Буйруқ ижроси таъминланяптими?
Умумтаълим мактабларида таълим-тарбия самарадорлигининг ўсишида раҳбар-ходимларнинг ишни ташкил этиши, масъулияти ва бошқарув қобилияти муҳим аҳамиятга эга. Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 1 декабрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёни натижадорлигини таъминлашда халқ таълими бошқарув идоралари ва таълим муассасалари раҳбарлари масъулиятини ошириш тўғрисида”ги 367-сонли буйруғи мактаб раҳбарлари фаолиятини янада самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Мазкур буйруқ доирасида мактаб раҳбарлари, ўқитувчиларнинг ишга муносабати ўрганилиб, ҳар ойнинг охирги ҳафтасида вазирликнинг таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармасига ҳисобот тақдим этилмоқда.
Жумладан, Андижон вилоятининг Булоқбоши, Бўз, Жалақудуқ, Хўжаобод туман халқ таълими бўлимларида кенг қамровли назорат механизми ишлаб чиқилди. Мактабларда ўқув-семинарлар ташкил этилиб, дарс жадвалларини белгиланган талаблар асосида тузиш ҳамда ўқитувчиларнинг дарсга тайёргарлик кўриши, машғулотда қўшимча адабиётлардан фойдаланиши, интерфаол методларни жорий этиши бўйича тавсиялар берилмоқда. Маъмурият томонидан ҳар куни эрталаб ва навбатдаги смена бошланишидан олдин ўқувчиларнинг дарслик, кундалик ва фан (иш) дафтарлари, зарур ўқув қуроллари билан мактабга келаётгани қатъий назорат қилинмоқда.
— Бошқармада 19 кишилик ишчи гуруҳ тузилди, — дейди Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Назаров. — Гуруҳ аъзолари ўқитувчиларнинг иш дафтари, дарсга тайёргарлиги, ўқувчиларнинг синф ва уй вазифаларини мунтазам баҳолаб бораётганини назорат қиляпти. Ҳар бир мактаб раҳбари таълим муассасасидаги ўқитувчи ва ўқувчиларнинг дарсга тайёргарлиги, дарслик ва ўқув қуролларининг тўлиқлиги, тўгарак машғулотларининг мунтазам олиб борилаётганини ўрганмоқда.
Навоий вилоят халқ таълим бошқармаси томонидан ҳам буйруқ асосида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, барча туман(шаҳар) халқ таълими бўлимларига етказилди. 2017 йил якунларига кўра, кўрсаткичи нисбатан паст бўлган 30 та мактаб ҳамда таълим сифати мониторинги ўтказилган жами 27 та мактабга илмий-амалий ёрдам кўрсатилди. Ҳафтанинг ҳар сешанбаси “Методика куни” этиб белгиланди. Шу куни назорат ишчи гуруҳлари мактабдаги таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича ўқитувчиларга методик ёрдам беряпти. Ўқувчилар мустақил изланиш, дарсдан сўнг кутубхоналарга бориш, қўшимча манбалар билан ишлашга ўргатилмоқда.
Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи ҳам таълим муассасаларидаги жараённи ўрганиб, хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Хизмат вазифасига масъулиятсиз ёндашган раҳбар ва педагогларга амалдаги қонунчилик доирасида интизомий чоралар кўрилди. Термиз шаҳридаги 3 та, Ангор, Бойсун ва Қизириқ туманидаги 5 та мактаб фаолияти ўрганилиб, камчиликлар бартараф этилди. Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбар ва ходимлари томонидан таълим муассасалари фаолияти кунлик назорат қилинмоқда. Ҳудудий назоратчилар ҳар куни мактаб директори, директорнинг ўринбосарлари билан телефон орқали боғланиб, бажарилган ишларни таҳлил қилмоқда. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 98-мактабда ҳам мактаб раҳбари Алла Цатурли бошчилигида назорат ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда.
— Ҳар куни мактабга келган ўқувчиларни ўзим кутиб оламан, — дейди Алла Цатурли. — Бошланғич синфларда кузатилмаса-да, юқори синфларда сумкасиз келаётган ўқувчилар ҳам учрайди. Шу боис юқори синф ўқувчиларининг мактаб формасида, зарур ўқув қуроллари билан дарсга келаётганини назорат қиламиз. Ёнида телефон, қимматбаҳо буюмлар, ўткир тиғли асбоблар бор-йўқлигини ҳам текширамиз. Ҳафта якунида ўқувчиларнинг кундалик дафтарини текшириб, камчиликларни таҳлил қиламиз. Бу орқали дарсларнинг қай даражада тўлиқ ўтилаётгани, уй вазифасининг бажарилиши, ота-оналарнинг фарзандига эътиборини билиб оламиз.
Яшнобод туманидаги 69-мактабда таълим сифатини яхшилаш, ўқувчиларнинг қизиқишини ошириш мақсадида фан тўгараклари фаолияти мунтазам йўлга қўйилган.
— Мактабимизда дарс тақсимотини меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширяпмиз, — дейди мактаб раҳбари Қизларсора Маҳкамова. — Дарс жадвалида фанлар кетма-кетлигини тўғри жойлаштиришга катта эътибор қаратяпмиз. Юқори синф дарс жадвалида икки мураккаб фан кетма-кет келмаслиги учун улар орасига эстетик йўналишдаги фанлардан дарс соатларини қўйдик. Дарсдан сўнг фан ва спорт тўгаракларини ташкил қилганмиз. Ўқувчиларимиз жадвал асосида 30 та фан ва 6 та спорт тўгарагида мунтазам қатнашиб, бўш вақтини мазмунли ўтказмоқда. Дарс бошланишидан олдин ўқитувчиларнинг дарс ишланмаси ва конспект дафтарларини кўздан кечириб, тайёргарлик даражасини аниқлаяпмиз. Ойнинг охирги ҳафтасида бу ҳақдаги ҳисоботни Халқ таълими вазирлигининг электрон манзилига жўнатамиз.
Халқ таълими вазирлигининг тизим ходимлари масъулиятини ошириш борасидаги ташаббуси таълим муассасаларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга ёрдам бериб, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларнинг ўз вазифасига жавобгарлигини кучайтирмоқда.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири