Билимлар беллашуви кимга керак?
Мамлакатимиз таълим соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ёш авлодга жаҳон андозалари даражасида таълим-тарбия бериш, уларни ҳар жиҳатдан баркамол, юксак салоҳиятли, мустақил фикрли инсонлар этиб вояга етказишдек мақсадларга хизмат қилмоқда.
Айниқса, ёшларнинг билимини мустаҳкамлаш, истеъдодини юзага чиқаришда турли кўрик-танлов ва фестивалларнинг ўрни катта. Жумладан, мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган билимлар беллашуви ҳам фарзандларимизнинг буюк аждодларимиз, улуғ алломаларимиз қолдирган илмий-адабий меросни чуқур ўрганишига ёрдам бермоқда. Афсуски, бу борада ташкилотчилар томонидан йўл қўйилаётган айрим хато ва камчиликлар беллашув нуфузига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўз навбатида, ота-оналар ва ўқитувчилар ўртасида ҳам норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Мисол учун, беллашувнинг 24-25 март кунлари бўлиб ўтган Шофиркон тумани босқичида ўқувчиларга тақдим этилган тест саволларида хато ва камчиликлар борлиги ойдинлашди.
6-синф ўқувчилари учун тузилган тест саволида “юмор” сўзининг маъносини топиш берилган. Ваҳоланки, бу маълумот 2013 йилги эски дарсликка тегишли бўлиб, айни кунда 6-синф ўқувчилари янги ДТС асосида тузилган ва 2017 йилда чоп этилган дарсликдан фойдаланишади. Бу дарсликда эса “юмор” ҳақида маълумот берилмаган. Ёки 7-синф ўқувчиларига “Қайси боғловчилар кетма-кет келади?” деган савол берилган. 7-синф дарслигида эса бу саволга жавоб йўқ. Ёки “Қайси гапда вазифадош кўмакчи мустақил сўз маъносида келмаган?” деган саволга учта жавоб варианти мос келмоқда. 8-синф ўқувчилари учун тузилган 30 та тест саволидан 16 тасида стандартдаги каби тўрттадан эмас, иккитадан жавоб варианти бор, холос.
Биз бу ҳолат бўйича туман методбирлашмаси ходимларига ўз эътирозимизни айтганимизда, мутасаддилардан “Бу тестлар вазирликдан келган, уларнинг хатоси учун биз жавоб бермаймиз” деган мазмунда жавоб олдик.
Агар мутасадди ходимлар масалага масъулият билан ёндашмаса, бу каби танловлар ҳисобот учун ўтказилса, ўқувчиларнинг қобилият ва иқтидорини қуйи синфлардан аниқлаш, билим олишга қизиқишини ошириш, мактабларда соғлом рақобатни шакллантириш каби беллашувдан кўзланган мақсад аҳамиятини йўқотмайдими?
Мафтуна НОРҚУЛОВА,
Шофиркон туманидаги 54-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси