Ўқувчилар билими ва компетенцияси халқаро мезонлар асосида баҳоланади
Мактабда олинган билим инсоннинг келгуси ҳаёт йўлини белгилайди. Кўпчилик билимни баҳо билан ўлчайди. Аммо баҳо билимни белгиловчи аниқ мезон эмас. У ўқувчиларни фаолликка ундовчи, рағбатлантирувчи восита, холос. Ҳар бир ўқитувчининг ўз иш усули, баҳолаш методи бор. Қайсидир ўқитувчи учун баҳо бу — рағбат ёки ўқувчини 45 дақиқа ушлаб туриш воситаси. Шунданми, бир синфдан иккинчи синфга ўтган боланинг баҳосида кескин ўзгариш яққол намоён бўлади. Яна, педагоглар орасида баҳони нисбатан юқорироқ қўювчи ёки ўқувчининг билим даражаси талабга жавоб берса-да, “5” ни тежайдиганлари бор. Бу усулларнинг қайси бири тўғрилиги эса доимий баҳсталаб мавзу.
Ўқувчиларнинг билим ва малакасини умумий равишда таҳлил қилиш мамлакатдаги таълим сифати даражасини белгилайди. Шу мақсадда ўқув йили давомида ҳар бир таълим муассасасида ички ва ташқи мониторинг ўтказиб борилади. Унинг натижасига кўра, энг намунали мактаблар кетма-кетлиги, ўқитувчилар салоҳияти ва ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси аниқланади. Бу жараён таълим тараққиётини белгиловчи муҳим мезон бўлгани учун Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари билимини баҳолаш бўйича халқаро дастурларни амалиётга жорий этиш мақсадида илк қадамлар ташланди. Яъни, ўқувчилар билимини халқаро талабларга етказиш, унга мослигини ўрганиб бориш мақсадида PISA(Programme for International Student Assesment), TIMSS (Trends in Mathematics and Science Study) каби баҳолаш дастурларини кенг қўллаш режалаштирилмоқда.
PISA ва TIMSS нима?
PISA — 15 ёшли ўқувчиларнинг саводхонлиги ва компетенциясини баҳоловчи халқаро дастур бўлиб, Халқаро Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилоти томонидан 3 йилда бир марта ўтказилади. Унда ўқувчиларнинг билим сифати ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича мониторинг қилинади ва 1000 баллик тизимда баҳоланади. Ушбу халқаро дастур 1997 йили ишлаб чиқилиб, 2000 йилда илк маротаба амалиётда қўлланган. Дастур кўмагида турли давлатлар таълим тизимидаги ўзгаришлар аниқланади, солиштирилади, баҳолаб борилади. Бу тадқиқотларнинг натижаси дунё бўйича катта қизиқиш билан кузатиб келинади. Шу боис йилдан-йилга унинг аҳамияти ва қамрови ошиб боряпти. Мисол учун, 2000 йилда дастур тестларида 32 давлатдан 265000 нафар ўқувчи иштирок этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 2 баробарга ошиши, яъни 78 давлатдан 540000 нафардан зиёд ўқувчи қатнашиши кутилмоқда. Ҳар бир давлатдан иштирок этувчи ўқувчилар сони мамлакатдаги жами 15 ёшли болаларнинг 2 фоизи миқдорида шакллантирилади. PISA дастури тест синовлари Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилоти томонидан консорциумда етакчи хал¬қаро ташкилот ва миллий марказлар иштирокида ташкил этилади.
TIMSS — мактабда математика ва табиий фанларни ўқитиш сифатининг халқаро мониторинги бўлиб, Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) томонидан ташкил этилади. Ушбу тадқиқот турли давлатлардаги 4- ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий фанлар бўйича эгаллаган билим даражаси ва сифатини солиштириш ҳамда миллий таълим тизимидаги фарқларни аниқлашга ёрдам беради. Қўшимча равишда мактабларда математика ва табиий фанлар бўйича берилаётган таълим мазмуни, ўқув жараёни, ўқув муассасаси имконияти, ўқитувчилар салоҳияти, ўқувчиларнинг оилалари билан боғлиқ омиллар ўрганилади. Ушбу маълумотлар белгиланган фанларни ўзлаштириш ҳолатини кўрсатишда асос бўлади.
Тадқиқот тўрт йилда бир марта дунёнинг кўплаб илмий-тадқиқот марказлари ва ташкилотлари, хусусан, АҚШнинг Таълим соҳасидаги тест хизматлари (ETS-Educational Testing Services), Канаданинг статистик маркази (Statistic Canada), Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA)нинг Секретариати иштирокида ўтказилади. Шунингдек, турли давлат мутахассисларидан иборат маслаҳат қўмиталари ташкил этилади.
Халқаро мониторинг сари илк қадам
Мамлакатимизда ҳам TIMSS халқаро мониторинг тадқиқотига босқичма-босқич қадам қўйилмоқда. Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилаётган ташқи мониторинг жараёнида ушбу халқаро баҳолаш материалларидан қисман фойдаланиш орқали ўқувчилар халқаро талаб даражасига ўргатиб борилмоқда.
Жорий йилнинг май ойида Халқ таълими вазирлиги ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Ўқувчиларнинг муваффақиятли ўзлаштиришига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш” мавзусида тадқиқот ўтказилди. Унда республика бўйича танлаб олинган 255 та мактабда таҳсил олаётган 4-синф ўқувчиларининг математика, ўқиш ва табиатшунослик фанидан билими тажриба тариқасида синовдан ўтказилди. Мониторинг учун TIMSS тадқиқоти материаллари мазмуни, талабидан келиб чиқиб, тест саволлари тайёрланди. Тест синови материаллари ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда умумлаштирилиб, таҳлил қилинмоқда.
Шунингдек, вазирлик ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда PISA талаби асосида умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштириш устида ҳам ишламоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187-сонли қарори билан тасдиқланган ДТС, ўқув режа ва ўқув дастурлари (биринчи навбатда, математика, физика, биология, она тили ва адабиёт) халқаро экспертлар томонидан кўриб чиқилиб, хулоса ва тавсиялар олинмоқда.
Олдимиздаги долзарб вазифалар
Халқаро миқёсдаги тест синовларидан ўтаётган ўғил-қизларимиз шу талабга жавоб берадиган билим, малака, кўникмани эгаллаган ва уларда шунга мувофиқ компетенция шаклланган бўлиши лозим. Дастлабки натижалар асосида таълим тизимида қуйидаги ўзгаришларни амалга ошириш зарур экани аниқланди:
— халқаро тадқиқот натижаларига асосланган ҳолда она тили, математика ва табиий фанлардан давлат таълим стандарти, ўқув дастурлари ва ўқув адабиётлари мазмунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
— она тили, математика ва табиий фанлардан PISA баҳолаш дастури йўналишидаги саволлар миллий базасини яратиш ва ўқув дастурларига интеграция қилиш;
— PISA баҳолаш дастури йўналишидаги саволлар сингдирилган ўқув дастурлари асосида қўшимча қўлланма ҳамда адабиётлар яратиш ва амалиётга жорий этиш;
— она тили, математика ва табиий фанларни ўқи¬тишнинг шакл, метод, технологияларини янгилаш ва ўқитувчиларнинг бу борадаги билимини ошириш, тайёргарлигини кучайтириш мақсадида малака ошириш курсларини ташкил этиш;
— бу фанлардан ўқувчилар саводхонлигини баҳолашнинг миллий тизимини яратиш ва 2019–2021 йилларда амалий кўникмаларни шакллантиришни баҳолашга қаратилган синовларни тизимли равишда ўтказиб бориш;
— таълим муассасаларининг юқори салоҳиятга эга педагог ва илмий кадрлари ривожланган давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида малака ошириши ва стажировка ўташини ташкил этиш;
— Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилотига аъзо давлатлардаги нуфузли таълим ва илмий марказлар, халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан алоқаларни йўлга қўйиш, PISA ва TIMSS баҳолаш дастурида иштирок этиб, юқори натижаларга эришаётган илғор ва ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш;
— раҳбар ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларининг ўқув жараёнига хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилиш;
— ўқувчиларнинг она тили, математика ва табиий фанлардан PISA халқаро баҳолаш дастурига тайёргарлик кўриши, мустақил таълим олиши учун етарли шарт-шароит яратиш.
Юқоридаги вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши мамлакатимиз таълим тизимининг халқаро таълим жараёнига интеграциялашувини таъминлайди, соҳадаги бўшлиқларни аниқлашга, янги вазифаларни белгилаб олишга хизмат қилади. Энг муҳими, ўқувчилар билимини адолатли ва шаффоф баҳолашга эришамиз.
Абдураҳим НОСИРОВ,
Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув-методик жараёнларни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи