Тест педагог салоҳиятини белгилай оладими?
“Ma’rifat” газетасида чоп этилган “Ўқитувчига эркинлик беринг! Ёхуд сертификатли муаллим керакми ёки малакали?” (2018 йил 28 апрель) номли мақолани жамоамиз билан қайта-қайта ўқиб чиқдик. Ўқитувчиларни қийнаётган муаммолар ўринли кўтарилибди. 22 йилдан бери Янгийўл туманидаги 17-мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс бераман. Туманда тренер-ўқитувчи сифатида ҳамкасбларимга методик кўмак беришга ҳаракат қиламан.
Фаолиятимни бошлаганимдан буён таълимга доир кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинди. Бу соҳани янада тараққий эттириш билан бирга педагог ходимлар зиммасидаги масъулиятни ҳам оширди. Жумладан, ўқитувчилар билими ва савиясини аниқлашдаги аттестация жараёни ҳам ана шундай омиллардан. Кейинги пайтда бу борада кўп баҳслар бўляпти. Жумладан, ўқитувчилар билим ва малакасини тест асосида аниқлаш механизми бир томонлама экани қайд этиляпти. Гўё янгича усулда дарс ўтиш, ўқиган бадиий асарини ҳамкасбларига тавсия қилиш, ўқувчи билан муносабатга киришишдаги методлар муҳим эмасдек.
“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида иштирок этдим. Танлов шартлари бугунги кунда ўқитувчи учун ниҳоятда зарур йўналишларни қамраб олган. 21 нафар ўқитувчи ўзаро беллашдик. Ҳар бир шартдан муваффақиятли ўтиб, юқори натижага эришиб келаётгандим. Охирги шарт — онлайн-тестга 11 қатнашчи етиб келдик. Монитордаги айрим тестларни кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Фақат мен шундай кайфиятга тушдимми, деб сафдошларимни кузатдим, йўқ, барча устозларнинг юзида тушкунликни кўрдим. Барча қатнашчилар тест саволларидаги мантиқсизликдан норози бўлди.
Бир куни ўқувчиларимдан ўтилган мавзуларни мустаҳкамлаш учун тест олдим. Паст ўзлаштирадиган ўқувчим тахминий белгилаб, аъло баҳо олди. Саволларнинг мазмун-моҳияти ҳақида эса ҳеч нарса билмайди. Партадоши унинг ҳатто саволларни ўқиб кўрмаганини айтди. Ўқитувчининг билимини ҳам шу тарзда синовдан ўтказиш қанчалик тўғри?
Саволларнинг мантиқсизлиги ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Мисол учун, бир саволда 1963—1967 йилларда “Муштум” журналида ишлаган адибнинг отаси қайси касб эгаси бўлганини топиш сўралган. Ўйлаб қолдим. Бу савол ўқитувчининг билим ва маҳорати, савиясини аниқлай оладими? Она тили ва адабиёт фани ўқитувчисини бундай тестлар билан синовдан ўтказгандан кўра, қанча китоб ўқигани, шеър ўқиш маҳорати, адабиёт ҳақидаги билими, ижодкорлиги синовдан ўтказилса, маъқул бўлмайдими?!
Малака оширишга борганимизда тест ечиб, сертификатни қўлга киритамиз. Аммо у тестларга кейин на аттестацияда, на онлайн тестда дуч келамиз. Яна бир таклифим — тестларни ҳамкорликда тузиш керак. Аттестациядан ўтолмаган педагоглар малака оширишга юборилади. Аммо улар қайси тестга тайёргарлик кўради? Ахир, малака ошириш курсларидаги тест саволлари аттестацияда ҳам, бошқа кўрик-танловларда ҳам тушмайди-ку?!
Акрамжон ҲАЙИТОВ,
Янгийўл туманидаги 17-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси