Синфда ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги керак!
Мутахассислар ва амалиётчи ўқитувчиларнинг фикрича, синфда ўқувчилар сонининг 25 нафардан ортиб кетиши таълим сифатига салбий таъсир қилади. Аммо айни пайтда айрим мактаблардаги синфларда ҳатто 45—50 нафаргача ўқувчи таълим олаётгани сир эмас.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ортмаслиги керак, — дейди Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасалари бошқармаси бошлиғи Саидаҳрор Сейткамалов. — Намунавий лойиҳа бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда ҳамда ўқувчилар сони етарли бўлмаган, олис тоғли ҳудудларда жойлашган, таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган мактабларда ўқувчилар сони синфлардаги мавжуд шарт-шароитдан келиб чиқиб белгиланади.
Ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлган таълим муассасаларининг 1—9-синфларида чет тили фани, айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларида ихтисослашган фанлар, 5—9-синфларда информатика ва ахборот технологиялари, технология, 8-9-синфларда жисмоний тарбия, таълим бошқа тилда олиб бориладиган мактабларнинг 2—9-синфларида ўзбек тили фани ҳамда таълим тили рус тили бўлмаган муассасаларда рус тили фани болаларни гуруҳларга бўлиб ўтилади.
Афсуски, кузатишлар давомида пойтахтимиздаги айрим мактабларда бу қоидага амал қилинмаётгани, айрим синфларда ўқувчилар сони 45 нафаргача эканига гувоҳ бўлдик.
— Таълим масканимизда 3968 нафар ўқувчи ўқийди, — дейди Сергели туманидаги 300-ИДУМ директори Нигора Саидхўжаева. — Талаб юқорилиги натижасида ўқувчилар сони 5-синфда ўртача 40, 6-синфда 45 нафарга етган. Бу, албатта, таълим сифатига салбий таъсир кўрсатяпти. Айниқса, ёш ўқитувчилар қийналмоқда, дарсда болаларни тинчлантиришга кўп вақт сарф¬лаяпти.
45 дақиқада 45 ўқувчининг билимини баҳолаб бўлмайди. Айниқса, мураккаб фанларни тушунтириш ўқитувчига, тушуниш ўқувчига қийинчилик туғдиради.
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, Гурлан туманидаги 5-мактаб директори Анора Маҳмудова бу хусусда шундай дейди:
— Ўқувчилар сонининг кўплиги қуйи синфларда мураккаб мавзуларни тушунтиришда педагогга қи¬йинчилик туғдиради. Мактабимизда 37 нафардан ўғил-қиз таълим оладиган 4-“Б” ҳамда 5-“Д” синфларда шундай ҳолат кузатилади. Рус тили, инглиз тили фанлари болаларни гуруҳларга бўлиб ўқитилади. Аммо ўқувчилар яхши ўзлаштириши шарт бўлган энг зарур фанлар — она тили, математика дарс¬лари гуруҳларга бўлиб ўтилмайди. Бу муаммога ечим топиш мақсадида туман халқ таълими бўлимига ариза билан мурожаат этдик.
Республика таълим маркази томонидан ўрганиш ишлари олиб борилгач, 16 та синфда она тили ва математика фанларини ҳам гуруҳларга бўлиб ўқитишга рухсат берилди. Шундан сўнг ўқувчиларнинг бу икки фанни ўзлаштириш даражаси кескин ошди.
Феруза Икромова Чиноз туманидаги 33-мактабда бошланғич синфларга сабоқ беради. Синфда ўқувчилар сони 24 нафар бўлишига қарамай, педагог дарс¬нинг таълимий мақсадига эришишда қи¬йинчиликка дуч келмоқда.
— Синфимда 7 нафар аълочи, 13 нафар яхши, 4 нафар бўш ўзлаштирувчи ўқувчи бор, — дейди муаллима. — Бошланғич синфда мавзуни ўқувчиларнинг барчасига бирдек тушунтириш бироз мураккаб. Мисол учун, синфимдаги 24 ўқувчининг ҳаммасини бир дарс¬нинг ўзида баҳолашга вақт етмайди. Мазкур ҳолат дарс жараёнини нотўғри ташкил этишга боғлиқ эмас. Агар уларнинг ҳаммасини баҳоламоқчи бўлсак, ҳақиқий эмас, тахминий балл қўйишга тўғри келади.
Ўқув режага кўра, 1-синфда ҳафтада математикага 5 соат, она тили, ўқишга 4 соатдан, чет тили, жисмоний тарбияга 2 соатдан, тасвирий санъат, одобнома, технология, мусиқа, йўл ҳаракати қоидалари, тарбиявий соат, атрофимиздаги олам фанларига 1 соатдан ажратилган. Аммо бу мавзуни тўлиқ тушунтиришга камлик қилади. Бу ҳақда Чилонзор туманидаги 138-мактабнинг мусиқа фани ўқитувчиси Гулнора Абдураҳмонованинг фикри билан қизиқдик.
— 1-синф ўқувчисининг мусиқий саводхонлигини ривожлантириш билан бирга овоз созлаш, ноталарни тинг¬лаш, бастакорлар ҳамда уларнинг асарлари бўйича билимини ҳам бо¬йитиб бориш керак, — дейди муаллима. — Ўқувчи сони 35 нафар бўлса, вазифа мураккаблашади. Айниқса, уй вазифасини текшириш энг мураккаб жараён. Бир соат ичида педагог 35 ўқувчи қандай қўшиқ ёдлаб келганини, овоз диапазонини баҳолашга улгурмайди. Хона етишмаслиги ёки мавжудлари талабга жавоб бермаслиги, чолғу асбоблари билан таъминлаш ҳам катта муаммо. Аксарият мактабларда мусиқа фанига кичик хона ажратилган бўлиб, 35 ўқувчи билан очиқ дарс ёки тадбир ўтказиш имконсиз.
Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бола сони кам бўлса, педагог дарсдан кўзланган мақсадга эриша олади. Қўшиқларни вокал тарзда, якка тартибда ҳам ижро эттиришга имкон бўлади. Ҳатто мавзуларнинг характерига қа¬раб ритмик ҳаракатлар бажариш мумкин.
Ёзёвон туманидаги 1-мактабнинг география фани ўқитувчиси Али Ориповнинг фикрича, синфда ўқувчилар сонини қисқартириш керак. Акс ҳолда ўқитувчи ўз олдига қўйган таълимий мақсадига эришолмайди, мавзу юзасидан қўшимча маълумотларни етказиб беролмайди.
Синфда ўқувчиларнинг кўплиги бола руҳиятига қандай таъсир кўрсатади? Бу саволга Шайхонтоҳур туман халқ таълими бўлими психологи Умида Толипова қуйидагича жавоб берди:
— Синфда ўқувчиларнинг 30 нафардан ортиши таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши кузатувларда аниқланган. Бу, аввало, педагогнинг ўқувчилар билан ишлашини қийинлаштиради. Ўғил-қизларнинг дарс вақтидаги кайфиятини билолмайди, мавзуга барчанинг диққатини бирдек жалб этолмайди. Бундай ҳолларда ўқувчига етарли даражада эътибор қаратилмаса, руҳиятида салбий ўзгариш кузатилади, билим олишга иштиёқи сусаяди. Жараёнда касбий деформация юзага келади. Бу қийинчилик ўқувчиларнинг билиш жараёни(диққат, хотира, идрок, тафаккур ва ҳоказо)нинг ривожланишига халал беради.
Жорий йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Тошкент шаҳридаги мактабларда мониторинг ўтказилганда ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичи нисбатан паст экани ойдинлашди.
Кўрсаткичнинг пастлиги пойтахтимиздаги аксарият мактабларда ўқувчилар сони кўплиги билан ҳам чамбарчас боғлиқ, албатта.
Ўқувчилар сувнинг хоссаси, кимёвий формуласи каби оддий саволларга ҳам жавоб бера олмаган. Айрим мактабларда ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши 30—40 фоизни ташкил этган. Бундан кўринадики, ўқитувчи бир ўқувчига бир дақиқа ҳам вақт ажратолмаяпти. Болалар билан якка тартибда шуғулланиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
45 дақиқада барча ўқувчи мавзуни бирдек ўзлаштириши учун информатика ва ахборот технологиялари, чет тили каби фан машғулотларида ўқувчилар сони 13 нафар этиб белгиланган. Шунда синфдаги ўқувчилар сони 26 нафарни ташкил этади. Аммо ўқувчилар сонининг кескин ошиши натижасида 2 гуруҳга бўлинганда ҳам гуруҳдаги ўқувчилар сони 20 нафардан кўпайиб кетгани аниқланди.
Дарснинг 25 дақиқаси янги мавзуни тушунтиришга кетади. Табиийки, педагог 15 дақиқада 35 дан зиёд ўқувчини баҳолашга улгурмайди.
Юқоридаги фикрлардан аёнки, педагоглар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг талаби шундай: синфда ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги лозим. Бу таълим-тарбия сифати юксалишига, муаллимнинг машаққатли меҳнати сал бўлса-да енгиллашиб, сифат жиҳатдан ўсишига хизмат қилади. Қолаверса, синфда гигиеник муҳит яхшиланиб, ўқитувчи барча ўқувчилар билан якка тартибда ишлай олади.
Гулюз ОРИФЖОНОВА