Энг яхши электрон ахборот-таълим ресурслари сараланди
Дарсларни аудио, видео, анимацияларга бой мультимедиали материаллар, ахборот-коммуникация воситалари ёрдамида ўтиш ўқувчиларнинг қизиқишини оширади. Шу мақсадда республикамизда электрон дарсликлар ва ресурслар ишлаб чиқиш, уларни таълим жараёнига татбиқ этишга катта эътибор берилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 сентябрдаги “Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2042-сонли қарори ижроси доирасида Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари ўртасида “Энг яхши электрон ахборот-таълим ресурслари” республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Электрон ахборот-таълим ресурси (ЭАТР) замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мустақил таълим олишнинг самарали усулларини қўллаш орқали ўқув материаллари ва илмий маълумотларни чуқур ўзлаштиришга мўлжалланган манбадир. У ўқувчиларда мустақил таълим олиш, ижодий фикрлаш малака ва кўникмаларини шакллантиради.
— Кўрик-танловни ўтказишдан мақсад — таълим-тарбия жараёнида АКТни самарали қўллаётган ижодкор ўқитувчилар ва дастурлаш бўйича иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантиришдан иборат, — дейди Республика таълим маркази мутахассиси Баҳодир Болтаев. — Кўрик-танловга умумтаълим, ихтисослаштирилган ва махсус таълим муассасалари учун ўқув фанларини ўқитиш ва ўрганиш бўйича ЭАТРлар, таълим-тарбия жараёнида АКТ ёрдамида фойдаланишга мўлжалланган дастурлар қабул қилинди. Тақдим этилган ишларни баҳолашда ғоянинг долзарблиги, тарбиявий аҳамияти, қулай, содда, аниқ ва ёш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилгани, ранг¬ларнинг психологик хусусиятлари каби ўндан ортиқ дидактик хусусиятлари, амалдаги дастурлар мазмунига мослиги, қулайлиги, сифати ва бехатолик даражаси каби техник талаблар эътиборга олинди.
Танловнинг республика босқичи Урганч шаҳрида бўлиб ўтди. Икки йўналиш бўйича тақдим этилган 28 та иш ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди.
Биринчи йўналишда Ғиждувон туманидаги 10-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Диёрбек Толибоев биринчи, Сергели туманидаги 300-ИДУМнинг 9-синф ўқувчиси Шоҳруҳхон Рустамхонов иккинчи, Фарғона шаҳридаги 40-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Дилёрбек Абдухалилов учинчи ўринни эгаллади. Иккинчи, яъни умумтаълим, ихтисослаштирилган ва махсус таълим муассасалари ўқитувчилари йўналишида эса биринчи ўрин Қорақалпоғистон Республикасидаги 11-ИДУМнинг информатика фани ўқитувчиси Абай Сапарниёзовга, иккинчи ўрин Косонсой туманидаги 13-мактабнинг математика фани ўқитувчиси Раҳимжон Фозиловга, учинчи ўрин Хонқа туманидаги 7-мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Талъат Илёсовга насиб этди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди ҳамда уларнинг иши республика бўйича оммалаштиришга тавсия этилди.
Х.АБДУРАҲМОНОВ,
“Ma’rifat” мухбири