Тренер-ўқитувчиларни тайёрлаш янги босқичда
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, юртимизнинг етакчи давлатлар билан олиб бораётган самарали ҳамкорлигини барқарор давом эттиришда хорижий тилларни чуқур ўрганиб, равон сўзлашиш малакасини пухта ўзлаштирган иқтидорли ёшларнинг ҳиссаси муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, юртимизда чет тилини сифатли ўқитишга қаратилган юксак эътибор ва ғамхўрлик жаҳон талабларига мос, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис кадрларни тайёрлашга хизмат қилишини таъкидлаш жоиз. Айниқса, Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги интилиш ва саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим муассасаларининг чет тиллар ўқитувчилари малакасини ва касб маҳоратини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган чет тили ўқитувчиларининг касбий маҳоратини ошириш асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилган. Шу мақсадда жорий йилнинг январь-февраль ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чет тили ўқитувчилари орасидан энг тажрибалилар сараланиб, Абдулла Авлоний номидаги ХТХҚТМОМ институтида тренер-ўқитувчи этиб тайёрланди. Март ойидан бошлаб улар ёрдамида туман(шаҳар)лардаги таянч мактаблар негизида умумтаълим муассасалари чет тили ўқитувчиларининг касбий маҳоратини доимий ошириб бориш бўйича ҳар ҳафталик курслар ташкил этилди. Тўрт ой давомида тренер-ўқитувчилар ўзларига бириктирилган таянч мактабларда машғулот олиб бориб, ҳамкасбларининг билим ва маҳоратини ошириш бўйича муайян ижобий натижага эришдилар.
17 август куни Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида тренер-ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича мақсадли курсларнинг иккинчи босқичи очилишига бағишланган ялпи йиғилиш ўтказилди. Тадбирда иштирок этган Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети мутасадди вакиллари ва бошқалар тренер-ўқитувчиларнинг олиб борган фаолиятини атрофлича таҳлил қилиб, келгусида бу борада белгиланган режалар хусусида сўз юритдилар.
Айни пайтда мақсадли курснинг биринчи навбатида Жиззах, Наманган, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан сараланган 432 нафар чет тили ўқитувчиси иштирок этаяпти. Машғулотларни самарали ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, иштирокчилар ўқув дастури ва тарқатма материаллар билан таъминланди.
— Август ойидаги машғулот материалларида асосан тренер-ўқитувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини ривожлантиришга, хусусан, соҳага доир мақолаларни ўқиш орқали касбий компетенцияни ривожлантириш йўллари, микродарс(микротренинг)ларни ташкил этиш, ўтказиш ва таҳлил қилишнинг самарали усуллари ҳамда машғулотларни якунлаш ва фикрни жамлаш техникаси каби жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратилган, — дейди тренерларни тайёрлаш мақсадли курслари тренери Саида Эргашева. — Ўқув курслари режаси ва дастури ўқитувчиларнинг малака даражаси, касбий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Тренер-ўқитувчилар ҳудудларга борганда ўзлари сингари билим даражасига эга ҳамкасбларига маърузалар ўқиши инобатга олиниб, машғулотларда замонавий педагогик технология ва ўқув жиҳозларидан фойдаланилаяпти.
— Мақсадли курсларнинг биринчи босқичида ҳам қатнашган эдим. Бу ерда олган билим, кўникма ва малакаларимни ўзимга бириктирилган таянч мактабдаги ҳамкасбларим билан ўртоқлашдим. Тўрт ой давомида ўқитувчиларга машғулот олиб бориш билан ўқувчиларга дарс ўтиш орасида сезиларли тафовутлар борлигини, ўзимдаги айрим камчиликларни пайқадим, — дейди Чуст туманидаги 49-ИДУМ ўқитувчиси Муаззам Нуриддинова. — Шу боис бу гал чет тили дарсларига доир янги методларни яратиб, амалиётга татбиқ қилиш усулларини ўрганиш билан бирга, мавжуд камчиликларимни тўғрилаш йўллари хусусида ҳамкасбларим билан фикр алмашаяпман. Бу галги машғулотларда ўрганганларимни эса шахсий тажрибаларим билан бойитиб, ўз ҳудудимдаги ҳамкасбларимга етказаман .
Бугун тренерларни тайёрлаш бўйича мазкур мақсадли курсларда қатнашган тингловчилар синовдан ўтказилиб, энг муносиб деб топилганларга тренерлик гувоҳномалари берилади. Ўз навбатида, тренер-ўқитувчилар ту¬ман(шаҳар)ларда ташкил этилган 639та таянч мактабда 2 сентябрдан бошлаб машғулотларни олиб борадилар.
Мақсадли курсларнинг иккинчи навбати 20-22 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда қолган етти ҳудуддан 396 нафар тренер-ўқитувчи малака ошириб, машғулотларни самарали ўтказиш бўйича қўшимча билим ва кўникмага эга бўлади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
“Ma’rifat” мухбири