Янги тажрибалар билан танишув педагогларга куч-ғайрат ва илҳом бағишлади
Аввал хабар қилинганидек, шу йил 13—18 май кунлари “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси—2018” кўрик-танловининг республика босқичи ҳудудларда бўлиб ўтди. Беллашувларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида фанлар бўйича 1-ўринни эгаллаган 202 нафар педагог иштирок этди. Якуний босқич жойларда қандай ўтгани хусусида мухбирларимиз хабар қилади.
Бухоро. 16 нафар энг билимдон, изланувчан математика фани ўқитувчиси Бухоро шаҳрида тўрт шарт бўйича беллашди. Даставвал педагоглар бор маҳорати, ижодий салоҳияти, билим ва тажрибасини ишга солиб, тайёрлаган бир соатлик намунали дарс ишланмасини тақдим этдилар.
Муаллим меҳнатининг маҳсули у сабоқ бераётган ўқувчилар ютуқларида яққол кўринади. Танловнинг иккинчи турида иштирокчиларнинг бу борадаги кўрсаткичлари ўрганилди. Учинчи турда иштирокчилар ўзи тақдим этган дарс ишланмаси асосида нотаниш синфда, нотаниш ўқувчиларга дарс ўтди.
— Танлов ҳар йилгидан-да қизғин, кўтаринки руҳда ўтди. Ҳар бир фан бўйича баҳслар алоҳида ҳудудда ташкил этилиши фан ўқитувчиларига ҳамда уларнинг иштирокига, танловнинг ташкилий жиҳатларига эътиборни янада кучайтирди, — дейди Республика таълим маркази аниқ ва табиий фанлар бўлими бошлиғи Илҳом Сапарбоев. — Ҳакамлар ҳайъати таркибига ҳар бир вилоятдан вакил киритилгани тадбирнинг холислиги ва шаффофлигини таъминлади.
Бу натижаларда ҳам кўриниб турди. Мисол учун, сўнгги ҳал қилувчи тур — онлайн тест синовига 16 педагогдан 9 нафари етиб кела олгани фақат энг муносибларгина кейинги турларга ўтказилганидан далолат беради.
— Ҳозир жуда ҳаяжондаман, — дейди эндигина онлайн-тест ўтказиш хонасидан чиққан Олот туманидаги 31-ИДУМИ ўқитувчиси Беҳзод Беков. — Танловнинг якуний босқичида иштирок этишнинг ўзи педагог учун катта шараф. Республика бўйича саралаб олинган энг илғор ҳамкасбларим билан танишдим, янги тажрибалар ўргандим. Бу менга куч-ғайрат ва илҳом бахш этмоқда.
Хоразм. Урганч шаҳрида тарих фани ўқитувчилари ғолиблик учун курашди.
— Айрим вилоят вакиллари кучли билимга эга ва танловга пухта ҳозирлик кўрганига қарамай, педагогик стажи камлиги панд бериб қўйди, — дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси методисти Шоира Насруллаева. — Чунки иккинчи турда сўнгги уч йилда иштирокчининг ўқувчилари билимлар беллашуви ва фан олимпиадасида эришган натижалар инобатга олинди.
13 кишидан иборат ҳакамлар ҳайъати танловнинг якуний босқичида бир хил натижани қўлга киритган иккита иштирокчига 1-ўринни беришга қарор қилди. Юнусобод туманидаги 288-мактаб ўқитувчиси Олеся Усмонова ва Олмазор туманидаги 224-мактаб ўқитувчиси Жўрабек Полвонов 1-даражали диплом билан тақдирланди. 2-ўрин Боғот туманидаги 92-мактаб ўқитувчиси Бахтигул Ғаффоровага, 3-ўрин Жиззах шаҳридаги 22-ИДУМ ўқитувчиси Шуҳрат Маматқулов ҳамда Чимбой туманидаги 43-мактаб ўқитувчиси Мухаммедраҳим Тажимуратовга насиб этди.
— Танловда илк бор иштирок этиб, 1-ўринни эгалладим, — дейди Олеся Усманова. — Танлов низомига қатор ўзгаришлар киритилгани унинг янада шаффофлигини таъминлабди. Аввалги босқичда икки иштирокчи тенг балл тўплагандик. Низомга кўра, ҳар иккимиз республика босқичида қатнашдик. Якунда ҳам тенг натижа билан Тошкент шаҳри вакиллари ғолиб бўлдик... Танлов баҳонасида кўҳна Хоразмнинг тарихий жойларини зиёрат қилдик.
