Туркий халқлар фахри
Чингиз Айтматов дунё халқлари ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатларининг мустаҳкамланиши, маданий-маърифий алоқаларнинг кенгайишига салмоқли ҳисса қўшган етук давлат ва жамоат арбоби ҳам эди. Унинг қаламига мансуб асарлар жаҳоннинг 80 дан зиёд халқлари тилига таржима қилинган.
Ўзбек китобхонлари ҳам ёзувчининг «Жамила», «Юзма-юз», «Сарвқомат дилбарим», «Оқ кема», «Сомон йўли», «Момо ер», «Алвидо, Гулсари!», «Сепоячи», «Қиёмат» ва «Асрга татигулик кун» каби асарларини севиб ўқийди. Зеро, Чингиз Айтматов ижодида одамийлик, умуминсоний қадриятлар, эзгулик, меҳр-оқибат, она заминга муҳаббат, ватанпарварлик туйғулари ёрқин акс этган. Шу боис мазкур асарлар умумий ўрта таълим ўқув дастурига киритилган ва ёш авлод таълим-тарбиясида катта аҳамият касб этмоқда.
Чингиз Айтматов асарлари мамлакатимиздаги таълим қирғиз тилида олиб бориладиган мактабларда ҳам ўқитилмоқда. Шу жараён ташкил этилиши билан яқиндан танишиш мақсадида Янгиқўрғон тумани Нов қишлоғидаги таълим қирғиз тилида олиб бориладиган 56-мактабда бўлдик.
— Ўқувчилар ёзувчи ижодини 5-синфдан ўргана бошлайди. Бунинг учун ҳафтасига икки соатдан ажратилган, — дейди қирғиз тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Эркиной Алимбекова. — Дастлаб болалар «Оқ кема» қиссаси билан таништирилади. Асар қаҳрамони — Мўмин чол тақдирнинг мураккаб синовларини бошдан кечирган. Ёзувчи Мўмин чол тимсолида камтар ва хокисор, ҳалол, турмуш зарбаларига сабр-бардош билан чидаган инсон қиёфасини чизади. Биз ўқувчиларга асар мазмуни, бош ғоясини тушунтираётганда дунёда бойликдан ҳам аъло неъматлар борлигини, кибр-ҳаво, такаббурлик, молу давлатга берилиш баъзан одамни инсоний фазилатлардан мосуво этишини алоҳида таъкидлаймиз.
— Яқинда «Ёш истеъдод» тўгараги аъзолари билан «Асрга татигулик кун» романини ўқидик, — дейди муаллима Жанара Эгамбердиева. — Мазкур асардаги Эдигей Бўрон, Собитжон, Жўломон, Найман она, Зарифа ва Абутолиб Қуттибоев каби қаҳрамонлар феъл-атвори, фазилат ва нуқсонларини муҳокама қилдик. Ўқувчилар асардан олган таассуротлари асосида иншо ёзишди. 9-синф ўқувчиси Гулгуной Азимбоеванинг иншосини юқори баҳоладим. Шу ўқувчимиз фан олимпиадасининг вилоят босқичида қирғиз тили ва адабиёти фанидан 1-ўринни эгаллади. Яна бир иқтидорли ўқувчимиз Розия Умаралиева 7-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган билимлар беллашувининг туман босқичида шу фан бўйича 1-ўрин соҳиби бўлди.
Ўқувчилар Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижоди бўйича олаётган билимлари мактаб дастурида берилган маълумотлар билан чекланмаётганини айтишди.
— Ҳар куни мактабимизда ўтказиладиган эрталабки сафланишда ёзувчининг бирор қисса ёки романи, ҳикоясидан парча ўқилади, — дейди 9-синф ўқувчиси Гулгуной Азимбоева. — Шахсан менга Чингиз оғанинг «Биринчи муаллим», «Асрга татигулик кун», «Момо ер» асарлари жуда ёқади. Мактаб кутубхонасида кўплаб бадиий адабиётлар бор. Яқинда 90 йиллик юбилейи муносабати билан Чингиз Айтматов асарларидан иборат китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Адиб асарларини кўп ўқиган ўқувчилар ўртасида мактаб миқёсида танлов ўтказилди.
Чингиз Айтматов туркий элларнинг фахр-ифтихорига айланган буюк инсон эди. Ёзувчининг 1995 йили Марказий Осиё халқлари ассамблеяси президентлигига сайлангани бунинг исботидир. Қардош халқларни бирлаштириш, демократик янгиланишлар ташаббускори, умуминсоний қадриятлар ҳимоячиси ва жонкуяри бўлган Чингиз Айтматовнинг самарали меҳнати, ижодий фаолияти ва ташаббуси халқаро миқёсда муносиб баҳоланган. У ўзбек ва қирғиз халқларининг дўстлиги, қардошлик муносабатлари, адабий алоқаларни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 1995 йилда «Дўстлик», 1998 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган. Қирғизис¬тонда эса Чингиз Айтматов номидаги «Олтин медаль» таъсис этилган. Дарвоқе, мазкур маълумотларнинг барчасини новлик ўқувчилар алоҳида ифтихор билан сўз¬лаб беришди.
Ғанишер АКБАРОВ