Шарт-шароит, имконият бир хил
ёхуд нега ота-оналар фарзандини ўз ҳудудидаги эмас, бошқа мактабга беришни хоҳлаётгани сабаблари хусусида
Айни кунда фарзанди мактаб ёшига етган ота-оналар ўғли ёки қизини таълим муассасасига жойлаш тараддудида. Ҳамма ҳам дилбанди келажакда билимли инсон бўлиб улғайишини хоҳлайди. Шу боис “яхши мактаб”, “яхши муаллим” қидирганлар кўп. “Яхши мактаб”ларда эса ўқувчи қабули чекланган. Фарзандингизни ўша мактабга олиб борганингиз билан ҳужжатларини қабул қилишмайди.
...Хўш, аслида ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш тартиби қандай? Ота-оналар фарзандини ўзи хоҳлаган мактабда ўқитишга ҳақлими? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги мутахассисларига мурожаат қилдик.
— Ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш тартибига кўра, аввало мактаб микроҳудудида яшовчи фуқароларнинг фарзандлари қабул қилинади, — дейди Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасалари бошқармаси бошлиғи Саидаҳрор Сейткамолов. — Ҳар бир ота-она ўғли ёки қизини ўзига яқин ҳудудда жойлашган мактабга бериши белгилаб қўйилган. Шунинг¬дек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сонли қарорининг 1-иловаси 5-бобида умумтаълим муассасаларининг 1-синфига 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилиниши белгиланди. Тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади.
Пойтахтдаги кузатувларимиз давомида айрим мактабларда ўқувчи сони белгиланганидан кескин ошиб кетганига, баъзиларида эса мавжуд ўринларнинг тўлмай қолганига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, Тошкент шаҳридаги 286 та мактабнинг 45 тасида ўқувчи сони меъёрдан ортиқ. Сабабини ўрганганимизда, аксарият ота-оналар ўз ҳудудида мактаб бўлса-да, фарзандини бошқа ҳудуддаги таълим муассасасига берган.
Нега ота-она уйига яқин масофада жойлашган қулай таълим муассасасини эмас, яшаш манзилидан узоқдаги мактабни танлаяпти?
— Мамлакатимиздаги барча умумтаълим муассасаларида ягона ДТС, ўқув дастури ва дарсликлар асосида таълим-тарбия берилади. Ўқитувчиларнинг билим савияси ва касбий лаёқати ҳам белгиланган талабга жавоб беради, — дейди Саидаҳрор Сейткамолов. — Шу боис ота-оналар фарзандини ўз микроҳудудидаги мактабда ўқитиши тўғри бўлади. Акс ҳолда айрим мактабларда ўқувчи сони меъёридан ортиб кетади. Бу эса ўқитиш сифатига салбий таъсир кўрсатади. Муаллим болаларга бор имкониятлари даражасида билим беролмайди. Негадир ота-оналар шу жиҳатларни эътиборга олишмайди.
Олмазор туманидаги 243-мактабда ҳам ўқувчи сони меъёрдан ортиқ. Мактаб ички ҳолати билан танишганимизда, синфхоналар озода, чиройли эканига гувоҳ бўлдик. Ҳар бир синф¬да 40 дан ошиқ ўқувчи таълим олади. 1104 ўринга мўлжалланган мактабда 2944 ўқувчи (мактаб раҳбарининг маълумоти) таҳсил оляпти. Парталар доска турган жойдан бошланиб, синф орқа деворигача тақаб қўйилган. Бундай вазиятда ўқитувчи дарс ўтишга, ўқувчи эса мавзуни ўзлаштиришга қийналиши мумкин.
— Микроҳудуд бўйича фарзандим тумандаги 46-мактабда ўқиши керак, — дейди Назокат Исажонова. — Аммо 243-мактаб нисбатан нуфузли бўлгани учун тўнғичимни шу муассасага берганман. 8-синфни битирди. Таълим муассасасининг моддий-техник базаси бой, лаборатория хоналари, фан кабинетлари замонавий воситалар билан жиҳозланган. Лекин шу йиллар давомида ўғлимнинг ўқишини кузатиб, ўқувчи сонининг кўплиги дарс жараёнига салбий таъсир қилишига амин бўлдим. Масалан, фан кабинетларига ўқувчиларнинг сиғмаслиги, дарслар тўрт сменада (8:00, 11:30, 13:30, 14:10) ташкил қилинса-да, синфхоналар етишмай қолиши ўқувчилар ўзлаштиришига халақит бермоқда. Информатика хонасидаги компьютерлар ўқувчилар сонига мос эмас. Уларни баҳолаш ҳам муаммо. Фарзандим бир ҳафтада бир марта баҳо олаётганидан таажжубланиб, синф раҳбари билан боғландим. Маълум бўлишича, фан ўқитувчилари синфдаги 46 нафар боланинг дафтарини текшириб чиқишга улгурмас экан. Табиийки, ўқитувчи ҳар бир ўқувчининг ўзлаштириши, иқтидори, кайфияти, тарбияси билан бир хилда шуғуллана олмайди. Шу омилларни ҳисобга олиб, иккинчи фарзандимни 46-мактабга бердим. Бу ерда ўқувчи сони меъёрида. Ҳар йили иккитадан синф очилади. Қизим 1-синфни тамомлади. Синф¬да 32 нафар ўқувчи бор. Синф раҳбари дарсдан сўнг бир кун математикадан яхши ўзлаштиролмаётган, эртасига ёзуви хунук, бош¬қа куни ўқиши суст ўқувчи билан индивидуал тарзда, бепул шуғулланади. Ўқувчида руҳий ўзгаришлар кузатилса, дарров мактаб психологи кўмакка келади. Лозим бўлса, ўқувчининг уйига бориб, ота-онаси билан суҳбатлашади.
