Халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича “Маърифат”—“Учитель Узбекистана” газеталари таҳририяти таклифлари
Халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича
“Маърифат” — “Учитель Узбекистана” газеталари таҳририяти таклифлари
Муаммо: Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 13 июнда қабул қилинган “Халқ таълими муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тасдиқланган (Адлия вазирлигида 2012 йил 3 июлда 2377 рақами билан рўйхатдан ўтказилган) “Халқ таълими муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низом”нинг 6-боб 24-бандига кўра, таълим муассасасида ўқувчилар (тарбияланувчилар) ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари)дан турли сабаблар билан таълим муассасаси раҳбарияти ва бошқа ходимлари (синф раҳбарлари, ўқитувчилар, тарбиячи, тарбиячи-ёрдамчилар ва тўгарак раҳбарлари) томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.
Шундай бўлса-да, мактаб маъмурияти томонидан синф ва мактаб фонди, таъмирлаш ишлари, фаррошга ҳақ тўлаш, канцелярия молларини харид қилиш, турли байрамларни ўтказиш, ўқитувчи-педагогларга совға-саломлар олиш каби важлар билан ўқувчилардан ноқонуний равишда пул йиғиш ҳолатлари ҳамон мавжуд.
Муаммо: мактабларга давлат томонидан маблағ ажратишда уларнинг контингенти ҳисобга олинмайди. Мисол учун 3 мингта ўқувчиси бор таълим муассасаси ҳам, 500 ёки мингта ўқувчиси бор мактабга ҳам бир хил сумма ажратилади. Натижада катта контингентли мактабда моддий етишмовчилик кузатилади. Мисол учун чиқиндиларни кунлик ташиш учун улар ўз ҳисобидан пул тўлашга мажбур бўлади.
Муаммо: Кўп ҳолларда мактабда фавқулодда ҳолатлар юз берса, мутахассислар фақат нақд пул ҳисобига иш бажаради. Мактабда эса бунинг учун имконият яратилмаган.
Таклиф: Агар ота-оналар ихтиёрий равишда ёрдам кўрсатмоқчи бўлса, ҳомийлик маблағлари васийлик кенгаши фаолиятига оид низомнинг 4-боб 13-бандига кўра, халқ таълими бўлимининг ҳисоб рақамига кирим қилиниши керак. Маблағлардан фойдаланиш йўналишларини белгилаш ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда халқ таълим бўлими ҳисобчисининг ҳисоботи эшитилади. Ҳомийлик пуллари мактабни ободонлаштиришга, синфхоналарни жорий таъмирлашга сарфланади. Низомга мувофиқ, жараён шаффофлигини таъминлаш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш керак. Шунингдек, ҳар бир туманда марказлашган тарзда мактабларга хизмат кўрсатувчи қурилиш фирмалари ташкил этиш керак.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2017 йил 18 октябрь сонидаги “ Мактабимизда пул йиғилмайди ” ёки синф фонди” ва “мактаб фонди” учун пул йиғиш қонунийми?" мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Ўқитувчининг билими ва савиясини у дарс берадиган синф ўқувчиларининг ўзлаштириши билан боғлаш принципи мавжудлиги туфайли ўқитувчи ўз манфаатини кўзлаб ўқувчиларининг баҳосини сунъий равишда кўтариб қўяди.
Таклиф: Ўқитувчининг билими ва савиясини у дарс берадиган синф ўқувчиларининг ўзлаштириши билан боғлаш принципидан воз кечиш, ўқувчилар билимини компьютер орқали баҳолаш тизимини жорий этиш ва жараёнда инсон ролини камайтириш керак. Шунда ўқитувчининг ўз манфаатини кўзлаб ўқувчиларининг баҳосини сунъий равишда кўтаришига зарурат қолмайди.
Муаммо: Мактабда якуний давлат имтиҳонлари номига ўтказилади. Имтиҳондан ўтолмаганларга чора кўриш механизми йўқ.
Таклиф: Мактабда барча фанлардан якуний давлат имтиҳонларини олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига тенглаштириш, бунинг учун қуйи бўғинларда ҳам ўқувчилар билимини шаффоф баҳолайдиган тест марказини тузиш зарур.
Муаммо: Мактабларда бир-бирини такрорлайдиган, ўқувчининг тўлақонли билим олишига халал берувчи, вақтини беҳуда кетказувчи фанлар мавжуд.
Таклиф: Мактабларда ўқитиладиган умумий фундаментал фанлар сонини 8 тадан оширмаслик, бир-бирини такрорлайдиган фанлар ўрнига ақлни чархлайдиган фанлар соатини кўпайтириш керак.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 3 февраль сонидаги “ Устоз деган номга муносиб бўлайлик !” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Тўлдириш зарур бўлган ҳужжатлар кўплиги учун ўқитувчи сифатли билим беришдан чалғийди. Ҳужжатларни тўлдиришга вақти етмагач, педагог кўзбўямачиликка қўл уради, яъни кўчирмачилик қилади.
Таклиф: Ўқитувчилар юритадиган ҳужжатлар сонини камайтириш, мазмунан ўхшаш, қисман бўлса-да, бир-бирини такрорлайдиган ҳужжатларни оптималлаштириш, педагогларга турли устамалар белгилаш ва салоҳиятини баҳолашда уларнинг ҳужжатларни юритишига эмас, балки ўқувчиларининг фанни ўзлаштиришига эътибор қаратиш зарур.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 28 февраль сонидаги “ Ўқитувчи ҳужжати самараси қоғоздами ёки амалда? ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Қаровчисиз қолган болаларни яқинлари васийлик ва ҳомийликка олиши учун жуда кўп ҳужжат йиғиш талаб этилади. Бундан улар бош тортмоқда, натижада бола эътиборсиз қолиб кетмоқда.
Таклиф: Агар ота-она (ҳар иккиси ҳам) вояга етмаган фарзандини ташлаб, 6 ойдан ортиқ муддатга хорижга кетмоқчи бўлса, болага қонуний вакил бириктирилгани тўғрисидаги қарордан кейингина уларга рухат берилиши қонунга киритилиши лозим.
Муаммо: Қаровсиз қолган ёки зўравонликка учраган болани болалар уйига жойлаштириш учун қатор ҳужжатлар йиғиш лозим. Натижада тасодифан шундай вазиятга тушган болани ҳужжатлар йиғилгунча сақлаш муаммога айланмоқда.
Таклиф: Бундай вазиятга тушган болаларни сақлаш учун аниқ жой қонунан белгиланиши зарур.
Муаммо: Қаровчисиз қолган болаларни кекса ёшли бобо-бувилари қарамоғига олмоқчи бўлишади. Ваҳоланки, улар кексалиги туфайли ўзларини базўр уддалашади. Оқибатда бола қаровсиз қолиб кетади.
Таклиф: Васийлик ва ҳомийликка олувчи шахсларнинг ёшини қатъий белгилаш лозим.
Муаммо: Қонунда қаровчисиз қолган болаларга нафақа тайинлаш учун қайси ташкилотга мурожаат этиш лозимлиги аниқ кўрсатилмаган. Мурожаат қилинадиган орган(маҳалла)лар эса ёрдам пулини кўпайтириш ваколатига эга эмас. Оқибатда болаларга уларнинг харажатларига етмайдиган даражада кам нафақа ажратилаяпти.
Таклиф: Ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш, улар тақдирига масъулликни ўз зиммасига олувчиларни қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқиш лозим.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 11 апрель сонидаги “ Қаровчисиз болага ким масъул? ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Мактабларда қоғозбозлик авж олган.
Таклиф: Электрон маълумотлар банкини яратиш, аудио ва видеотизимлар ўрнатиш каби инновацион технологияларни ўрнатиш орқали қоғозбозликни 90 фоизгача камайтириш мумкин.
Муаммо: Тадбирбозлик ва педагог ваколатига кирмайдиган топшириқлар ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, эртанги дарсларига тайёргарлик кўриши учун зарур бўлган вақтини ўғирлаяпти.
Таклиф: Тадбирбозликни камайтириш зарур.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 21 апрель сонидаги “ Мажбурий меҳнат тугади, ўқитувчи энди озодми? ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Педагоглар аттестациясига доир қонунчиликда фундаментал камчиликлар мавжуд. Ўқитувчи апрель ойида тест топширади. Натижадан қатъи назар, май ойидан бошлаб, янги тоифани тасдиқлашга доир юқори идоралар буйруғи чиққунга қадар (август-сентябрь ойларигача) ўқитувчиларга мутахассис тоифасида ойлик тўланади.
Таклиф: Янги тоифани тасдиқлашга доир юқори идоралар буйруғи чиққунга қадар (август-сентябрь ойларигача) педагогга олдинги тоифаси бўйича ойлик маош тўлаш лозим.
Муаммо: Аттестация ўтказилиш вақти қатъий белгиланади. Яъни ўқитувчининг вақти, дарслардан бўш вақти ҳисобга олинмайди.
Таклиф: Ўқитувчилар вақти ҳисобга олинса, дарслар қолиб кетмаган бўларди.
Муаммо: Аттестацияда тушадиган тестлар олдиндан ўқитувчиларга бериб қўйилмайди. Ўқитувчи нимага тайёрланишни яхши билмайди.
Таклиф: Таълим порталларига тестлар жамланмасини жойлаштириш лозим.
Муаммо: Олий тоифали ўқитувчи мақомини олиш учун керак бўлган балларни халқ таълими бўлими ёки халқ таълими бошқармалари услубчиларининг ўзи ҳам тўплай олмайди.
Таклиф: Аттестацияда фақат назарияни сўраш эмас, ўқитувчининг фазилатлари, болалар билан мулоқот қила олиш хусусиятларини ҳам ўрганиш лозим.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 28 апрель сонидаги “ Ўқитувчига эркинлик беринг! Ёхуд сертификатли муаллим керакми ёки малакали? ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: 5 баллик баҳолаш тизими нисбатан умумий. Ўқувчиларни изланишдан тўхтатиши мумкин.
Таклиф: 5 баллик баҳолаш тизими ўқувчиларнинг аъло, яхши, ўрта ва қониқарсиз ўқишини аниқласа, 100 баллик тизим унинг рейтинг ўрнини белгилаб беради. Ўқувчиларнинг оғзаки жавоблари ва ёзма ишларини 5 баллик тизимда, тест синовларининг натижаларини 100 баллик тизимда баҳолаш лозим.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 12 май сонидаги “Аълочилар сафида мен нечанчиман?” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Она тили дарслиги муаллифи бўлган тилшунослар методикани, методистлар тил қонуниятларини билмайди. Дарсликларда қоида ўқитилиб, ортидан мисол берилаверади.
Таклиф: Дарсликлардаги мисолдан қонуният яратиш керак. Боланинг ўзи бажариб кўриши, ўзи мисолдан қоидани чиқариши лозим. Замонавий дарсликлар шундай тузилиши керак. Бошқа тиллардан олинган намуналар бўйича тилимизни ривожлантириш, услуб ва хусусиятларини тилимизга “тиқиштирмаслик” лозим. Барча дарсликлар учун амалиётчи ўқитувчидан бир муҳаррир тайинланиши, у дарсликлар мазмуни мувофиқлашишига масъул бўлиши зарур.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 16 май сонидаги “ Давр ва она тили таълими муаммолари ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Ўқитувчиларни аттестациядан ўтказишда асосий эътибор тест натижасига қаратилади. Оқибатда 30-40 йиллик тажрибага эга педагог ҳам етарли балл тўплай олмаса, энди ўқишни тугатиб келган ўқитувчига тенглаштириб қўйилади. Бу уларнинг иштиёқини, руҳини синдирмоқда.
Таклиф: Тестнинг ўрнига ўқитувчининг дарсини кузатиш, у билан суҳбатлашиш, иш самарадорлигини ўрганиш аттестациянинг шаффофлигини таъминлайди. Бунда ўқитувчи стажи инобатга олиниши зарур.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 19 май сонидаги “ Педагог стажи муҳим эмасми? ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори чиққанига қарамай, баъзи синфларда ўқувчилар сони ҳамон 35 нафардан ортиқ, аслида 35 ўқувчи ҳам бир синф учун кўплик қилади. Синфда ўқувчилар 25 нафардан ошмаслиги зарур. Айрим синфларда ўқувчилар ўртача 40-45 нафарни ташкил этаётгани ўқитувчига янги мавзуни тушунтириш, уйга вазифани сўраш, болалар билан якка тартибда ишлаш учун жуда қийинчилик туғдиради. Айниқса, мураккаб фанларда. Ўқитувчи уларни баҳолашга ҳам улгурмайди.
Таклиф: Синфда ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги лозим.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 23 май сонидаги “ Синфда ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги керак! ” мақоласида ўқиш мумкин.
“Муаммо: Ўқитувчининг нуфузи тушиб кетишининг асосий сабабларидан бири уларга ҳеч қандай имтиёз йўқлигидир. Ўқитувчилар меҳнати муносиб тақдирланмаяпти. Мисол учун “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови ғолиблари диплом ва “қимматбаҳо совғалар” билан тақдирланди, холос.
Таклиф: Ўқитувчиларга 2004 йилгача бўлган коммунал тўловлардан имтиёзни яна қайтариш лозим. Имтиёзли кредитлар ҳисобига уй-жой сотиб олиш имконини бериш, автокредит ажратиш ҳам соҳа ходимлари нуфузини оширади. Турли кўрик-танлов ғолибларига муносиб тарзда совғалар бериш керак.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 13 июнь сонидаги “ Нега ўқитувчига имтиёз йўқ?! ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Умумтаълим мактабларида фан тўгараклари номига иш олиб боряпти.
Таклиф: Фан тўгараклари дарсдан сўнг ўқувчига умумий даражада сабоқ берадиган майдонга айланиши керак. Мактаб таълимини баҳолаш мезони, ўқувчилар билимини аниқлаш механизмини қайта ислоҳ қилиш зарур.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 23 июнь сонидаги “ Репетиторсиз талаба бўлолмайсизми? ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Чет тили дарсликларидаги мураккаб ва содда жиҳатлар ўқувчига ноқулайлик туғдирмоқда.
Таклиф: Ёш ўқитувчилар малакасини ошириш, дарсликлардаги такрорий мавзуларни бартараф этиш, амалий машғулотларни кўпайтириш керак.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2017 йил 13 сентябрь сонидаги “Ўқувчилар чет тилини қандай ўзлаштирмоқда?” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Ўқитувчи ва ота-оналар ўртасида мулоқот муҳити сустлиги боис ўқувчиларнинг интизоми, ўзлаштириши пасайиб кетган. Айрим ота-оналар фарзандининг тарбияси ва таълими билан деярли шуғулланмаслиги сир эмас. Оқибат муаммо урчиб кетган ҳолда ўқитувчи билан ота-она ўзаро муросага келолмай қолади.
Таклиф: Синф раҳбари, мактаб директорининг ўринбосарлари билан ота-оналар ўртасида онлайн мулоқот ўрнатилиши мақсадга мувофиқ. Шундай мулоқот муҳитини яратиш керакки, ота-оналар фарзандининг таълим-тарбиясига оид фикрларини билдириши, фан ўқитувчи ва синф раҳбарлари ўқувчининг ўзлаштириши ва хулқи ҳақида қисқача тавсиф ёзиб боришлари керак. Бу онлайн тизим мактаб миқёсида ташкил этилиб, ижроси назорат қилинса бўлади. Бунда ўқувчнинг кунлик ва ҳафталик хатти-ҳаракатидан отаси, онаси хабардор бўлиши ва назоратга олгани ҳақида амалий ишини жавоб сифатида маълум муддатда билдириши керак. Масалан, фалончи ўқувчи она тили ва адабиёт фанидан диктантни уч баҳога лойиқ ёзади, ҳуснихати ҳам ачинарли аҳволда, қолаверса у ўқитувчисининг эътирозига ҳурматсизларча гап қайтариб жавоб берди. Бу ҳолат бўйича онлайн мурожаатга онаси фикр билдиради: “боламга ҳар куни 5 бетдан диктант ёздириб, чиройли ва бехато ёзуви устида ишлаб боряпман. Тартиби бўйича уни дўстлари билан томошага боришини тақиқлаб, жазоладик”.
Муаммо: Тизимда ўтказиладиган фан олимпиадаси ва кўрик-танловларда шаффофлик ва адолат тамойилларига риоя этилмайди.
Таклиф: Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган фан олимпиадалари (олий ўқув юртига кириш ҳуқуқини берувчи бошқа танловлар)да ҳалоллик ва шаффофликни максимал даражада таъминлаш чораларини кўриш керак. Қолаверса, ўқитувчилар (“Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” каби) танловларининг нуфузини ошириш, “Йилнинг энг яхши мактаби” танловини ҳам жорий этиш зарур. Бу танловда барча расмиятчиликлардан холи, танлов шартларида фақат таълим сифати ва қониқорли тарбия муҳитини аниқлайдиган талаблар белгиланиши керак. Унда мактабнинг охирги олти ойлик давомати, ўқувчилар ўзлаштириши, керак бўлса махсус сўровномалар асосида олинган ўқитувчиларнинг маҳоратини баҳолайдиган мониторинг натижалари ҳам танловнинг адолатли ва шунчаки эмаслигини таъминлайди.
Муаммо: Маълумки, малака ошириш тизимида мутахассислик фанлари бўйича ўқув мажмуалари Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институти олимлари томонидан ишлаб чиқилади ва амалиётга татбиқ этилади. Аммо бугун айрим фанлар бўйича ўқув модулларини талаб даражасида деб бўлмайди.
Таклиф: Институтларда илмий ишларга жалб этилган татқиқотчилар учун турли мазмун ва шаклдаги тадбирларни ишлаб чиқиш лозим. Улар ўртасида грант танловлари ўтказиш, методологик семинарлар ташкил этиш, барча таъминотни яхшилаш ва энг муҳими, етакчи хорижий институт ва илмий марказларда малака оширишларини йўлга қўйиш керак.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2017 йил 28 октябрь сонидаги “Ўқув дастурлари такомиллашса малака ошириш тизимида таълим сифати ва самарадорлиги янада яхшиланади” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Таълим муассасаларини куз-қиш ва янги ўқув йилига тайёрлаш чоғида кўплаб муаммолар юзага келади. Жумладан, аксарият мактабларга кўмир ва брикет етказиб беришда сусткашлик кузатилади.
Муаммо: Етказиб берилган кўмир ва брикет сифатсиз бўлади. Молия вазирлиги томонидан ажратилган пулларга кўмир ва брикет сотиб олиш учун танлов имконияти йўқ. Макаб директори хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам шуни сотиб олишга мажбур.
Таклиф: Бу муаммони ижобий ҳал этиш учун мактабларга ёқилғи сотиб олиши учун танлов имконияти яратиш керак. Қайсидир ташкилотнинг монополистик фаолиятига чек қўйиш лозим.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2017 йил 4 ноябрь сонидаги “Ёзнинг бир куни қишни боқади” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Маълумки, давомат мактабда ўқувчиларга эътиборни, дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар аҳамиятини, ўқитувчиларнинг ўз ишига ёндашувини кўрсатади. Давомат мактабнинг уриб турган юрагига қиёсланади. Аммо афсуски, бугунги кунда аксарият мактабларда бу борада жиддий камчиликлар мавжуд. Ўтказилаётган “давомат-рейд” тадбирларида кўплаб ўқувчилар дарсга келмаслиги аниқланмоқда. Хўш, ўқувчиларни дарсга қизиқтириш учун нима қилмоқ керак? Қандай тадбирлар уларни мактабга иштиёқ билан келишини таъминлайди?
Таклиф: Ҳар бир мактабда “Энг яхши китобхон ўқувчи”, “Давомати энг яхши синф”, “Давомати энг яхши ўқувчи” каби танловлар ташкил этиш яхши самара беради. Бунда ҳар ҳафта якунига кўра ғолиб ўқувчи ва синф тақдирлаб борилади. Шунингдек, ота-оналар ҳам маҳалла фуқаролар йиғини орқали рағбатлантирилади, қўни-қўшни орасида тақдирланишига бошқа ота-оналар ҳам ҳавас билан қарайди. Ота-оналар, МФЙ билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, “алоқа дафтари” юритилади. Унда ўқувчининг одоб-ахлоқидан тортиб, фанларни ўзлаштириши ва эришган натижаси акс этади.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2017 йил 20 декабрь сонидаги “ Мактабларда давомат қандай? ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Айрим ўқитувчилар турли совға-салом, илтимос ва дабдабабозликларга учиб, ўқувчилар таълим-тарбиясида қатъиятсизликка йўл қўяди, улар билимини баҳолашда адолат мезонларига риоя этмайди.
Таклиф: Мактаб педагогик жамоасини соҳада ишлашга лаёқатсиз ходимлардан тозалаш учун ўқувчи ва ота-оналар орасида аноним сўровномалар ўтказиш, депутат, олим ва тажрибали педагоглардан иборат нуфузли комиссия тузиб, ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш ҳамда аттестация ва сўровнома натижаларига қараб ўқитувчиларни тоифаларга ажратиш ва шунга кўра маош тайинлаш.
Муаммо: Ҳар йили ўқитувчиларнинг муаммосини изчил ўрганиб, тизимли таҳлил қилиш, ютуқ ва камчиликларни ўрганиб, ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифларни ўрганиш механизми пухта йўлга қўйилмаган.
Таклиф: Республика ўқитувчилар уюшмасини тузиш ва ҳар йили унинг қурултойини ўтказиб, ўқитувчиларни қийнаётган муаммоларга ечим излаш, ютуқ ва камчиликларни таҳлил этиш, ўқитиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдим этиш;
Муаммо: Адабиёт фани ўқув дастурини тузишда ўқувчилар шахси, ёши ва психофизиологик хусусияти инобатга олиниши, дастурга киритилган ҳар бир маълумот мукаммал дарсликлар яратишга асос бўлиши, ўқувчининг бадиий-эстетик дидини шакллантириш, ижодий фикрлашга йўналтириш, ватанпарварлик, миллатпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоғи лозим, бироқ дастурда такомиллаштирилиш зарур бўлган баҳсталаб ўринлар, мавзулар бўйича соатлар тақсимотида номувофиқликлар мавжуд. Материалларни дарсликларга жойлаштиришда ўқувчиларнинг ёши, шахси ва психофизиологик жиҳатларига яхши эътибор қаратилмаган, асарлардаги менталитетимизга хос бўлмаган парчалар киритилган, баъзи мавзулар такрор берилган.
Таклиф: Ўқув дастурини тузишда ўқувчилар шахси, ёши ва психофизиологик хусусиятини инобатга олиш, дастурга киритилган ҳар бир маълумотнинг ўқувчиларнинг бадиий-эстетик дидини шакллантириш, уларни ижодий фикрлашга йўналтириш, ватанпарварлик, миллатпарварлик руҳида тарбиялашига эътибор қаратиш зарур.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 10 февраль сонидаги “Мукаммал ўқув дастури — таълим сифати гарови” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: Айрим касб-ҳунар коллежлари базасида ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўқувчиларнинг ЭҲМ оператори мутахассислигини ўрганиши учун компьютер йўқ, шу туфайли болалар назарий билим олиш билан чекланяпти. Баъзи ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари мактаблардан анча узоқда жойлашгани учун ўқувчилар уйга кеч қайтаётгани ота-оналарнинг эътирозларига сабаб бўляпти. Бир неча коллежларда эса хоналар ниҳоятда совуқ бўлгани учун ўтказиладиган машғулотлар бекор қилинган.
Таклиф: Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жумладан, компьютер билан таъминлаш, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини яқинроқ ҳудудда ташкил этиш ва уларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини назорат қилиш, ЭҲМ мутахассислиги бўйича ўқувчиларни етарли моддий-техник базага эга мактабларнинг ўзида ўқитиш, узоқдан қатнайдиган ўқувчилар учун ҳомийлик асосида ёки ота-оналар ҳисобидан транспорт қатновини йўлга қўйиш зарур.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 14 февраль сонидаги “ Компьютерсиз ЭҲМ оператори мутахассислигини ўзлаштириш мумкинми? ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” фанини ўқитиш учун ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий унвонга эга, соҳада етарли тажриба тўплаган, фанни ўтишга муносиб мутахассислар етишмайди. Назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш учун ўқув жараёнига мослаштирилган қурол-аслаҳа, жиҳоз ва кўргазмали воситаларнинг йўқ. Айрим мактабларда “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” фани учун махсус ажратилган хоналарнинг мавжуд эмас.
Таклиф: “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” фанидан дарс бериш учун захирадаги офицер кадрларни топиб, таълим жараёнига жалб этиш, амалий машғулотлар учун фан хонасини махсус кўргазмали восита ва жиҳозлар билан таъминлаш зарур.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 17 февраль сонидаги “ Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик. Аслида бу фандан кимлар сабоқ бериши керак? ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: “Телеграм” ва бошқа ижтимоий тармоқларда ўқувчилар, ота-оналар ва ўқитувчиларнинг камчиликларини таҳлил қилиш, турли мақсадлар учун пул йиғишни тарғиб этиш турли низоларни келтириб чиқармоқда.
Таклиф: Тармоқда фақат таълим сифатини оширишга хизмат қиладиган фикр-мулоҳаза ва янгиликлар алмашилишини қўллаб-қувватлаш зарур.
Муаммо: “Телеграм”и бор ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичи бошқа тенгдошлариникига нисбатан 30-40 фоизга паст. Ўқувчилар қимматбаҳо телефонларни ишлатиши оқибатида турли ҳуқуқбузарлик ва ўғирлик ҳолатлари келиб чиқмоқда.
Таклиф: Мактабга қимматбаҳо телефон олиб келишни ва дарс пайтида мессенжерлардан фойдаланишни тақиқлаш лозим.
Бу ҳақда батафсил “Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 18 апрель сонидаги “ Телеграм”даги гуруҳлар таълим сифатига қай даражада таъсир қиляпти? ” мақоласида ўқиш мумкин.
Муаммо: кўпинча мукофотга муносиб, ўз касбига фидойи ўқитувчилар қолиб, савияси ҳаминқадар педагогларнинг таниш-билиш ёки турли манфаатли келишувлар орқали давлат мукофотларини олаётганига гувоҳ бўламиз.
Таклиф: ўқитувчиларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш жараёни шаффофлигини қатъий таъминлаш керак.
Муаммо: Давомат паст.
Таклиф: Ўқувчилар давомати ва уларни баҳолаш тизимини қатъий режимда амалга ошириш керак. Сабабсиз дарс қолдирган ўқувчига аниқ ва мақсадли ( масалан, 1 кун дарс қолдирган юқори синф ўқувчисига бир ойда 1 та бадиий асар ўқиб чиқиш топшириғини бериш ) жазо турларни тайинлаш зарур.
Муаммо: Педагогларнинг кўпчилиги замондан орқада қолмоқда, фикрлаш доираси тор. Аксарият ўқитувчилар мутолаани “унутиб қўйган”.
Таклиф: Ўқитувчиларнинг мутолаа маданиятини тубдан ошириш керак.
Муаммо: Ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида ўтказиладиган кўплаб беллашувлар холисликнинг камлиги, таниш-билишчиликнинг кўплиги боис нуфизи йўқ.
Таклиф: Ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган кўрик-танлов ва беллашувларнинг сонини камайтириб сифатини кўтариш керак. Шу боис бундай танловларда ташкил этишда шаффофликни таъминлаш зарур. Шундагина фан олимпиадаси ёки билимлар беллашуви каби танловлар номига ўтказилмайди.
Таклиф: Педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасаларида амалиёт машғулотларини кўпайтириш, бўлажак педагоглар учун тажрибали ўқитувчилар иштирокида ҳар ойда 2-4 марта маҳорат дарслари ташкил этиш керак. Маҳорат дарсларини юқори даражада ўтиши учун талабаларга иш услубларини ўргатган мутахассислар белгиланган тартибда моддий рағбатлантирилиши керак.
Таклиф: Ўқитувчиларнинг маошини ошириш орқали улардан сифатли таълим-тарбияни талаб этиш зарур. Талабга жавоб бермайдиган ўқитувчиларни ўқувчилар ўртасидаги аноним сўровномалар орқали аниқлаш мумкин.
Таклиф: Ўғил-қизларни қизиқиш ва қобилиятига қўра 9-синфдан сўнг барча мактабларда ихтисослашган синфлар ташкил этиш мумкин. Бунда ўқувчилар 9-синфгача умумтаълим фанларини ўрганса, 9-синфдан сўнг, яъни 10-11-синфларда қизиқиш ва қобилиятига кўра ихтисослашган синфларда билимини мустаҳкамлайди. Масалан, келажакда шифокор бўлишни ният қилган бола 9-синфдан сўнг кимё-биологияга ихтисослашган синфга аъзо бўлади.
Таклиф: Мактаб ўқувчи формасини бир хил кўринишда, қатъий қилиб белгилаш керак. Фарзандига кийим-кечак сотиб олиб беришдан чарчаган кўпчилик ота-оналар бундан беҳад хурсанд бўлишади.
Муаммо: Мактаб ўқувчилари замонавий АКТни яхши билмайди, бор техникалардан ҳам унумли фойдаланмайди. Ўқувчиларнинг дунёвий билимлари ва замонавий қарашлари етарли эмас, тўғри йўналтирилмаган.
Таклиф: Мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган, ичига истаганча электрон китоблар сиғдира оладиган, арзон планшетларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Улар Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил қилинган махсус порталдан доимий янгиланиб борилади. Интернет орқали туғилиши мумкин бўлган оммавий хавфлар учун чеклов ўрнатилади. Уларга турли мультимедиа дарсларини ёзиш, лаборатория ишларини 3D форматда намойиш қилиш, ҳамма фанлар бўйича тестлар ишлаб чиқиш мумкин бўлади. Ўйинлар ҳам бўлиши мумкин, улар ҳам билим берувчи турли ўйинлар бўлади. Дарс машғулотларининг маълум қисмида мана шундай электрон таълим олиш дақиқалари ажратилиши ҳам мумкин.
Муаммо: Умумтаълим муассасалари ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари фаолияти самарадорлигини баҳолаш, улар рейтингини аниқлашнинг адолатли ва шаффоф мезонлари пухта ишлаб чиқилмаган. Ўтган йилларда қўлланилган баҳолаш мезонлари аниқ-ҳисоб-китобларга асосланмаган.
Таклиф: Адолатли ва шаффофликка, аниқ ҳисоб-китобларга асосланган рейтинг тизими ва мезонларини ишлаб чиқиш ва амалиётга изчил татбиқ этиш лозим. Бу ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари ходимлари ва мактаб педагогик жамоаларини руҳлантириб, мотивациясини, ишга меҳрини оширади.