Ўқитувчидан кўнглингиз тўлмаса, дарсларида иштирок этинг!
Умумтаълим ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида юқори давоматга эришиш — долзарб масала. Айни мавзуда “Ma’rifat”нинг 2017 йил 29 ноябрь сонидаги “Сабабсиз дарс қолдираётган ўқувчи фаол таълим жараёнига қайтарилмоқда” номли мақолани ўқиб, биз ҳам фикрларимизни билдиришни лозим топдик. Мактабимизда ўқувчиларнинг давоматини кунлик таҳлил қилиб бориш мақсадида назорат маркази ташкил этилган. Бунда синфлар кесимида ўқувчиларнинг умумий сони, дарс қолдириш сабаби аниқланиб, ота-онаси билан боғланилади (барча ота-оналарнинг телефон рақами “Назорат дафтари”га қайд этилган ва маълумотларнинг электрон банки яратилган). Назорат марказида ўқитувчиларнинг навбатчилиги ташкил этилган. Улар ўқувчининг дарсга нима сабабдан келмаганини аниқлайди, ҚВП ҳамшираси, маҳалла вакиллари билан ҳамкорликда иш юритади. Назорат маркази таклифига биноан ҳар пайшанба куни ҳудудимизга бириктирилган ички ишлар ходими суҳбат ўтказади, доимий дарс қолдирувчилар билан алоҳида иш олиб боради.
Ҳар бир синф эшигида давомат конверти бўлиб, навбатчи ўқувчи ва синф раҳбари биргаликда дарсга халақит бермаган ҳолда давоматни аниқлайди. Натижалар назорат марказида таҳлил этилиб, МФЙга бериб борилади. Мунтазам сабабсиз дарс қолдираётган ўқувчиларнинг оилавий шароити МФЙ раиси, ички ишлар нозири ва синф раҳбари ҳамкорлигида ўрганилади, зарур бўлганда оилаларга бориб, тушунтириш ишлари олиб борилади.
Назорат маркази нафақат мактабга келмаган ўқувчилар, балки ҳафтанинг энг фаол синфини ҳам аниқлаб, назорат ойнасида акс эттириб боради. Ғолиб синф ҳафта охирида эрталабки сафланишда эълон қилиниб, мақтов ёрлиғи билан рағбатлантирилади. Ҳафталик рейтинг бўйича “Энг фаол синф”, “Энг фаол ўқувчи”ларнинг ота-онасига ташаккурнома юборилади.
Ушбу янгиликни жорий қилганимиздан кейин синфлараро ижобий рақобат пайдо бўлди. Ҳозир мактабимизда давомат 97-98 фоизни ташкил этмоқда. Бу усул орқали ҳар бир синф ҳафта фаоли бўлишга интилмоқда. Дарсдан кетиб қолаётган ёки сабабсиз келмаётган ўқувчи ўртоқлари таъсирида фаоллашмоқда. Чунки ҳар бир бола натижаси туфайли синф кўрсаткичига салбий таъсир этмасликни хоҳлайди. Ўқувчилар ўртасида “Етакчи ўқувчи”, “Ораста қиз”, “Энг яхши китобхон”, чорак якунида “Таътил топшириғини энг яхши бажарган ўқувчи” номинациялари бўйича мусобақа ўтказамиз. Бу танлов ҳафта охирида якунланади ва кундаликка мактаб раҳбарининг имзоси билан рағбат ёрлиқлари ёпиштирилади. Натижа кутганимиздан ҳам зиёд бўлмоқда. Рағбатга эга бўлиш учун ўқувчи ҳафта давомида дарс қолдирмасликка, кечикмасликка интилмоқда. Чорак якунида уларнинг суратини фаол¬лар тахтасига чиқарамиз.
Ота-оналар учун ҳам алоҳида номинациялар жорий этганмиз. Барчага ўрнак ва намуна бўлаётган ўқувчиларнинг ота-онаси “Энг намунали ота”, “Энг намунали она” номинация¬лари бўйича рағбатлантирилмоқда.
Синф раҳбари ота-оналарни дарс таҳлилига таклиф этиб, уларга жадвал асосида фарзандининг машғулотлардаги иштирокини кузатишга имконият яратмоқда.
“Таҳлилчи” ўқитувчини ҳам, ўқувчини ҳам ўрганади. Ой якунлангач, ота-оналар йиғилишида камчиликлар биргаликда муҳокама қилинади. Қайси ўқувчи дарсда фаол, кимнинг интизоми талабга жавоб бермаяпти ёки қайси педагог ўқувчиларни дарсга қизиқтира олмаётгани таҳлил қилинади. Ота-оналар фарзандларининг билими ва тарбиясидаги бўшлиқларни ҳам аниқлайди, таклифлар киритади. Бу ҳам ўқувчиларнинг давоматига, ҳам билим олишига ижобий таъсир кўрсатади.
Хадича ҚОСИМОВА,
Анора ҲАЙДАРОВА,
Ёрқиной ҲОШИМБОЕВА,
Балиқчи туманидаги 2-мактаб ўқитувчилари