Билим кимда бўлса буюклик бўлар
Олмазор туманидаги 146-мактаб Инвестиция дастури асосида капитал реконструкция қилиниб, янгича чирой очди.
Мактабнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган «Ўқув қайда бўлса улуғлик бўлар, билим кимда бўлса буюклик бўлар» деб номланган маънавий-маърифий тадбирда Халқ таълими вазирлиги, Тошкент ШХТББ ҳамда туман ХТБ мутасаддилари, таълим муассасалари ўқитувчи ва методист¬лари, ота-оналар иштирок этди.
— Таълим муассасамиз 2017 йилги Инвестиция дастурига кўра капитал реконструкция қилинди, — дейди мактаб директори Нигора Мирзаева. — Ўтган йилнинг май ойида бошланган таъмирлаш ишлари декабрда ниҳоясига етди. Қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг 868 ўринли мактабимизда ўқувчи қамрови 1080 нафарга етди. Ҳар бир синф хонаси зарур жиҳозлар билан таъминланди. Кимё, биология, физика фан кабинетлари учун алоҳида лаборатория хоналари ташкил этилди.
Мактабдаги таъмирлаш ишларидан сўнг ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилди. Қувонарлиси, болаларнинг соғлом ва баркамол вояга етиши учун замонавий типда қайта таъмирланган спорт зали ва майдони бугун ўқувчилар билан гавжум. Янги мактаб биносида 16 та фан тўгарагига қўшимча тарзда шахмат, шашка, гимнастика тўгараклари ҳамда рус ва инглиз тилидан сабоқ берувчи ўқув маркази ишга тушди.
Таълим масканининг очилиш маросими нафақат мактаб жамоаси ва ўқувчилар, балки ота-оналар учун ҳам катта тантанага айланди. Тадбирда янграган куй ва қўшиқларда юртимиз ёшларига яратилган имкониятлар тараннум этилди. Муассаса биносини замонавий кўринишда қайта таъмирлаган “Хоси замона” МЧЖ қурувчиларига мактаб маъмуриятининг “Ташаккурнома”лари топширилди.
Шаҳло ДИЛЛИЕВА,
пойтахтимиздаги 51-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси