Мактаб янги қиёфа касб этди
Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 19-мактаб Инвестиция дастури асосида капитал реконструкция қилиниб, замонавий қиёфа касб этди. 300 ўринли янги бинонинг фойдаланишга топширилиши чинакам байрамга айланди. Тадбирда Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омонов, Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурҳонов, туман халқ таълими бўлими мудири Ҳамид Укибоев, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ўқитувчилар иштирок этди.
— Мактабимизнинг эски 180 ўринли мослаштирилган биноси 1936 йили қурилган бўлиб, замон талабига жавоб бермасди, — дейди мактаб директори Бахтиёр Жумағулов. — Қишда хоналарни иситиш муаммо бўларди. Бу албатта ўқитувчи ва ўқувчиларга ноқулайлик туғдирарди. Қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг таълим масканимиз бутунлай ўзгача қиёфа касб этди.
Дарҳақиқат, капитал реконструкция қилинган мактаб биносида ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароит яратилди. Мактаб атрофи ландшафт дизайни асосида ободонлаштирилди. Мактаб кутубхонаси фонди зарур дарслик ва адабиётлар билан бойитилди. Информатика хонасида ўқувчиларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан кенг фойдаланиши учун барча шароит мавжуд бўлиб, компьютерлар «ZiyoNET» интернет тармоғига уланган. Кенг ва ёруғ синфхоналар замонавий жиҳозланган. Айниқса, кимё, биология, физика хоналарининг лаборатория жиҳозлари билан таъминлангани дарсларни назария билан амалиёт уйғунлигида олиб боришга ёрдам беради.
Ҳозирги кунда 327 ўғил-қиз таълим олаётган мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш мақсадида спорт зали замон талаблари даражасида таъмирланиб, зарур анжом ва инвентарлар билан жиҳозланган. Яратилган қулай шароит нафақат ўқитувчи ва ўқувчилар, балки ота-оналар, маҳалла аҳлининг ҳам кўнглини шод қилди.
— Фарзандининг энг яхши шароитлардаги таълим муассасасида ўқиши, сифатли таълим-тарбия олиб, келажакда баркамол бўлиб вояга етиши ҳар бир ота-онанинг орзуси, — дейди 4-“А” синф ўқувчиси Сарвар Равшановнинг онаси Мавлуда Асранқулова. — Мактабнинг аввалги ҳолати билан бугунги кўриниши ўртасидаги фарқни кўриб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Таъмирталаб бўлиб қолган, мослаштирилган бинонинг нафақат ташқи кўриниши, балки ҳовлиси ҳам абгор ва кўримсиз аҳволда эди. Бугун эса замонавий синфхоналарни, шинам ҳовлини кўриб кўзимиз қувнаяпти.
Х.АБДУРАҲМОНОВ