Уюшқоқлик билан ўтказилмоқда
Жорий йилнинг 23 мартидан бошлаб мактаб ўқувчилари ўртасида билимлар беллашувининг иккинчи (туман, шаҳар) босқичи бошланди. Жумладан, пойтахтимиздаги таълим масканларида беллашув уюшқоқлик билан ўтказилди. Иштирокчиларнинг билими икки тур натижасига кўра аниқланди. Ўқувчилар 1-турда ёзма иш ёзиб, 2-турда тест саволларига жавоб беришди.
— Беллашувнинг Чилонзор тумани босқичи 200-мактабда ўтказилди. Унда 1060 нафар иқтидорли ўқувчи ўзаро баҳслашди, — дейди туман халқ таълими бўлимининг таълим сифати мониторинги бўлими бош инспектори Озода Ражабова. — Танловни адолатли ўтказиш мақсадида ҳакамлар ҳайъати, апелляция комиссияси ҳамда аудитория назоратчилари таркиби шакллантирилди.
Юнусобод тумани босқичи 250-мактабда, Олмазор тумани босқичи эса 29-мактабда ташкил этилди.
— Аввалгиларидан фарқли равишда жорий йилда 5-синф ўқувчилари чет тили фанидан туман босқичида иштирок этди, — дейди Юнусобод туман халқ таълими бўлими мутахассиси Орифа Каримова.
Яшнобод туманидаги 226-мактабда ҳам танловнинг ҳаққоний ўтишига катта тараддуд кўрилди.
— Беллашувда 1031 нафар ўқувчи иштирок этмоқда, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Низомжон Каримов. — Икки кун давомида ўқувчилар филология йўналишидаги фанлардан 5—6-синфларда диктант, 7—8-синфлар ўртасида ижодий баён, матн яратиш маҳорати, чет тили фанидан эса тинглаб тушуниш кўникмаси бўйича қизғин баҳс олиб борди. Тарих фанидан тест синовлари, табиий ва аниқ фанлар бўйича ёзма иш (география фанидан харита билан ишлаш) олинди.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбирлари