Гид-дастур — сайёҳлар учун қулайлик
Жаҳонда гўзал юртимизнинг ошуфтаси кўп. Шу боис бу муқаддас заминни ўз кўзи билан кўриш, тарихи, маданиятидан баҳраманд бўлиш, азиз қадамжоларини зиёрат қилиш истагида ҳар йили миллионлаб сайёҳлар мамлакатимизга ташриф буюради. Улар учун қулайликлар яратиш, оғирини енгил қилиш, туризм соҳасини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Бу борада қисқа вақт ичида ўнлаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан хабардормиз. Президентимизнинг шу йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 2018 йил 10 февралдан бошлаб Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажларининг аъзолари учун мамлакатимиз ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгилангани, жаҳоннинг 39 мамлакати фуқаролари учун туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилингани диққатга сазовор. Бу, ўз навбатида, юртимизга туристлар оқи¬мининг ортишига хизмат қилади.
Айни пайтда ушбу ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда олий таълим муассасаларининг етакчи мутахассислари томонидан туризм соҳасини ривожлантириш, сайёҳлар учун илмий-амалий асосларга эга, замонавий қулайликлар яратиш бўйича қатор илмий изланишлар олиб бориляпти. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали «Дастурий инжиниринг» кафедраси ассистенти Ислом Маматов туризм ривожланган бир қанча давлатларнинг айни соҳадаги тажрибаларини ўрганиб, ахборот-коммуникация технологиялари асосида юртимиз меҳмонлари учун қулайлик яратишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
— Ҳар қандай сайёҳ, аввало, нотаниш мамлакатда қийинчиликларсиз, ўзи учун мақбул йўлни танлаб, мазмунли саёҳат қилишни истайди, — дейди Ислом Маматов. — Бунинг учун шу мамлакатда у учун етарлича хавфсиз муҳит ва шароит яратилган бўлиши айни муддао. Туризм тараққий этган давлатларда сайёҳлик ресурсларини (шу жумладан, объектларини) ло¬йиҳалаштириш, яратиш ва улардан фойдаланишда географик ахборот технологиялари фаол равишда татбиқ қилинган. Бундай пайтда сайёҳларни қоғоздаги типографик харита қониқтирмайди. Шу боис уларнинг талабини тўла қондириш учун ахборот тизимларида ҳудуд тўғрисидаги географик маълумотлар ва навигация воситаларидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиққан ҳолда Жанубий Кореянинг Миллий тадқиқот фонди (National Research Foundation) ҳомийлигида, Ўзбекистон Республикасида туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд минтақавий бўлими билан ҳамкорликда Самарқандда «SamaPP» гид-дастурини яратдик. Жараёнда жанубий кореялик мутахассис Жеонг Жун Ли яқиндан кўмак берди. Ушбу гид-дастур сайёҳнинг ўзи учун нотаниш шаҳарда мустақил ҳаракатланишида муҳим аҳамиятга эга.
Бундай гид-дастурлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида яратилган. Ўз навбатида, жаҳон аҳли эътирофига сазовор бўлган Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва бошқа шаҳарларда ҳам ушбу дастурнинг жорий қилиниши соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга. «SamaPP» гид-дастурининг биринчи версияси «Андроид» операцион тизимида ишлайдиган қурилмалар учун мўлжалланган. Бунга сабаб, андроид смартфон ва планшетларда фойдаланувчининг айни пайтдаги жойини аниқлаш ва уни навбатдаги манзилига йўналтириш учун GPS-қабул қилгич, компас ва бош¬қа техник имкониятлар мавжуд. Бундан ташқари, бу қурилмани сайёҳ доимо ўзи билан бирга олиб юриши мумкин. Шаҳарга янги келган сайёҳ учун интернетга уланиш ортиқча ташвиш туғдиради. Айни пайтда уни шундай муаммодан халос қилиш учун гид-дастур интернетга уланмаган ҳолатда ҳам фаол ишлайди. Фойдаланишни хоҳлаган сайёҳ «SamaPP»ни Ўзбекистон Республикасида туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд минтақавий бўлимининг веб-сайтидан ёки Google Play электрон дўконидан (www.play.google.com) ўз мобиль қурилмасига бепул юклаб олиши мумкин.
«SamaPP» мобиль иловасидан турист саёҳат режасини ишлаб чиқиш, айни пайтда турган жойидан кейинги манзилига йўл топиш ҳамда шаҳарда жойлашган зиёратгоҳлар, овқатланиш шохобчалари, меҳмонхоналар ва савдо мажмуалари ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлади.
— Самарқандга саёҳат учун келган хорижлик меҳмон ушбу дастур ёрдамида ўз саёҳат режасини тузиб олиши мумкин, — дейди Ислом Маматов. — У дастлаб «Самарқандга неча кунга келдингиз?» деган саволга жавоб беради. Шундан сўнг унга ҳар бир кун учун мўлжалланган саёҳлик курслари рўйхати тақдим этилади. Сайёҳ ушбу рўйхатдан ўзи хоҳлаган курсни танлаб, саёҳат режасини шакллантириб олади. Экранда шаҳар харитасининг тасвири пайдо бўлиб, унда саёҳат йўналиши ташриф пунктларининг тартиб рақамлари билан белгиланган ҳолда кўрсатилади. Менюнинг тегишли бандини танлаб, сайёҳ ушбу тасвир орқали ҳар бир ташриф пунктига тааллуқли батафсил маълумотларни (пиёда ёки машинада борилганда қанча вақт сарф бўлиши, унгача масофа қанча ва бошқаларни) кўриб олиши мумкин.
Ислом Маматовнинг ушбу гид-дастури амалиётга жорий этилганига кўп вақт бўлмади. Аммо ундан айни пайтга қадар 1500 нафардан ортиқ хорижлик меҳмонлар фойдаланишга улгурди.
— Бетакрор тарихий обидаларга, гўзалликка бой маскан — Самарқандга аввал ҳам бир неча бор келганман, — дейди жанубий кореялик сайёҳ Сан Мён Гим. — Очиғи, бошқа мамлакатлардаги каби сайёҳлар учун қўшимча қулайликларнинг камлиги боис йўлбошловчи ҳамроҳлигида саёҳат қилишга мажбур бўлганман. «SamaPP» гид-дастури эса бундай эҳтиёжга зарурат қолдирмади. Ватандошларимиз билан Самарқандни мустақил айланиб томоша қиляпмиз.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири