Ҳоким ўтган дарс ўқувчиларда чуқур таассурот қолдирди
Қисқа давр мобайнида мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қишлоқ жойларда аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, фуқароларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган қатор муҳим дастур ва қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, одамларни қийнаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топишда ўзига хос янги тизим жорий этилди. Унинг мазмун-моҳиятини ўқувчиларга тушунтириш мақсадида Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов ҳудуддаги 16-мактаб ўқувчилари учун намунали дарс ўтиб берди.
Ҳоким дастлаб Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши тўғрисида тушунча берди. Сўнг унинг туман ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги ўрни, аҳамияти ҳақида гапириб, илк натижалар билан таништирди.
— Поп Наманган вилоятининг энг йирик, иқтисодий салоҳияти юқори туманларидан. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ва мазкур кўрсаткичнинг йил сайин ошиб бориши бўйича ҳам етакчи ўринда, — деди Аъзамжон Султонов. — Вилоят умумий майдонининг 48,3 фоизини эгаллаган туманимизда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳалари ва иқтисодий-ижтимоий тармоқларнинг жадал ривожланишида бу ерда истиқомат қиладиган аҳолининг хизматлари беқиёс. Айниқса, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хусусий тадбиркорлик соҳалари Поп иқтисодий салоҳиятининг кучайиб боришида муҳим омил бўлмоқда. Пировардида аҳоли турмуш даражаси яхшиланяпти.
Нафақат Поп, балки мамлакат тарихида ҳам муҳим воқеа саналган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли барпо этилди. Мазкур темир йўл мураккаблиги бўйича дунёда 8-ўринда туради.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида қурилган 19,2 км узунликдаги ер ости йўли водий вилоятларининг халқаро савдо-ишлаб чиқариш муносабатларида қатнашишига катта имкон яратди.
Эндиликда янги ишлаб чиқариш корхоналарини бунёд этиш, аҳоли учун қўшимча иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини кучайтириш каби мақсадларимиз рўёбга чиқа бошлади. Ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга, хусусан, туманимизга ташрифи чоғида ишга туширилган Санг кўмир брикети ишлаб чиқариш заводи бунга мисол бўла олади. Соатига 30 тонна брикет тайёрлаш қувватига эга мазкур корхонанинг йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 300 минг тоннага тенг. Бу қарийб 100 миллиард сўм даромад дегани.
Янги завод ва туманимизда фаолият кўрсатаётган бошқа ишлаб чиқариш корхоналарининг иқтисодий ривожланиши туфайли даромад ортиб, унинг асосий қисми аҳоли турмуш даражасини ошириш, меҳнат қилиш ҳуқуқидан тўла фойдаланишлари учун одамларга шароит яратиш, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод этиш учун йўналтириляпти.
Масалан, ўтган йили 3 та қишлоқ массивида бунёд этилган 80 та намунали уй учун 8857 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Кейинги йилларда туманда хусусий тадбиркорлик ва ишбилармонлик соҳасини ривожлантиришга жиддий эътибор берилаётгани, мазкур соҳа вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани боис кичик бизнес субъектларининг иқтисодиётдаги улуши йилдан-йилга ортиб бор¬япти. Туманда 741 та кичик бизнес корхонаси фаолият юритмоқда.
Ҳозиргача хусусий тадбиркор ва ишбилармонларга 41 миллиард 108,7 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бу соҳада 2607 та иш ўрни яратилди. Натижада кичик бизнес субъектларининг иқтисодиётдаги улуши — саноат маҳсулотларининг 38,1, халқ истеъмоли молларининг 70,4, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99, қурилиш ишларининг 74, чакана савдо айланмасининг 89,9, жами хизматларнинг 87,3 ва экспортнинг 20 фоизини ташкил этди. Поп туманида 5 та йирик корхона ва 130 та кичик саноат корхоналари ишлаб турибди ва ўтган йил мобайнида улар томонидан 194 миллиард 158,3 миллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Ҳоким мазкур йўналишда келгуси йилларга белгиланган режалар ҳақида тўхталиб, ўқувчиларнинг бу борадаги тушунчалари билан қизиқди. 16-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Равшан Юсуфжонов мактабда 2 йилдан буён ўқувчиларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка қизиқтириш, уларнинг шу йўналишдаги иқтидорини аниқлаш ва шакллантириш мақсадида «Мен кичик тадбиркорман» лойиҳаси асосида ташкил этилган «Бизнес клуб» фаолият юритаётгани, унга кўплаб ўқувчилар аъзо бўлганини гапириб берди. Клуб аъзолари учун ҳафтада бир бор бизнес машғулотлари уюштирилаётгани, паррандачилик, чорвачилик, тикувчилик, қуёнчилик ва қандолатчилик-пазандалик билан шуғулланаётган ўқувчилар эришган энг яхши натижалар ўқув йили якунида аниқланиши ва тақдирланиши ҳокимга маъ¬қул бўлди.
— Маънавияти кучли, билимдон ёшлар ва етук салоҳиятли кадрлар ҳамиша халқимизнинг ишончи, суянчи бўлиб келган, — деди ҳоким. — Зеро, бугунги саъй-ҳаракатлар замирида сизларнинг мукаммал билим олиб, юртга содиқ фарзандлар бўлиб улғайишингиз, мамлакатимиз тараққиёти, эл фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсад борлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Сизларнинг истиқболингизни кўзлаб Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимида янги ислоҳотлар ўтказилмоқда. 11 йиллик таълимнинг жорий этилиши, ўқувчиларда касбий билим ва кўникмаларни шакллантириш, касб-ҳунар эгаллаши учун махсус тайёргарликни талаб этмайдиган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш шулар жумласидан. Туманимизда ҳам 9 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилди ва уларда ўқувчилар 50 дан зиёд касб-ҳунар сирларини ўрган¬япти.
Ҳоким Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида сўзлаб берди. Шу мавзу доирасида ёшлар ўртасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, бузғунчи ғоялардан ёш авлодни ҳимоялаш, миллий қадриятларимизни эъзозлаш ва асраб-авайлаш, эрта никоҳ, оилавий ажралишларнинг олдини олиш масалаларига ҳам ёшлар диққатини қаратиб, ўз мулоҳазаларини баён этди.
Дарс ўқувчиларни қизиқтираётган саволларга жавоблар, уларнинг келгуси режа ва орзулари баёни билан давом этди. Ўзгача фаоллик ва мазмун касб этган дарс ёшларда чуқур таассурот қолдирди.
— Туман ҳокимининг дарси ҳаётий далилларга бой, мазмунли ўтди, — дейди 10-синф ўқувчиси Гавҳар Неъматуллаева. — Туманимизнинг катта иқтисодий салоҳиятини бугун тушуниб етдим. Ҳокимимиз туманда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, мактабгача таълим тизимидаги янгиликлар билан таништириб, бу ўзгаришларнинг моҳиятини тушунтириб берди. Биз бундан ўзимизга тегишли хулоса чиқардик.
Ғанишер АКБАРОВ