Мактабда Чингиз Айтматов бюсти ўрнатилди
Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида Чингиз Айтматов бюсти ўрнатилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари, Республика қирғиз миллий маданий маркази, Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари, шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди, деб хабар берди www.uza.uz сайти.
Чингиз Айтматов – асарлари 180 дан ортиқ тилга минг мартадан зиёд таржима қилинган жаҳонга машҳур буюк адиб, айниқса, минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият юритган улкан ижодкор экани таъкидланди. Президентимизнинг жорий йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида“ги қарори халқларимиз ўртасида яхши қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, адабиёт, маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида қайд этилди.
Дарҳақиқат, атоқли адиб нафақат қирғиз элининг, балки ўзбек халқининг ҳам севимли ижодкори эди. Унинг “Юзма-юз”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Сомон йўли”, “Алвидо, эй Гулсари”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Оқ кема”, “Қиёмат”, “Жамила”, “Асрга татигулик кун” каби асарлари ўзбек китобхонлари қалбидан чуқур жой олган.
Тадбирда мактаб ўқувчилари билан ижодий учрашув ўтказилиб, Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижоди, дурдона асарлари, ўзбек халқи ва адабиётига бўлган самимий ва дўстона муносабати тўғрисида фикр юритилди.
380 нафардан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олаётган ушбу мактаб кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Чингиз Айтматов, шунингдек, ўзбек адиблари қаламига мансуб 100 та китоб совға қилинди.
Тадбир доирасида ташкил этилган мусиқий дастур меҳмонлар ва 800 нафардан зиёд қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилаётган Қирғизовул маҳалласи аҳолисига байрамона кайфият бағишлади.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.