Янги мактабга янги технологиялар

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил май ойида Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи чоғида “Умумтаълим мактабларининг 5—9-синфларида информатика чет тили фанларини ўқитишнинг сифатини ошириш (1-босқич)” лойиҳасини амалга ошириш бўйича грант маблағларини ажратиш юзасидан икки томонлама келишувга эришилган эди.
Мазкур лойиҳа доирасида юртимиздаги умумтаълим мактабларининг информатика ва ахборот технологиялари, чет тили хоналарини жиҳозлаш учун 1 минг 300 дан ортиқ ахборот-коммуникация технологиялари жамланмаси олиб келинди. Айни вақтда пойтахтимиз ва барча вилоятларнинг чекка ҳудудларидаги мактаблар АКТ жамланмалари билан жиҳозланмоқда.
Жумладан, Сергели туманидаги 55-мактабга ҳам 16 та компьютер (принтери билан), интерактив доска, проектор, кондиционер, стабилизатор, кабель ва тармоқ ускуналаридан иборат комплект тақдим этилди. Замонавий компьютер ва АКТ воситалари билан жиҳозланган янги мактабда тақдимот маросими бўлиб ўтди.
— Лойиҳанинг биринчи босқичида юртимиздаги умумтаълим муассасаларига умумий қиймати 108,8 миллион юань (17 миллион доллар) миқдорида 18886 дона замонавий компьютер, 1303 комплект интерактив доска ва проекторлар ажратилди, — дейди Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов. — Бундай ҳамкорлик таълим тизимини юксак сифат босқичига кўтаради. Чет тили, информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари ўзаро интеграциялашган машғулотлар ташкил этиб, жиҳозлар ёрдамида ёш авлодга пухта сабоқ беришади.
630 ўқувчига мўлжалланган мактабда кутубхона, спорт зали, футбол ва югуриш майдончаси, фаоллар зали, машғулотлар олиб боришга мосланган 23 та фан хонаси, 15 тадан компьютер билан жиҳозланган иккита АКТ синфи ташкил этилган. Иштирокчилар мактабдаги қулайликлар, синфхоналар, спорт залларидаги имкониятлар билан танишди. Туман “Баркамол авлод” болалар маркази ўқувчилари тайёрлаган концерт дастури барчага манзур бўлди.
Тадбирда Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ва Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним иштирок этди.
Шоира БОЙМУРОДОВА