Дарс қолдирмаганлар тақдирланади
Ички ишлар, прокуратура органлари ходимлари билан аҳоли, халқ таълими муассасалари ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилмоқда. Юртимиз тинчлигини сақлаш, барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни турли ёт ғоялардан асраш учун худди шундай ҳамкорлик талаб қилинади.
Андижон шаҳрида навбатдаги профилактика куни халқ таълими ходимлари билан биргаликда ўтказиладиган бўлди. Мақсад мактаб, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида давоматни ўрганиш, педагог-ходимларга амалий ёрдам кўрсатишдан иборат. Эрталабки йиғилишда ўқитувчи ва мураббийларнинг профилактика тадбирларини ўтказиш учун ота-оналар масъулиятини ошириш, давомат масаласига нечоғлик эътибор қаратаётгани муҳокама қилинди. Профилактика нозирлари шаҳардаги Ўрикзор ва Иқбол маҳаллаларида бўлиб, аҳоли билан мулоқот ўтказди. 2017 йилда ҳудудда жиноятчилик сони 2016 йилдагига нисбатан 6 мартага камайган.
6-умумтаълим мактабида 1 минг 350 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Нозирлар дарс жараёнини кузатиб, фанларни ўзлаштиришда орқада қолаётган, хулқи ўзгараётган ўқувчилар билан суҳбат ўтказди. Уларни фаол ёшларга бириктириб, ижобий натижага эришиш бўйича ўз тавсияларини бердилар.
— Ички ишлар ходимларининг мактабга келиб, давоматни яхшилашга ҳисса қўшаётгани таҳсинга сазовор, — дейди ота-оналардан бири Қумрихон Ашурова. — Бунинг натижасида 6-умумтаълим мактабининг сусткаш ўқувчиларида ижобий ўзгариш сезилмоқда. Истардикки, рейд ва кузатувлар тез-тез ўтказиб турилса, фарзандларимиз фаоллашади, майда ҳуқуқбузарликлар кескин камаяди.
2-умумтаълим мактабининг 10-“Б” синф журналида 39 нафар ўқувчининг исм-фамилияси қайд этилган. Рейд ўтказилаётган куни бу синфда 28 ўқувчи дарс¬да иштирок этаётгани маълум бўлди. Бу масалага мактаб директори Н.Гудова шундай изоҳ берди:
— Тўрт нафар ўқувчи бетоблиги сабабли, дарсда иштирок этолмаяпти, қолганларининг яшаш манзили бизга узоқ бўлгани учун кечикиб келиш ҳолатлари учрайди. Ота-оналари билан маслаҳатлашиб, ўқувчиларни ўзларига яқин ҳудуддаги мактабга кўчириш бўйича келишиб олдик.
Ушбу таълим масканида 4047 нафар ўқувчи таълим олади. Катта жамоанинг муаммолари ҳам оз эмас. Ички ишлар ходимлари мунтазам дарс қолдираётган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан алоҳида суҳбат ўтказиш бўйича мактаб раҳбарияти билан келишиб олди.
— Набирам Холмурод 2-синф¬да ўқийди. Унинг дарс қолдиришига йўл қўймаймиз, — дейди меҳнат фахрийси Аҳмадилло Солиев. — Давомат рейдлари натижасида ўқувчилар нафақат дарсда, балки жамоат ишларида ҳам фаол. Намунали давоматга эришган синфлар ва ўқувчиларга ички ишлар бўлими ҳамда мактаб маъмуриятининг совғалари берилмоқда.
— Профилактика тадбирларида давомат масаласининг кўрилиши таълим масканларида ички муҳитнинг яхшиланишини таъминламоқда, — дейди Андижон шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари Набижон Акрамов. — Рейд натижалари педагогик жамоа, ўқитувчи, ота-она, ўқувчилар ва маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама этилиб, бу масалада эътиборсизликка йўл қўйган шахслар аввал огоҳлантирилади. Агар ҳолат қайта содир этилса, навбатдаги жазо тури қўлланилмоқда. 2018 йил бошидан бери 12 маротаба давомат рейдини ўтказиб, ўсмир ёшлар тарбиясида кузатилаётган салбий ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўрдик.
Орифжон СИДДИҚОВ,
“Ma’rifat” мухбири