Устозингни табрикла!
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг топшириғига биноан 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунини кенг нишонлаш мақсадида 25 сентябрдан 2 октябргача “Устозингни табрикла!” эко-ҳафталигини ўтказиш белгиланди. Мазкур тадбир педагог ва ўқувчи-ёшлар иштирокида юртимиздаги барча таълим муассасаларида уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
— Ҳафталикда пойтахт мактабларидан 107 760 нафар ўқувчи иштирок этмоқда, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Суҳроб Қирғизбоев. — “Устоз учун бир кўчат” акциясида 15 мингдан зиёд дарахт кўчатлари ва 23000 дона гул кўчати ўтқазиш, 3125 нафар ўқитувчининг уйига бориб табриклаш кўзланган. Ҳафталикнинг илк кунлари юқори савияда ўтди. “Устозлар боғи” акцияси доирасида гуллар экилиб, мактаб боғлари гулзорга айлантирилди.
Байрам хештеглари
Эко-ҳафталик доирасида ўтказилаётган «Устозимга аталган ниҳол» кўчат ўтқазиш акциясида юртимиздаги мактаб ўқувчилари кутилганидан ҳам фаол иштирок этмоқда. «Устозлар боғи»ни ташкил этиш учун фахрий ўқитувчилар ҳам жалб этилди. «Устоздан боғ қолур» акцияси иштирокчилари мактабга янада файз қўшишди. Ўқувчиларнинг акцияда қатнаша олмаган фахрий ўқитувчи ҳамда мураббийлар хонадонларига бориши эса кўп йиллар педагогика соҳасида хизмат қилган устозлар кўнглини тоғдек кўтарди. Ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган #ustozingni_tabrikla! #pozdrav_svoyego_uchitelya! хештегларининг ижтимоий тармоқларга жойланиши ҳам бу йилги байрамнинг ўзига хос нишонланишини таъминламоқда.
Телеграм каналидаги #ustozingni_tabrikla! хештеги орқали минглаб юртдошларимиз ўз устозларини табрикламоқда. Дил изҳорлари орасида Фарғона вилояти ¡збекистон туманидаги 42-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шоирахон Деҳқонованинг табриги ҳам бор: “Ассалому алайкум, азиз юртдошлар! Мен Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 42-мактабдаги барча ўқитувчиларни ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган устоз ва мураббийларни байрам билан муборакбод этаман. Машаққатли, лекин шарафли касбларида омад ёр бўлсин!”.
Ҳафталик барчага манзур бўлмоқда
— Педагогик жамоамиз билан эко-ҳафталик доирасида бажариладиган ишлар режасини туздик, — дейди пойтахтимиздаги 313-мактаб директори Гулноза Мансурхонова. — Ҳафталикнинг аҳамияти ҳақида ўқувчиларга тушунча берилди. 6—7-синф ўқувчилари ниҳол, 7—8-синфлар эса 850 туп гул кўчати экишди. Бир гуруҳ ўқувчилар ўқитувчилар бошчилигида фахрий устозлар ҳолидан хабар олишди. 7-, 8-, 9-синфлар ўртасида “Устозимга табрик” танлови ўтказилди. 10—11-синф ўқувчилари томонидан устозларга бағишлаб шеърхонлик кечаси ўтказилди.
Фахрийларга эҳтиром
Ҳафталик доирасида Жиззах шаҳридаги 19-мактабда ҳам “Устоз сабоғи, ҳаёт чироғи” деб номланган учрашув ташкил этилди. Учрашувга шу мактабда 14 йил раҳбарлик қилган Ўткир Маҳмудов ва бошқа устозлар таклиф этилди. — Устозларни қадрлаш барчамизнинг бурчимиз, — дейди 19-мактаб директори Туробжон Йўлдошев. — Айни пайтда мактабимизда 3331 ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 178 нафар ўқитувчи сабоқ беради.
“Устозингни табрикла” эко-ҳафталиги давомида бир-биридан қизиқарли ва ранг-баранг тадбирлар уюштирилмоқда. Ўқувчи-ёшлар “Устозимга аталган ниҳол” акцияси доирасида мактаб ҳудудидаги дарахтларга ишлов берди. “Устоздан боғ қолур” шиори остида кўчат ўтқазилди. Бу каби тадбирларнинг барчаси ўқувчилар қалбида устозлар меҳнатини қадрлаш, уларга ҳурмат-иззатда бўлиш туйғуларини кучайтиради.
Учрашувлар ўтказилмоқда
Эко-ҳафталик доирасида Самарқанд вилоятидаги таълим муассасаларида ҳам тадбирлар ўтказилмоқда.
— Фахрий устоз ва мураббийлар Каттақўрғон шаҳридаги жами 17 та мактабдаги байрам тадбирларига таклиф этилиб, учрашувлар ўтказилмоқда, — дейди Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлими мудири Муҳайё Носирова. — «Устозлар боғи»ни ташкил этиш учун ўқувчилар орасида «Устозимга аталган ниҳол» ва фахрий ўқитувчилар орасида «Устоздан боғ қолур» мавзуларида кўчат ўтқазиш акциялари ташкил этилмоқда. ¡қувчи-ёшлар устозлари ҳамроҳлигида фахрий ўқитувчилар ва мураббийлар хонадонига бориб, уларни байрам билан қутламоқда. Шаҳардаги 14-мактабда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳамротош Шодиева иштирокида тадбир ташкил этилди.
“Қадрли инсоним!”
Сардоба туманидаги 18-мактабда ҳам «Устозлар боғи» ташкил этилди. “Устозимга аталган ниҳол” акцияси доирасида 5—11-синф ўқувчилари 200 туп анор кўчати экишди. Мактаб фойесидаги “Устозлар, сизга таъзим” кўргазмасидан ўғил-қизлар томонидан тайёрланган буклет, реферат, расмлар, деворий газеталар жой олди. Мазкур кўргазмада 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил-қизлар иштирок этиб, устозларга аталган дил сўзларини зар варақаларга муҳрлашди. Сариосиё туманининг Чанглоқ қишлоғидаги 39-мактаб тоғли ҳудудда жойлашган. 2009 йилда замонавий таъмирланган муассаса эко-ҳафталик муносабати билан янада кўркамлашди. 142 ўқувчи ва 22 нафар ўқитувчи ўз қўли билан биттадан ниҳол экди. Мактаб боғи мевали дарахт ва мавсумий гуллар билан ўзгача чирой очди.
Янгиариқ туманидаги 38-мактабнинг юқори синф ўқувчилари томонидан “Устозлар эҳтиромда” номли тадбир ўтказилди. Байрам кечасига фахрий устозлар таклиф этилди. Бошланғич синф ўқувчилари устозлари бошчилигида “Энг азиз, энг қадрли инсоним!” шиори остида фахрий устозлар хонадонига бориб, эҳтиром кўрсатишмоқда.
“Ўзимни энг бахтли ҳис этдим”
Тошкент туманидаги 16-мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Саида Ҳошимова шогирдлари билан биринчи устози Мастура Турғунованинг хонадонига борди.
— Дилимда устозимга уйғонган хавас сабаб шундай шарафли касбга меҳр қўйгандим. Орзуларим ушалиб, бугун ўзим ҳам бошланғич синф ўқитувчисиман. Байрам арафасида ўқувчиларим билан биринчи муаллимимни қутлаш учун хонадонига бордим. Бундан у киши беҳад хурсанд бўлиб, қувончдан кўзларига ёш келди: “Гоҳида кичик эътибор ҳам инсонни руҳлантириб юборади, — дейди у. — Бугун сизларни хонадонимда кўриб, ўзимни дунёдаги энг бахтли инсон ҳис қилдим”.
Мухбирларимиз