Давлат идоралари халқимиз хизматида
Мамлакатимизда давлат органларининг давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги фаолияти тубдан янгиланди. Тадбиркорлар ҳамда фуқаролар учун муҳим бўлган давлат хизматларининг ягона дарча тамойили бўйича босқичма-босқич жорий этилиши бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Натижада, давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сони 80 дан ошди.
Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш тартибининг тўлиқ автоматлаштирилиши рўйхатга олиш учун кетадиган вақтни бир неча кундан 30 дақиқага қисқартирди. Бу аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини бермоқда.
“Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш жисмоний шахслар учун ҳам татбиқ этилиши, ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ мураккаб тартиб-таомилларнинг бекор бўлишига олиб келди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги фармони ва қарорига мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишдек масъулиятли вазифа юклатилди. Бу вазифаларни тўлиқ ва сифатли амалга ошириш учун агентликка бир қатор давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли идоралар мансабдор шахсларига нисбатан қатор таъсир чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди.
Хусусан, давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилиши нуқтаи назаридан текшириш, орган ва ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонунбузилишлар, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо қўллаш кабилар шулар жумласидандир.
Жорий йилнинг 1 август кунига қадар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда жами 13 мингга яқин қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Мазкур қонунбузилишларнинг аксарияти ҳокимлик, кадастр хизматлари, муҳандислик коммуникациялари уланишида, архитектура соҳасидаги қонунбузилишларга тўғри келмоқда. Бу ҳолатлар юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларга 515 та тақдимнома ва 577 та огоҳлантириш хати киритилди ҳамда 223 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун тегишли судларга юборилди.
Киритилган таъсир чоралари натижасида 364 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 41 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ҳамда 185 нафар шахс суд қарорларига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Жорий йилнинг 23 июлида Ўзбекистон Республикасининг “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Қонун асосидаги ўзгаришларга асосан, Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида қонун ҳужжатлари талаблари бузилса, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қарорни қабул қилиш ваколати Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори ва унинг ўринбосарига ҳамда агентлик ҳудудий бошқармаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарига берилди.
Эндиликда давлат хизматларини кўрсатишда арз қилувчидан мурожаатни қабул қилишни рад этиш, давлат хизматлари кўрсатиш чоғида мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини ва муддатларини бузиш, арз қилувчидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг қонуний талабини (топшириғини) бажармаганлик учун мансабдор шахсларга ва хизматчиларга энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинади.
Агар, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, мансабдор шахсларга ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўтказилган мониторинглар шуни кўрсатмоқдаки, қонунбузилишларнинг содир этилишига аввало идоралар масъул ходимларига қўшимча вазифа юклатилгани, турли тадбир ва ишларга жалб этилиши ёки соҳа билан шуғулланиш учун алоҳида масъул ходим бириктирилмаганлиги, ходимларнинг қўнимсизлиги, ходимнинг бажарадиган ишини яхши тушунмаслиги, тегишли қонун ҳужжатларидан тўлиқ хабардор эмаслиги, ўз ишига масъулиятсиз ёндашаётгани сабаб бўлмоқда.
Илҳомжон АБДУСАТТОРОВ,
Давлат хизматлари агентлигининг Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бошқармаси бошлиғи