Ўқувчи ўқитувчисига ҳавас қилса...
билимларни ўзлаштиришдаги мураккабликларни осон енгади
Бошланғич синф ўқувчиси Феруза Жумабоевани ота-онасининг истагига кўра немис тили гуруҳидан инглиз тили гуруҳига ўтказишди. Инглиз тили ўқитувчиси янги ўқувчи билан ҳар қанча ишламасин, дарсларни ўзлаштиришда кутилган натижага қийинчилик билан эришарди. Орадан кўп ўтмай, Ферузанинг онаси Муқаддам опа қизини аввалги гуруҳга қайтаришларини сўраб мактаб раҳбариятига мурожаат қилди. Яхши кўрган фанидан, устозидан бир муддат узоқлашган ўқувчи яна зўр иштиёқ билан дарсларга шўнғиб кетди.
Немис тили фани ўқитувчиси Феруза Мавлонова 3-синфдаги энг аълочи ўқувчиларидан бири ўз синфига қайтганидан жуда қувонди. Аслида, ўқувчининг билим олиш иштиёқида устозига интилиши, дарсларида фаол бўлишга ҳаракат қилиши ўқитувчи учун улкан ютуқ саналади. Шогирдлар ҳурматига, касбий муваффақиятга эришиш учун эса педагогдан кўп меҳнат ва изланиш талаб қилинади.
— Мактабимизда 500 нафардан ортиқ ўқувчига 40 нафар тажрибали педагог таълим-тарбия беради, — дейди Боғот туманидаги 2-умумтаълим мактаби директори Шуҳрат Шарипов. — Ўқитувчиларимиз дарсларда кўргазмали қуроллар, лаборатория жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланади. Феруза Мавлонова педагогик технологияларга ижодий ёндашган ҳолда мавзуларга мослаш маҳоратини пухта эгаллагани, у яратган педагогик технологиялар туманимиз миқёсида оммалашаётгани бизни янада қувонтиради.
Устоз нутқининг равонлиги дарс мазмунини ва қизиқарлилигини оширадиган, ўқувчиларнинг диққатини жамлайдиган асосий восита саналади. Бу жиҳат, айниқса, чет тили фани ўқитувчиларига жуда зарур.
— Университетда ўқитувчиларимиз шундай уқтиришган, — дейди Феруза Мавлонова, — “Чет тилини кимгадир ўргатиш бўйича масъулиятни гарданингга олдингми, аввало, сен унга қай даражада билимга эга эканлигингни — бошқа тилда ҳам мукаммал гапира олишингни кўрсатишинг лозим. Шогирдда ўзига нисбатан ҳавас ва ишонч уйғота олган педагоггина кўзлаган натижаларга эришади”. Саккиз йиллик меҳнат фаолиятимда шу ўгитга амал қилиб келаяпман. Дарсларда имкон қадар кўпроқ немис тилида гапиришга ҳаракат қиламан. Хоразмда диққатга сазовор тарихий ёдгорликлар жуда кўп, ҳар йили уларни томоша қилиш учун минг-минглаб сайёҳлар келишади. Тарихий ёдгорликларимизга саёҳат тарзида ўтказиладиган дарсларимизда Германия, Австрия, Швеция каби давлатлардан келган немис тилида сўзлашувчи меҳмонларни ҳам учратамиз. Ўша пайтларда ўқувчилар меҳмонларга буюк боболаримизнинг ҳаёти ва ижоди, бетакрор обидаларимизнинг бунёд этилишига оид тарихий маълумотларни гапириб беришга ҳаракат қилади. Баъзи ўринларда қийинчиликка дуч келишса, ўзим ёрдамлашиб юбораман. Ўқувчиларнинг тилни тезроқ ўрганишида жонли дарсларнинг самараси ниҳоятда катта.
Ҳа, чет тили таълим самарадорлигини оширишда ўқитувчиларнинг жонбозлиги, изланувчанлиги ўта муҳим. Феруза Мавлонова бу борадаги шахсий тажрибалари билан ўртоқлашади:
— Бошланғич синфларга тил ўргатишда асосан ҳаракатли ўйинлардан, кўргазмали-тарқатма материаллардан, қисқа муддатли слайдлардан фойдаланаман. Дарсда оддий бўлса-да турли педагогик технологияларни қўллашга, имкон қадар уларни ўзим ишлаб чиқишга ҳаракат қиламан. Ранг-барангликни таъминлаш мақсадида бир методни ҳафта давомида бошқа қўлламайман.
Ўқитувчи 3-синфлар учун ишлаб чиққан “Самолёт” методи алоҳида аҳамиятга молик. Унга кўра, ўқувчилар уч гуруҳга ажралиб, рангли қоғоздан биттадан самолёт ясашади. Ўқитувчининг ишорасидан сўнг биринчи гуруҳ иккинчи гуруҳга, иккинчи гуруҳ учинчи гуруҳга, учинчи гуруҳ эса биринчи гуруҳга самолётини учиради. Улар алмашинилгач, қанотларига янги ўрганилган немисча сўзлардан бири ҳуснихат билан ёзилади. Сўнг самолётлар яна алмашиниб, жараён давом этади. Ўйиннинг асосий шартларидан бири самолёт қанотига бир сўз такрор ёзилмайди. Натижада беллашув иштирокчилари рақиб жамоа ёзган сўзларни ўқиб кўради ва уни такрорламаслик мақсадида хотирасидаги янги сўзни жонлантиришга ҳаракат қилади. Болаларнинг ўтилган мавзу юзасидан ёдлаган сўзлари миқдори инобатга олиниб, самолётлар уч-тўрт мартагача парвоз эттирилади. Ўйин якунида улар доскага илиниб, ёзилган сўзлар жўровозда ўқиб чиқилади. Ўйинда фаол қатнашган, ҳуснихати чиройли ўқувчиларга рағбат баллари қўйилади.
Педагогнинг чет тилини ўргатишдаги яна бир тажрибаси шундан иборатки, дарс якунида энг фаол бешта ўқувчини аниқлайди. Уларнинг ҳар бирига совға сифатида бирор буюмнинг тасвири ва немисча номи туширилган карточка тақдим этади. Ўқувчи ке¬йинги дарсда ўз карточкасидаги буюмнинг номини ёдлаб келсагина, уни ўзида сақлаб қолади. Акс ҳолда, “совға”ни устозга қайтариб беради. Ҳар чорак якунланганда ўқувчилар жамғарган карточкалар ҳисоб-китоб қилиниб, энг кўп карточка жамғарган ўқувчи “Немис тили фани бўйича синфнинг энг фаол ўқувчиси” дея эътироф этилади. Ўқитувчининг эътиборига ва эътирофига сазовор бўлган ўқувчи дарсларга янада тиришқоқлик билан тайёрланади. Қолганлар бунга эришиш учун янада кўпроқ ўқишга ҳаракат қилади.
Муаллиманинг таъкидлашича, мактабдаги барча қулайликлар: АКТ, дарслик ва қўлланмалар, кўргазмали ўқув қуролларидан фойдаланишда педагогнинг ижодкорлиги, жонкуярлиги бўлмаса, болани ўзга тил оламига олиб кириб бўлмайди. Ижодкор ўқитувчи эса тавсия этилаётган ёки янги дуч келган педагогик технологияни қайта ишлаши, ўқувчилари имкониятига мослаши, шогирдларининг салоҳиятини баҳолай олиши билан ажралиб туради.
