Дарс қолдирган ўқувчи кимнинг назоратида?
Таълим муассасасида давоматнинг яхшиланиши нафақат таълим сифатини оширади, балки ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олади. Шу боис ИИБ профилактика нозири, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, Ёшлар иттифоқи етакчилари билан ҳамкорликда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни таълим муассасаларида “Давомат-рейд” тадбирлари ўтказилмоқда. Бунинг натижасида ўқувчиларнинг дарсда тўлиқ иштироки таъминланмоқда.
Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги 28-мактабда 2 та 10-синф ташкил этилган. Ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши, дарсда иштироки мактаб маъмуриятининг доимий диққат марказида. Машғулотларда деярли сабабсиз дарс қолдирувчи ўқувчи йўқ. Биз кузатув ўтказган куни 10-“А” ва 10-“Б” синф¬лардан 1 нафардан ўқувчи узрли сабаб билан дарсга келмагани маълум бўлди.
— 10-синф ўқувчилари давоматини доимий назоратга олганмиз, — дейди мактаб директори Зиёдахон Эргашева. — Бун¬да ҳудуд профилактика нозири Шерзод Норматов ва мактаб ота-оналар қўмитаси раиси Муҳайё Исоқова яқиндан ёрдам беряпти. Ҳафта якунида сабабсиз дарс қолдирган ўқувчиларнинг ота-онаси билан суҳбат ўтказамиз. Болани фаол таълим жараёнига қайтариш учун ҳамкорликда ишлаяпмиз.
Тумандаги 2-мактабнинг 4 та 10-синфида 101 ўқувчи таҳсил олади. Ўқувчилар давоматини таъминлашда мактаб жамоаси маҳалла фуқаролар йиғини, ИИБ профилактика инспектори билан яқин ҳамкорлик ўрнатган. “Давомат-рейд” тадбирида 10-“А” синфдаги 29 ўқувчидан 4 нафари, 10-“Б” синфдаги 23 ўқувчидан 1 нафари, 10-“Г” синфдаги 26 ўқувчидан 2 нафари, 10-“Д” синфдаги 24 ўқувчидан 2 нафари сабабли дарс қолдиргани маълум бўлди. Мактаб директори вазифасини бажарувчи Беҳзод Манноповнинг айтишича, узлуксиз дарс қолдирувчи ўқувчилар билан нафақат синф раҳбари, мактаб жамоаси, балки маҳалла, ИИБ профилактика инспектори биргаликда ишлайди. Уларнинг ота-онаси билан суҳбатлашади. Мактаб ота-оналар қўмитаси раиси Гавҳарой Жўраеванинг таъкидлашича, ҳудуд профилактика нозири Хуршидбек Бадалов иштирокида ўтказилаётган “Давомат-рейд” тадбирлари самара бермоқда.
— Мактабимизда ҳар ҳафта пайшанба кунлари ўтказилаётган жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика тадбирлари самарасини ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг сезиларли даражада камаяётгани мисолида ҳам кўриш мумкин, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Манзура Мирзааҳмедова. — Маҳалла фуқаролар йиғинида тузилган махсус ишчи гуруҳ ўқишга келмаётган ўқувчилар назоратини олиб бориш ва уларни ўқишга қайтариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Ўқувчиларнинг дарс маш¬ғулотларида қатнашиши ва ўзлаштириши мониторинги йўлга қўйилган. “Давоматни таъминлаган намунали синф” мусобақаси ташкил этилиб, ҳафта якунида ғолиб синфлар тақдирланмоқда.
Афсуски, бу борада салбий кўрсаткичга эга муассасалар ҳам йўқ эмас. Жалақудуқ туманидаги 16-мактабнинг 10-синфидаги 36 ўқувчидан 11 нафари биринчи соатда иштирок этмагани бунинг исботидир.
— Мактаб жамоаси ҳар бир ўқувчининг дарсда мунтазам иштирок этиши учун ҳаракат қилмоқда, — дейди мактаб директори Қосимжон Ўрмонов. — Пайшанба кунлари профилактика инспектори иштирокида “Давомат-рейд” тадбири ўтказилади. Сабабсиз дарс қолдираётган ўқувчилар аниқланиб, ота-онаси билан суҳбатлашилади. Муаммонинг сабаби ўрганилади.
Афсуски, айрим ота-оналар хонадонига борганимизда, фарзандларининг ёнини олиб, “Ўқиб олим бўлармиди? Эртага боради-да, шунга уйимгача келиш шартми?” дейишади.
Ёки баъзи ота-оналар ишлаш учун хорижга кетган. Бола тарбияси бобо ва буви зиммасида. Табиийки, улар ўқувчини доимий назорат қилолмайди. Айрим ўқувчиларнинг узоқ масофадан қатнаши ҳам давомат кўрсаткичини туширмоқда. Улар биринчи соатга ҳам кечикиб келишади.
Чиндан ҳам, иккинчи соатда синфхонага кирганимизда, мактаб раҳбари айтганидек, 10-синф ўқувчилари давомати яхшиланганига гувоҳ бўлдик.
Бугун таълим тизимининг барча соҳаларида ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоиз, ўқувчилар давомати таълим кўзгуси ҳисобланади. Давомат етарли даражада таъминланса, таълим самарадорлиги ортиб, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олди олинади.
Орифжон СИДДИҚОВ,
“Ma’rifat” мухбири