— 19 йиллик ўқитувчилик фаолиятимда ўқувчиларим билимлар беллашуви ва фан олимпиадасининг вилоят босқичидан нарига ўта олмаётган эди, — дейди 2-ўрин соҳиби Бахтигул Ғаффорова. — Бу йил 7-синф ўқувчим Иноятулла Озодов билимлар беллашувининг республика босқичига йўлланма олди. Бу танловнинг иккинчи шарти бўйича 11 балл тўплаб, иштирокчилар орасида энг юқори кўрсаткичга эришишимда муносиб ҳисса бўлди.
Қашқадарё. Танловнинг кимё фани бўйича республика босқичи Қарши шаҳридаги 23-мактабда бўлиб ўтди. Ҳудудий босқичда ғолибликни қўлга киритган 15 нафар номзод дарс ишланма ва тақдимот тайёрлаш, иштирокчининг ютуқларини баҳолаш, танланган синфларда дарс ўтиш ҳамда тест ечиш турларида ўзаро баҳс олиб борди.
— Иштирокчиларга ҳам, ҳакамларга ҳам жуда қулай шароит яратилган, — дейди Республика таълим маркази мутахассиси Анвар Султонов. — Компьютерлар, нусха кўчириш ускуналари, аудио ҳамда видео аппаратлар шай ҳолда. Синфхоналардаги ўқув анжомлари замонавий.
— Танлов мен учун катта тажриба мактаби бўлди, — дейди Қўнғирот туманидаги 34-ИДУМИнинг кимё фани ўқитувчиси, кўрик-танлов иштирокчиси Гулойим Жумамуродова. — Баҳсларда ҳамкасбларимнинг барчаси ўз касбининг ҳақиқий эгалари эканига амин бўлдим. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан Қарши шаҳрида барпо этилган Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат менда жуда катта таассурот қолдирди.
Андижон. Француз тили фани ўқитувчилари Избоскан туманидаги 20-мактабда билим ва тажрибасини синовдан ўтказди.
— Танловдан асосий мақсад республикамиздаги иқтидорли, изланувчан ва маҳоратли ўқитувчиларнинг меҳнатини рўёбга чиқариш, бой тажрибасини оммалаштиришдан иборат. Бу йилга танлов шу мақсадни оқлади, десам муболаға бўлмайди, — дейди Республика таълим маркази мутахассиси Санобар Ҳошимова. — Якуний босқич учун 20-мактаб танлангани бежиз эмас. Муассаса француз тили фанини чуқур ўргатиш бўйича мамлакатда етакчи ўринда туради. Махсус электрон дастур ёрдамида тест жараёнини ташкил этиш ва натижаларни умумлаштириш имконияти яратилди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг билими, иш тажрибаси, ўқувчилар кўнглига йўл топиш, уларни дарсга қизиқтириш қобилияти холисона баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, Олмалиқ шаҳридаги 22-мактаб ўқитувчиси Баҳром Ўринбоев 1-, Юнусобод туманидаги 51-мактаб ўқитувчиси Шоҳиста Ўктамова 2-, Фарғона шаҳридаги 3-мактаб ўқитувчиси Иқболхон Носирова 3-ўринни қўлга киритди.
Наманган. Танловнинг инглиз тили фани бўйича республика босқичига Наманган мезбонлик қилди. Баҳсларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 14 нафар ўқитувчи қатнашди.
— Бу йилги танлов ҳаққоний ва ошкора руҳда ўтганини айтиш керак, — деди сурхондарёлик ўқитувчи Зилола Элмуродова. — Билимдон ва маҳоратли ўқитувчилар орасидан энг сараларини танлаб олиш, менимча, ҳакамлардан ҳам жуда катта масъулият талаб қилди. Чунки адолатни таъмиқнлаш осон эмас, адолатли танловда ғалаба қозониш янада қийинроқ. Ҳар бир шарт, ҳар бир чиқишимиз синчковлик ва талабчанлик билан баҳоланди. Шу боис мен ва бошқа иштирокчилар ҳам ўз имкониятимиз ва билимимизни яна бир бор холис чамалаб, адолатли баҳони олдик.
Байрамона руҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтган ғолибларни тақдирлаш маросимида 1-даражали диплом Юқоричирчиқ туманидаги 19-мактаб ўқитувчиси Дилдора Насриддиновага топширилди. Жиззах вилояти вакили 2- ва Наманган вилояти вакили 3-ўринни эгаллади.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда қорақалпоқ тили ва адабиёти, информатика, Жиззахда она тили ва адабиёт, Навоийда рус тили ва адабиёти (таълим ўзбек ва рус тилида олиб бориладиган мактаб ўқитувчилари учун), Самарқандда физика, Сурхондарёда биология, Фарғонада немис тили фани бўйича танловнинг республика босқичи ғолиблари аниқланди. Ғолиблар Халқ таълими вазирлигининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Танловда энг фаол иштирок этган ўқитувчилар ва ҳакамлар ҳам рағбатлантирилди.
Мухбирларимиз