— Ўқувчи бошланғич синфларда қандай таълим-тарбия олса, кейинги босқичларда фанларни ўзлаштириши ҳам шундай бўлади, — дейди Феруза Мавлонова. — Шунинг учун юқори синф ўқувчиларига дарс беришдан аввал уларнинг биринчи ўқитувчиси билан суҳбатлашаман. Ҳар бир ўқувчининг ўзлаштириши, қобилияти, характер хусусияти билан танишиб чиқаман. Бу каби маълумотларга эга бўлиш, ортиқча вақт ва энергияни йўқотмасдан самарадорликка эришишга замин яратади. Бундан ташқари, юқори синф ўқувчилари ўзлари ўрганаётган чет тилида гаплашадиган халқларнинг шаҳарлари, урф-одатлари, иқтисодиётидан хабардор бўлиши керак. Шунинг учун уларга аниқ рақамлар асосида гапириб, фотосуратлар, видеороликлар ҳавола қиламан. Мавзуларга доир қўшимча материалларни интернет тармоғидан оламан.
Баъзи содда кўринишдаги педагогик технологияларни юқори синфларга мослаб, топшириқларни бироз мураккаблаштириб қўллаш мумкин. Муаллиманинг таъкидлашича, “Дўстимдан эшитдим” методидан фойдаланиш учун ортиқча буюмлар, жиҳозлар керак бўлмайди. Ўқувчининг тасаввурини, хорижий тилдаги нутқий салоҳиятини оширишга кўмаклашувчи бу усулдан фойдаланиш тартиби қуйидагича: икки ўқувчи бир фурсат синфхонадан ташқарига чиқарилади ва қолган ўқувчиларга қисқа, мавзуга доир (масалан, дунёнинг диққатга сазовор масканларидан бири ҳақида) видеоролик намойиш этилади. Сўнг ташқаридаги ўқувчилардан бири чақирилиб, у синфдошларидан лавҳада нималарни кўрганини сўрайди. Немис тилида маълумот олган ўқувчи таш¬қарида кутиб турган дўстига кўрган ва эшитганлари ҳақида сўзлаб беради. Бу ҳақда тасаввурга эга бўлган иккинчи ўқувчи синфга қайтиб, нималарни тушунган бўлса, ўқитувчига сўзлаб беради. Ўйиннинг қизиқарли жиҳати шундаки, баъзан синфга кирган ўқувчи видеороликда кўрсатилганидан бутунлай фарқ қилувчи маълумотларни гапириб беради. Бундай пайтда синфда дўстона кулги кўтарилади ва биргаликда хулоса чиқарилади. Бунда ноқулай вазият юзага келишига бутун жамоа сабабчи эканлиги, синфдаги ўқувчилар маълумот сўраган дўстига содда, тушунарли тарзда хабар етказиб беролмаганлиги аниқланади. Ўқувчилар кейинги дарсларда янада ҳамфикр, синчков бўлишга ҳаракат қилишади.
— Баъзи синфларда яхши ўқийдиган ўқувчилар бир-бири билан яқин бўлиб, бошқалардан ажралиб юришини кузатамиз, — дейди Феруза Мавлонова. — Бу каби ҳолатлар дарсларни қийин ўзлаштираётган ўқувчиларнинг руҳиятига салбий таъсир этиб, тенгдошларидан сезиларли даражада ортда қола бошлашига сабаб бўлади. Шуни инобатга олиб, энг илғор ўқувчига иккитагача тенгдошини бириктириб қўяман. Улар бир ҳафта давомида билмаганларини биргаликда маслаҳатлашиб, бир-бирига ўргатиб юришади. Кейинги ҳафтада эски таркиб тар¬қатилиб, янги дўстлар жамоасини ташкил қиламан. Бунда ўзаро дўстлик сабаб кутилган натижа кўрсатган жамоа ҳафта якунида аъло баҳолар билан рағбатлантирилади.
Мактабларимизда таълим тизимида олиб бораётган ислоҳотларнинг юқори самарадорлиги таъминланишига ўз ҳиссасини қўшаётган фидойи, изланувчан педагогларни рағбатлантириш, истеъдодини юзага чиқариш масаласи доимий эътиборда. Бу йил Феруза Мавлонова “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб бўлди. Бу ютуқ муаллимни янада иштиёқ билан меҳнат қилишга ундамоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
“Ma’rifat” мухбири