Онанинг таъкидига таяниб айтадиган бўлсак, ота-оналарнинг янглиш танлови, яъни кўпчиликнинг бир муассасага йўналиши баъзи мактаблар фаолиятини қийинлаштирмоқда.
— Биз вазиятни тўғри тушунтириб, ҳудудимиздан ташқаридаги болаларни олмаймиз, десак, ота-оналар “оёқ тираб” туриб олишади. Бундай вазиятда мактаб имкониятини ҳам инобатга олиш керак. Аввало, ўқувчиларнинг яшаш манзили, мактабга яқинлигига аҳамият қаратамиз, — дейди 243-мактаб директори Гав¬ҳар Зуҳурова.
Бугун одамларнинг яшаш шароити, эҳтиёж ва имкониятлари ўсиб боряпти. Табиийки, илм олишга бўлган талаб ҳам ўзгарди. Ота-она фарзанди ўқиётган таълим муассасасининг шарт-шароити, имкониятлари, ўқитувчиларнинг касб маҳорати, моддий-техник базанинг ҳолати билан қизиқади. Юқорида таъкидлаганимиздек, барча мактабларда ягона ДТС, дарслик ва ўқув қўлланмалар асосида дарс берилади. Лекин нима учун улардаги таълим сифати даражаси бир хил эмас? Бу савол юзасидан ота-оналар фикри билан қизиққанимизда, аксарияти таълим сифати ўқитувчи салоҳиятига боғлиқ, дея жавоб берди. Аслида ҳам шундай. Яхши ўқитувчи синфдаги 30 ўқувчини билимли қилиб тарбиялайди. Ёмон ўқитувчи эса, аксинча, шунча ўқувчининг чаласавод бўлиб қолишига сабаб бўлади. Аслида, уларнинг иккиси ҳам тенг шароитлар асосида меҳнат қилади, ойлик маоши ҳам бир хил. Виждон, масъулият масаласи эса...
Агар ҳар бир мактабда малакали кадрлар фаолият юритса, таълим сифати ҳам юқори бўларди. Ота-оналарнинг ҳам фарзандини уйидан олисда жойлашган мактабга олиб боришига ҳожат қолмасди.
Яшнобод туманидаги 255-мактаб 1050 ўринга мўлжалланган бўлса-да, атиги 732 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўқувчи сонини ошириш юзасидан қандай чора-тадбирлар кўриляпти, деган савол билан мактаб директори вазифасини бажарувчи Дилором Жўраевага юзландик.
— Чора-тадбир кўришдан олдин, ушбу вазиятнинг сабаблари билан қизиқдик. Микроҳудудимизга 30 та кўпқаватли уй ва бир нечта маҳалла бириктирилган. Ёзги таътил бошланиши билан бирма-бир хонадонларга кириб, фарзандлари қайси мактабда ўқиётганини ва нега у мактабни танлаганини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказдик. Микроҳудудимиздаги болаларнинг кўпчилиги 282-, 61-мактабларда таҳсил олаётган экан. Сабаби, бу мактабларда таълим рус тилида олиб бориладиган синф¬лар бор, бизнинг мактабда эса таълим фақат ўзбек тилида олиб борилади. Ҳудудимиздаги 146 нафар 1-синф ёшидаги боланинг 72 нафари рус, корейс миллатига мансуб. Шуларни ҳисобга олиб, муассасамизда янги ўқув йилидан таълим рус тилида олиб бориладиган синф очишни режалаштирдик. Ўқувчиларнинг иқтидори, салоҳиятига қараб, фанларни чуқурлаштириб ўргатишни йўлга қўяяпмиз. Масалан, дарс жадвалига хитой тили дарсини киритмоқчимиз. Дарсдан ташқари тўгараклар фаолиятини ривожлантиришга ҳам катта аҳамият қаратяпмиз. Бизга яқин жойлашган 61-мактабда (таълим рус тилида олиб борилади) ҳам бошланғич ўзбек синфлари ташкил этилган. Аммо юқори синф¬ларда таълим ўзбек тилида олиб борилмайди. Янги ўқув йилидан 4-синф битирувчиларини мактабимизга жалб қилиш чора-тадбирларини кўрдик. Ота-оналар билан учрашиб, барчасини мактабимизга ўтказишга келишиб олдик.
Ана шундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сонли қарорига кўра, тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмаслиги, туман(шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида умумтаълим муассасаси педагог ходимлари томонидан мактаб ёшидаги болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали умумий ўрта таълимга қамраб олиш белгилаб қўйилди.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири