Олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёж қандай тўлдирилмоқда
Аббосжон Жумамуродов Навоий шаҳрида камолга етган. Бу ерда яхши яшаш ва меҳнат қилиш учун барча имконият муҳайё бўлса-да, негадир Навоий давлат педагогика институтини тугатгач, фаолиятини вилоят марказидан бир неча километр олисда жойлашган Томди туманидаги 25-мактабда бошлади.
— 2017 йилнинг 25 апрелида Президентимизнинг “Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганда институтни битириш арафасида эдим, — дейди Аббосжон. — Бу ҳужжат бекорга қабул қилинмаганини ҳис этдим. Ахир чўл ҳудудидаги таълим муассасасида яшаётган ёшлар ҳам фанларни замон талаблари даражасида ўқиб, ўрганишга ҳақли-ку, деган хаёлга бордим. Шу ўйлар менга тинчлик бермай қўйди. Қалбимдаги шижоат мени шу томонларга бошлаб келди.
Аббосжон фаолиятининг илк кунлариданоқ мактабга янги руҳ олиб киришга интилди. Туман халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Гулжазира Айтбоеванинг айтишича, у тарих фанини ўқитишда янги педагогик технологиялар, АКТ воситаларидан самарали фойдаланмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг мактаб етакчиси сифатида ҳам ибратли ишларни амалга оширмоқда.
— Мактабимизда таълим қозоқ тилида олиб борилади, — дейди ёш педагог. — Шунинг учун сабоқларга луғатдан фойдаланиб тайёрланаман. Қозоқ адибларининг асарларини мутолаа қилишим ҳам ёрдам беряпти. Яна бир қувончли жиҳат, мен қозоқ адабий тилини ўрганишга қанчалик киришган бўлсам, ўқувчиларим ҳам ўзбек тилига шунчалик меҳр қўйишган. Бу эса дарслар мароқли ўтиши, ўзлаштириш самарадорлиги ортишига хизмат қилмоқда. “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичида фахрли 3-ўринни қўлга киритишимга ҳам ана шу иштиёқ туртки бўлди. Ниятим — Қизилқумнинг олис ҳудудидаги таълим муассасаларида олий маълумотли мутахассисга бўлган эҳтиёж таъминланишига ҳисса қўшиш.
Дарвоқе, Навоий вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли мактабларда фаолият юритаётган 16694 нафар педагог-ходимнинг 15648 нафари олий, 1346 нафари ўрта махсус маълумотли мутахассислар.
— Бошқарма томонидан таълим муассасаларини олий маълумотли педагог ходимлар билан таъминлаш мақсадида 2017-2018 ўқув йили бошида 1055 нафар олий маълумотли мутахассис ишга қабул қилинди. Уларнинг 569 нафари ёш кадрлар, — дейди вилоят ХТБ бўлим бошлиғи Фазлиддин Бўринов. — Касб-ҳунар коллежларининг қисқариши муносабати билан яна 1320 нафар олий маълумотли педагог ходимлар тизимдаги муассасаларга жалб этилди. Вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Навоий давлат педагогика институти ва бошқа педагогик йўналишдаги олий таълим муассасалари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилда Учқудуқ, Томди ҳамда Конимех туманларидаги чекка ҳудудларда жойлашган таълим муассасаларидаги вакант ўринларни қоплаш мақсадида Навоий давлат педагогика институтининг 58 нафар 4-босқич талабаси педагогик амалиётга юборилди.
Бошқарма томонидан Учқудуқ, Томди ҳамда Конимех туманларидаги таълим муассасаларини олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш, таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида Мувофиқлаштирувчи комиссия тузилди. Бу ҳам соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда. Мисол учун, жорий ўқув йилида чўл ҳудудидаги таълим муассасалари 62 нафар олий маълумотли педагог билан таъминланди.
— Президентимизнинг “Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қайд этилганидек, маҳаллий бюджет ҳисобидан олис чўл туманларига кўчиб келган оилаларнинг 18 ёшдан катта бўлган ҳар бир аъзосига 2 миллион сўм, 18 ёшдан кичик бўлган ҳар бир аъзосига 1 миллион сўм, жами ҳар бир оилага 10 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда бир марталик моддий ёрдам ажратиш тартиби жорий этилди, — дейди Фазлиддин Бўринов. — Ишга таклиф этилган олий маълумотли мутахассисларга камида беш йил давомида ишлаш шарти билан махсус устамалар бериш, хизмат уйлари билан таъминлаш, уй-жойларни ижарага олганлик, ётоқхоналарда яшаш билан боғлиқ сарф-харажатлари учун энг кам иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаб бориш, бўшаб қолган ва эгасиз уй-жойларни бошқа ҳудуддан келган уй-жойга муҳтож оилаларга текинга бериш ва шу ерда 3 йилдан ортиқ истиқомат қилса, шахсий мулк сифатида расмийлаштириш каби жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Бизнинг 23-умумий ўрта таълим мактабимиз Конимех тумани марказидан 160 километр узоқда — Қизилқум чўли бағридаги Янгиқазған қишлоқ фуқаролар йиғини Пахтакор овулида жойлашган, — дейди мактаб директори Саодат Халилова. — Асосан чорвадорларнинг болалари таълим олаётган мактабимиз ўқувчилари ҳам чет тилларини ўрганишни орзу қилар, лекин мутахассис йўқлигидан дарслар ўтилмай келарди. Президентимизнинг қарори қабул қилиниши натижасида болажонларимизнинг неча йиллик орзуси ушалди. Мактабимизда ёш, билимли инглиз тили фани муаллимаси Нилуфар Баҳронованинг иш бошлади.
Юқори синф ўқувчилари инглиз тили тўгарагида дарсдан сўнг билимларини янада оширмоқда. Навоий давлат педагогика институтини “Бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иши” мутахассислиги бўйича тугатган Несибили Табакулова, Рая Раматова ҳам илм масканига ёшлик шижоати, ғайратини олиб киришди.
Бугунги кунда Навоий давлат педагогика институтида 7 та йўналиш бўйича ташкил этилган махсус сиртқи бўлимда 303 нафар ўрта махсус маълумотли педагог таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, жорий йилда мазкур олий даргоҳни тугатаётган 19 нафар талаба билан Навоий шаҳридаги таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар ўртасида уч томонлама шартнома тузилган.
— Мактабимизда таълим рус тилида олиб борилади, — дейди Навоий шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Шоира Темирова. — Физика фани ўқитувчиси етишмасди. Навоий давлат педагогика институти маъмуриятига мурожаат қилиб, “Физика ва астрономия ўқитиш методикаси” йўналишининг 4-босқич талабаси Сардор Адизов билан уч томонлама шартнома туздик. Жорий йилда у институтда таълим олиш билан бирга муассасамизда ўз фаолиятини давом эттирди. Билим даргоҳида йўлга қўйилган “Устоз-шогирд” анъанасига биноан унга тажрибали олий тоифали ўқитувчи Соҳиба Бекниёзова мураббийлик қилмоқда.
Шу ўринда айрим муаммоларга ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Мисол учун, 2013 йили чет тили фанлари ўқитувчиларига бўлган талабни инобатга олган ҳолда, мақсадли қабуллар йўлга қўйилган. Жумладан, Навоий вилоятидан Навоий ва Нукус давлат педагогика институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўндан ортиқ талаба туман ва шаҳар ҳокимликларининг тавсияномаси асосида ўқишга қабул қилинган эди. Бугун қўлига мутахассислик дипломини олиш остонасида турган ана шу ёшларнинг айримлари тавсиянома берилган ҳудудга бориб ишлашни рад этишяпти.
— Бунинг бир қанча сабаби бор, — дейди Фазлиддин Бўринов. — Мисол учун, қизларнинг бошқа шаҳар ва туманга турмушга чиқиб кетиши келишув бандларининг бузилишига олиб келмоқда. Оқибатда мутахассис дипломини ололмайди, давлат томонидан унинг ўқишига сарфланган харажатлар ҳавога совурилади...
Яна бир жиҳат, вилоят халқ таълими бошқармасидан берилган маълумотларга кўра, ҳудуддаги таълим қозоқ тилида олиб бориладиган мактабларда тарих, кимё, физика фани ўқитувчиларига талаб ҳамон юқори. Айни кунда бу эҳтиёж ўзбек тилида таҳсил олган шу фан ўқитувчилари ҳисобига тўлдирилмоқда.
Ойбуви ОЧИЛОВА