Томдиликлар орзуси ушалмоқда
Томди кенгликларининг файзу таровати, мафтункорлигини ўз кўзи билан кўриб, бағрикенг инсонлари суҳбатини олган кишининг қалби завққа тўлади.
Туманда 16 мактаб, 20 мактабгача таълим муассасаси, 1 та “Баркамол авлод” маркази, коллеж, БЎСМ мавжуд. 2017 йилги Инвестиция дастурига кўра, битта мактаб реконструкция қилиниб, битта МТМ мукаммал таъмирланди.
— Туман ҳудуди катта, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири Мелс Бозорбоев. — Айниқса, Керизбулоқ, Ўтемурод, Жириқ овуллари марказдан олисда жойлашган. Давлатимизнинг чўл ҳудудларни ободонлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари сабаб, туманимиз кундан-кун чирой очяпти. Аҳоли фаровонлиги ошмоқда. Мактабларимиз замонавий қиёфа касб этиб, ша¬роитлар яхшиланмоқда, шу кунгача ечимини кутаётган муаммолар аста-секин ҳал бўлмоқда. Мисол учун, таълим муассасаларида айрим фанлар бўйича ўқитувчилар етишмасди. 2017 йили 9 нафар ўқитувчини ишга олдик. Натижада 13-, 5-, 8-мактабларда тарих, технология, география фанларидан мутахассислар етишмовчилигига чек қўйилди. Кадрларни жалб қилиш учун уларнинг 18 ёшдан ошган оила аъзоларига 2 миллион сўмдан пул, арзон уй-жой, ижара тўлови ҳам беряпмиз. Бу йилги Инвестиция дастурига кўра, 18-мактабда спорт зали ва 60 ўринли ўқув биноси қуриш режалаштирилган.
Тумандаги 6-мактабда таълим қозоқ тилида олиб борилади. 97 нафар ўқувчига 16 нафар тажрибали ўқитувчи дарс беради. Ўтган ўқув йили якунига кўра, мактаб жамоаси туманда энг яхши деб топилди. 14 йиллик иш тажрибасига эга Қаламқош Ўтагенова фидойи педагоглардан. Кўплаб танловлар ғолиби. Илғор иш тажрибаси вилоятда оммалаштирилган. Дарсларга ижодий ёндашади. Фаолиятида интерфаол методлардан фойдаланиб, мавзуларни ўқувчиларга осон тушунтиришга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, боланинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун жуда эрта пойдевор яратиш лозим. Баъзи ота-оналар фарзанд тарбиясига жиддий қарамайди. Иш фаолиятида шундай ота-оналар билан ҳам алоҳида ёндашув асосида ишлайди. Бунда устози Зауре Елемесова, “Шуҳрат” медали соҳиби Зазегул Искандерова ҳамда Фотима Сулаймоновадан маслаҳат ҳамда йўл-йўриқ олади.
Туман мактабларида китобхонлик ва мутолаага катта эътибор бериляпти. Турли тадбирлар ташкил этилиб, унга нафақат ўқувчилар, балки ота-оналар, маҳалла аҳли ҳам таклиф қилинади.
— Қозоқ халқида “Бола тарбияси тол бешикдан” деган мақол бор, — дейди 6-мактабнинг математика фани ўқитувчиси Жаннат Утегенова. — Муассасамиз Ақтау овулидаги катта маънавият маскани. Қозоқ халқининг азалий удумлари — халқ ўйинларидан “Олти боқон”, “Келин туширув”, “Бет очар”, “Тусов-кесув”, “Суннат тўйи”, “Чиллахона” каби анъаналар шу ердаги тадбирларда доимий тарғиб қилинади. Китобхонликни кенг ёйиш, болаларга мутолаа маданиятини ўргатишни жуда истаймиз, аммо овулимизда кутубхона йўқ.
Чиндан томдиликлар — китобхон. Масалан, Қурмагул Холжанова, Гулзира Калибаева, Кенжагул Утемуродова, Замзагул Искандарова каби ёшлар тарбиясига ўзларини бахшида этган зиёлилар эришганлари учун китобдан миннатдорликларини таъкидлайди. Афсуски, ҳозир 6-мактабда 1819 дона дарслик ва бор-йўғи 64 дона қозоқ тилидаги бадиий адабиёт мавжуд, холос.
Шу боис яқинда ўқитувчилар мактаб кутубхонасини бойитиш учун маҳалла миқёсида китобхонлик акциясини ташкил этишди. Хайрли ишнинг кечи йўқ, аммо китобхонлик тарғиботи давлат сиёсати даражасига етган айни кунда чекка овулларга китоб, бадиий адабиётларни етказишни масъул ташкилотлар ўйлаб кўришса, фойдадан холи бўлмасди. Айниқса, таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда бадиий адабиётлар етишмайди.
Тумандаги мактабгача таълим муассасалари ҳам янгича кўриниш касб этмоқда. Туман мактабгача таълим бўлими мудири Лаззат Молтаеванинг айтишича, МТМлар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тарбиячиларнинг малакасини оширишга катта эътибор бериляпти. Мисол учун, 690 ўринли 1-МТМ айни кунда барча жабҳаларда намунали маскан ҳисобланади. Муҳими, ота-оналарнинг ишончига сазовор бўлган. Тумандаги иккинчи — “Бозиргон” номли мактабгача таълим муассасаси “Сивли” овул фуқаролар йиғинида жойлашган. Лекин шу ўринда шундай катта туманга иккита МТМ камлик қилишини ҳам айтиш ўринли. Ўрганишларга кўра, ҳар бир овулда МТМ ташкил этишга эҳтиёж бор. Қолаверса, таълим масканларини дидактик, методик қўлланмалар билан таъминлаш муҳим.
“Ўзбекистон” радиосида ишлаб юрган кезларим Томди овулига хизмат юзасидан бориб, ўқитувчининг уйида меҳмон бўлдик. Ўқитувчи ўғли Эрсаннинг олий ўқув юртига бир неча бор уринса-да киролмай, ишлаш учун чет элга кетиб қолганини айтиб куюнганди ўшанда.
Бугун томдилик ёшларнинг ана шу каби орзулари ижобат бўлмоқда. Давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлиги натижасида 2017 йилда 76 нафар томдилик ёш олий таълим муассасаларига ҳужжат топширди. Уларнинг 34 нафари талабалик шарафига муяссар бўлди. Шундан 26 нафари давлат гранти асосида ўқияпти. Демак, туманда яна қанчадан-қанча шифокорлар, ўқитувчилар авлоди шаклланмоқда.
Ўлжабой ҚАРШИБОЙ