Мактабга яқин ҳудудда яшовчи ота-оналар фарзандининг ўзи келиб кетиши учун розилик билдириб, ариза ёзиб рухсат олади.
— Сўровномалар, аризалар қабул қилингач, штат ва сметалар белгиланади, — дейди мактаб бош ҳисобчиси Элмира Фатян. — Ошхона билан ҳам шартнома асосида ишлаймиз. Тендерда ютиб чиққан ошхона ходимлари мактабда ижара асосида ишлайди. Агар ҳар бир бошланғич синф ўқувчисидан ойига 284 минг сўмдан олинса, шундан 116 минг сўми овқатланишга ажратилади. Қолган сумма мактаб бюджетига тушади. Бу пулдан 25 фоизи ўқитувчиларни рағбатлантиришга, 75 фоизи эса мактаб моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ажратилади. Тўловлар банкка ёки мактаб ғазнасига тўланади. Сумма банк киримида қайд этилгач, мактаб ҳисоб рақамига туширилади. Ўқитувчилар ёки бошқа ходимлар пулни олмайди. Ўқитувчиларга қўшимча таълим хизматлари кўрсатиш ҳисобидан бир миллион сўмдан зиёд устама белгиланган.
“Фарзандимдан хавотирланмайман”
— Касбим шифокор. Турмуш ўртоғим ҳам давлат хизматчиси. Уч фарзандимиз бор, — дейди тошкентлик Гулбаҳор Раҳимова. — Уларнинг икки нафарини мактабда қўшимча пуллик таълим хизматларидан фойдаланган ҳолда ўқитганмиз. Биринчи болам ўқиганда мактабда бу тизим ҳали жорий этилмаган эди. Ўша йиллари жуда қийналганман. Дарслар куннинг биринчи ярмида тугарди. Боламни мактабдан олиб, қариндошларимизникига қўйиб, яна ишга кетардим. Иккинчи кун яна шу ҳолат такрорланарди. Иккинчи фарзандим 1-синфга борган йили мактабда бу хизмат йўлга қўйилди. Жуда мамнун бўлдим. Ўғлим шундай гуруҳда таълим ола бошлади. Ишдан қайтишда фарзандимни олиб, уйга келардим. Учинчи фарзандимни ҳам шу мактабда, шу тизимда ўқитяпман. Бу йил қизим бошланғич синфни тугатди. Мактабдаги бу хизмат ота-оналарга ҳар томонлама қулай. Аввало, кун давомида фарзандимиз ишончли қўлларда бўлади, вақти беҳуда ўтмайди, билими мустаҳкамланади. Қолаверса, тўловлар ҳам ҳамёнбоп. Икки ўғлим ҳам олий ўқув юртида давлат гранти асосида таълим олди. Уларга шу мактабда олган билимлари асқотди. Чунки уларнинг ўқишга тайёргарлиги учун вақт ҳам, пул ҳам сарфламадик.
Топилган маблағ қандай сарфланмоқда?
Мактаб ҳисобига тушган пуллар ўз вақтида, самарали ва аниқ мақсадларга сарфланаётгани мутасаддилар томонидан айтиб ўтилди. Мактаб фаолияти билан яқиндан танишиш учун борганимизда ҳудудда қурилиш ишлари кетаётганига гувоҳ бўлдик. Мактаб директори йўл-йўлакай бу ишларга изоҳ берди.
— Ўтган ўқув йилида орттирган ярим миллиард сўм даромадимизни янги ўқув биноларини қуришга сарфладик. 11 йиллик таълимга ўтилгандан кейин мактабда синфхона етишмаслиги муаммо бўлди. Юқори ташкилотлар томонидан бўш бинолар ажратилди. Аммо орадаги масофа сабаб бу бинолар ноқулайлик қилди. Мактаб ҳудудида коммунал хизматлар блоки бўлиб, у ижарага қўйилган эди. Мутасаддилар билан келишган ҳолда шу бинода қўшимча синфлар қуришни мўлжалладик. Қурилиш ишларига мактаб ўз бюджетидан маблағ ажратди. Янги ўқув йили бошланиши арафасида 280 нафар ўқувчига мўлжалланган синфхоналар фойдаланишга топширилади. Кейинги йилларда бинони кенгайтириш, иккинчи қаватини ҳам қуриш ниятидамиз.
Бюджетдан ташқари маблағ топиш натижасида қатор натижаларга эришдик. Жумладан, мактаб педагогик жамоасини қўшимча моддий рағбатлантириш имконияти вужудга келди; раҳбарларнинг янги мустақил, ташаббускор авлоди шаклланди; ўқув-тарбия жараёни сифати ошди; мактабда ўқувчиларнинг банд¬лиги таъминланди; пуллик таълим хизматлари кўрсатиш орқали ўқитувчилар ўз иш жойида қўшимча маблағ топиш имкониятига эга бўлди.
Бюджетдан ташқари маблағ топиш мактабнинг ҳар жиҳатдан ривожланишига хизмат қилади. Бунда мактаб раҳбаридан ижодкорлик, ишбилармонлик, яхши бошқарувчи бўлиш талаб қилинади. Юртимиздаги мавжуд имкониятлар, таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибордан оқилона фойдаланган ҳолда, қўшимча ҳалол маблағ топиш замонавий раҳбар зиммасидаги асосий вазифалардандир.
Нигинабону ШУКУРОВА