Ихтисослаштирилган мактаб қандай мезонлар асосида ташкил этилади?
Савол: Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари қандай мезонлар асосида ташкил этилади? Бу мактаблар Халқ таълими вазирлиги томонидан танлаб олинадими ёки кўрсаткичларига қараладими? Уларга ўқувчилар қабул қилиш тартиби ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
О.ТЎЙЧИБОЕВА, Чортоқ туманидаги 48-мактаб ўқитувчиси
Жавоб: Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасасини ташкил этиш бўйича таклиф мактаб директори томонидан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига, туман(шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан туман ҳокими билан келишилган ҳолда вилоят халқ таълими бошқармасига киритилади. Вилоят халқ таълими бошқармаси таълим муассасасининг ўқув ва моддий-техника базасини, педагог кадрлар захирасини ва бошқа кўрсаткичларни комплекс ўрганади. Ўрганиш ҳамда тегишли фанлар бўйича ўтказилган оғзаки ва ёзма синовлар натижаси юқори бўлган тақдирда халқ таълими бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги билан келишилган ҳолда Халқ таълими вазирлигига таклиф киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги таклифни ўрганиб, вилоят ҳокимлигига хулоса юборади. Вилоят ҳокимлиги ушбу хулосага асосан, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ўқувчилар танлов асосида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларига 2-синфдан, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатларига 5-синфдан қабул қилинади.
Саволга Халқ таълими вазирлигининг умумтаълим мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар бошқармаси бош назоратчиси Ҳакимбой САМАНДАРОВ жавоб берди.