Янги давр адабиёт дарслиги эскича ёндашув ва қарашлардан холи бўлиши лозим
Дарслик таълим сифатини белгиловчи асосий омиллардандир. Давлатимиз томонидан ҳар йили таълим муассасаларини барча фанлардан керакли дарсликлар билан таъминлаш учун зарур чоралар кўрилади. Уларни чоп эттириш ва жойларга етказиб бериш учун катта маблағ ажратилади. Табиийки, катта пул эвазига нашр қилинаётган дарсликлар сифати талабга, замонавий методика тамойилларига мос бўлиши, ўқувчиларда давлат таълим стандартларида кўзда тутилган кўникма ва компетенцияларни шакллантиришга хизмат қилмоғи лозим. Бироқ мактаб ўқувчиларига мўлжалланган дарсликларнинг ҳаммасини ҳам бу талабларга жавоб беради, деб бўлмайди.
Тошкентдаги лицейлардан бирида ишлаганимда табиий фанларга қизиқадиган ўқувчим шундай дегани ёдимда: “Физика дарслигимиз шу қадар зерикарли ва тушунарсиз ёзилганки, худди икки физик бир-бири билан гаплашяптию, бошқаларнинг уларни тушуниш-тушунмаслиги билан иши йўқдай туюлади”. Ўша ўқувчим инглиз тилини яхши билгани учун чет тилидаги физика дарсликларини топиб ўқиди ва хорижий университетлардан бирига ўқишга кирди.
Адабиёт дарсликларини таҳлил қилишда ҳам қатор камчиликлар кўзга ташланади. Халқ таълими вазирлиги тасдиқлаган исталган адабиёт дарслигини олиб қарамайлик, мавзулар бир хил тақдим қилинганига гувоҳ бўламиз: адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот, ўрганиладиган асардан парча, “асар ҳақида” бўлими ҳамда савол ва топшириқлар. “Асар ҳақида” бўлимида дарслик муаллифи ўқилган асарни таҳлил қилиб, таъбир жоиз бўлса, ўқувчининг мустақил фикрига ўрин қолдирмай “чайнаб” беради. Савол ва топшириқлар орқали эса, асосан, адиб таржимаи ҳоли ва асар сюжетига оид фактлар, деталларни эслаб қолиш қобилияти мустаҳкамланади.
Адабиёт дарсликлари нега айнан шу тартибда тузилишини тушуниш учун озгина “мозийга қайтиш”имиз лозим. 1921 йили фуқаролар уруши ва ҳарбий коммунизм асоратларини енгиб ўтган собиқ иттифоқ ҳукумати асосий эътиборини таълимга қаратади. Адабиётшунос ва лингвист Павел Сакулин тузган дастур ва методика Маориф халқ комиссарлиги томонидан тасдиқланади. Бу дастурнинг энг асосий жиҳатлари — вариантлилик ва асарни ўқитишга бўлган ёндашув эди. Ўрганилиши лозим бўлган асарлар рўйхатидан айнан қайсиларини ўқитишни ўқитувчи ўз ўқувчиларининг қизиқиш ва тайёргарлик даражасини ҳисобга олган ҳолда ҳал қиларди. Дарснинг асосий объекти — бадиий матн бўлиши лозим эди, яъни ўқувчи асарни таҳлил қилишга ўргатиларди. Совет ҳукумати ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларини ўзининг тўлиқ назоратига олиши билан методикага, хусусан, адабиёт ўқитишга ёндашув ўзгарди. 1930-йилларга келиб, “ўқитувчи ва дарслик — ўқувчи учун ягона билим манбаи” деган қараш шаклланди. Таълимнинг мақсади дарсликда берилган маълумотни ўзлаштириш ва иложи борича матнга яқин қилиб қайтариш бўлиб қолди. Адабиёт, биринчи навбатда, мафкуравий тарбия қуролига айлантирилди. Ўқитувчи ва ўқувчилар асарни “нотўғри” талқин қилмаслиги учун асарларнинг “тўғри” таҳлили дарсликларда бериладиган бўлди. Бу ёндашув собиқ тузумнинг сўнгги йилларигача амал қилди. Ҳозир Россия, Украина сингари айрим давлатларда адабиётни ўқитишга бундай ёндашувдан воз кечилган. Бироқ, афсуски, бизда бу методика сақланиб қолмоқда ва адабиёт дарсликлари ҳам шу ёндашув асосида яратилмоқда. Натижада инсонни тарбиялаши, фикрлашга ўргатиши керак бўлган адабиёт дарслари аксар ҳолларда “адиблар ва асарлар ҳақида маълумотлар” дарсига, кимнингдир асар ҳақидаги фикрини ёд олиш ва қайтариш дарсига айланиб қолмоқда.
Университетда асарлар устида баҳс кетганда талабаларнинг деярли ҳаммаси Абдулла Қаҳҳорнинг “Бемор” ҳикояси ҳақида бир хил мулоҳазани такрорлади: “Ёзувчи бу асари билан ўша пайтдаги жамиятни бемор демоқчи бўлган”. Талабалардан бу фикрни асар матнига таяниб асослашни сўраганимда тайинли жавоб ололмадим. Сабаби, улар ўқиган мактаб дарслигининг “асар ҳақида” бўлимида шу фикр берилган ва талабалар бу фикрни эслаб қолган, холос. Талабаларга “Балки Сотиболдининг ўзи бемордир? Балки вақтини, пулини ҳар хил бекорчи иримларга сарфламаса, хотинини даволата олган бўлармиди?” десам, гангиб қолишди.
Хорижий давлатларда адабиёт фанини ўқитиш “китобхон жавоби назарияси ёки рецептив эстетика” тамойилларига асосланади. Ушбу назарияга кўра, бадиий асар мутолааси шунчаки маълумот олиш учун (масалан, дарслик, энциклопедия ёки илмий адабиётларни) ўқишдан тубдан фарқ қилади. Бадиий асар маълумот олиш учун ўқилмайди, бу — эстетик ҳодиса бўлиб, китобхон ва муаллиф ўртасидаги диалогга асосланади. Асарнинг қиймати уни ҳамма бир хил қабул қилиши билан эмас, аксинча, ҳар бир китобхон асарга нисбатан ўз муносабатини шакллантириши билан белгиланади. Немис адабий танқидчиси Волфганг Изер фикрига кўра, асар ёзилган ва ёзилмаган қисмлардан иборат. Китобхон асарни ўқий бошлар экан, ундан маълум бир нарсани кутади. Кўпинча китобхон ўзи кутган нарсани тўлиқ олмайди (муаллиф кўп саволларга жавобни очиқ қолдиради), бундай ҳолатда бўшлиқларни китобхоннинг ўзи тўлдиради. Бу бўшлиқлар асарнинг ёзилмаган қисмидир. Бўшлиқларни қандай тўлдириш эса китобхоннинг ўзига боғлиқ. Демак, ҳар хил китобхон бу бўшлиқларни турлича тўлдиради. Бу жараённи Изер юлдузлар туркумига қараш билан солиштиради: “Тунда юлдузли осмонга қараган икки киши бир хил юлдузлар туркумига қараётган бўлиши мумкин, лекин бири омочни кўрса, иккинчиси эса чўмични тасаввур қилади.” Адабиёт фанини ўқитиш методикасига “транзакция назарияси”ни олиб кирган америкалик олима Луиза Розенблатт бу фикрни давом эттириб шундай дейди: «Ўқилаётган асардан маъно ясаш ўқувчи шахси — унинг билими, ҳис-туйғулари, хоҳиш-истаклари билан асар матни синтезидан келиб чиқади”. Асар мутолааси жараёнида ўқувчи бошқа бир ҳаётни “яшаб ўтади”. Бу ҳодисага ўқувчининг ҳаётий тажрибаси, айни пайтдаги эмоционал ҳолати ҳам таъсир қилиши натижасида ўқувчи ўқиган асарига қайта мурожаат қилганда унга олдингига нисбатан бошқача таъсир қилиши, янгича хулосаларга ундаши мумкин.
Бадиий мутолаа асар ва китобхон ўртасидаги диалог экан, адабиёт дарслари бу диалогнинг ўқувчи учун самарали бўлишига хизмат қилиши лозим. Ўқувчига адиб ва асар ҳақидаги маълумотларни эслаб қолиш ўргатилмайди, асар ҳақида кимнингдир фикри сингдирилмайди, балки ундан мустақил хулоса чиқаришга ёрдам берилади. Хорижий давлатлар(Британия, АҚШ, Россия, Украина)да ўқитиладиган адабиёт дарсликларида асарни ўқувчига тақдим қилишда умумий жиҳатларни кузатиш мумкин. Асар билан ишлаш уч босқичга бўлинади. Мутолаадан олдин бериладиган савол ва топшириқлар орқали ўқувчида асарни ўқишга мотивация (қизиқиш) уйғотиш, шунингдек, асарни тушуниш учун контекстни шакллантириш мақсад қилинади. Асарни ўқиш давомидаги топшириқларда матндаги муҳим элементлар (сюжет, диалог, тасвирлар, ишлатилган бадиий воситалар)га эътибор қаратиш, адабиёт назарияси билан боғлаш орқали асарни тушунишга ёрдам берилади. Асардан кейин бериладиган савол ва топшириқлар эса асарни “макро” даражада (юқоридан) таҳлил қилиш, унга нисбатан ўқувчининг муносабатини шакллантириш, адабиётнинг бошқа фанлар билан интеграциясини таъминлаш, асарда кўтарилган муаммоларни ҳаёт билан боғлаш ҳамда ўқувчининг оғзаки ва ёзма нутқини, ижодий қобилиятини ривожлантириш сингари мақсадларга қаратилади. Дарслик дизайни ҳам муҳим роль ўйнайди: ҳошиялардан унумли фойдаланилади, расмлар ҳам шунчаки иллюстрация учун эмас, муайян мақсадни кўзда тутган ҳолда берилади. Табиийки, “асар ҳақида” бўлими мавжуд эмас, чунки мақсад — ўқувчида асарга, ундаги образлар, муаммоларга нисбатан ўз муносабатини шакллантиришга, таҳлил қилиш, фикрлаш ва сабоқ чиқаришига хизмат қилади.
Хориж дарсликларида савол ва топшириқлар тизими муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан улар ўқувчининг асарни тушуниши, таҳлил қилишига ёрдам беради ҳамда улар орқали таълим стандартларида кўзда тутилган кўникма ва компетенциялар ўқувчида шакллантирилади. “Мактаб дарсликларини яратиш ва таҳлил қилиш” китоби муаллифлари — француз методистлари Франсуа-Мари Жерар ва Ксавье Рожье савол ва топшириқларни қуйидаги гуруҳларга бўлади:
— рецептив (олинган маълумотни қайтариш) кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган савол ва топшириқлар;
— когнитив (очиқ ва яширин маълумотни трансформация қилиш) кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган савол ва топшириқлар;
— ҳаракат топшириқлари — ўқувчидан нимадир қилиш, жисмоний ҳаракат(масалан, ёзиш, расм чизиш, роль ўйнаш)ни талаб қиладиган топшириқлар;
— ўрганган билимлар орқали ўзига ва ён-атрофига баҳо бериш, хулқ-атворини қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ топшириқлар.
Дарслик муваффақиятли бўлиши учун мазкур турдаги савол ва топшириқларни қамраб олиши лозим. Адабиёт дарсликларида асар билан ишлаш самарали бўлиши учун савол ва топшириқларга нисбатан муайян қўшимча талаблар қўйилади. Улар шундай тузиладики, дарсликдан олинган маълумотларни ёки асар сюжетини қайта ҳикоя қилиб беришга қаратилмайди. Аксинча асарнинг муҳим ўринларига ва ўзига хос хусусиятларига эътибор қаратишга, асар устида мушоҳада юритишга ундайди.
Яна ўзимизнинг дарсликларга қайтайлик. 10-синф адабиёт дарслигида Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романидан парча берилган. Парчадан кейин анъанавий “асар ҳақида” бўлимида роман сюжети қайта ҳикоя қилинган ва асардаги образларга дарслик муаллифларининг баҳоси берилган. Ҳусан дума, Ориф оқсоқол, Қора амма — ижобий образлар. Раъно — салбий қаҳрамон, у Закунчининг ҳийласига учиб, эрига хиёнат қилади. Шу ўринда Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”идан бир фикр ёдимга тушади: “Инсонлар электр токи эмаски, мусбат ёки манфийга бўлинса”. “Икки эшик ораси”да кўп воқеалар бир пайтнинг ўзида бир неча персонаж тилидан ҳикоя қилинади. Назаримда, ёзувчи бу ўзига хос баён услубини бежиз танламаган. Ҳаётда ҳар биримиз яхшими-ёмонми, бирор ишга қўл урганимизда ўзимизнинг мотивларимиз, шу ишни қилишга ундаган сабаблар бўлади. Ўткир Ҳошимов ҳам воқеаларни ҳар хил персонажлар тилидан баён қилар экан, ҳаётнинг мана шу мураккаблигини, ҳар бир инсоннинг “ўз ҳақиқати” бўлишини очиб бермоқчи бўлади. Биз эса адабиёт дарсида болани фикрлашга, мана шу “турфа ҳақиқатлар”ни кўра билишга ўргатиш ўрнига унга сийқаси чиққан “трафарет”ларни сингдирамиз: бу образ — яхши, бу образ — ёмон. Савол ва топшириқлар тизими ҳам ўқувчига асарни тушуниш, таҳлил қилишга ёрдам беролмайди. “Ёзувчининг болалик ва талабалик йиллари ҳақида нималарни биласиз?” саволи ўқувчидан фақат олинган маълумотни қайтариб айтиб беришни талаб қилади. “Асарни тўлиқ ўқиб чиқинг ва тақдимотга тайёрланинг” топшириғи ҳаддан ташқари мавҳум, тақдимот нима ҳақида бўлиши кераклиги, унда асарнинг қайси жиҳатлари қамраб олиниши, нималарга эътибор берилиши кераклиги мавҳум “Ориф оқсоқол, Ҳусан дума, муаллим образларига тавсиф беринг” топшириғига жавобан ўқувчининг “асар ҳақида” бўлимида ўқиган “трафарет” фикрларни қайтариши кутилмоқда.
8-синф дарслигида “Мирзо Улуғбек” фожиасидан парча берилган ва “асар ҳақида” бўлимида Мирзо Улуғбек ҳақида ўқувчиларга бошқа фанлардан маълум бўлган маълумотлар қайтарилиб, асар яна ўша “трафарет” усулида чайнаб берилган, асарга ва образларга дарслик муаллифларининг баҳосини ўқувчига сингдиришга ҳаракат қилинган: Улуғбек — маърифатли шоҳ, Абдулатиф — отасига исён кўтарган ўғил. Ахир, асарни ўқиш давомида ҳар хил фикрлар туғилиши мумкин эмасми? Балки салтанатни бой берганига Улуғбекнинг ўзи ҳам айбдордир, илм-фанни ривожлантираман, деб давлат бошлиғи сифатидаги, ота сифатидаги масъулиятига етарли эътибор бермагандир? Шу каби мунозарали саволлар туғилиши мумкин эмасми? Мутолаа завқи ҳам айнан шундай ҳар хил мунозарали саволлар туғилиши ва уларга жавоб изланишида эмасми?
Модомики, мақсадимиз — ўқийдиган, фикрлай оладиган, келажакда инновациялар яратиб Ватан ривожига ҳисса қўша оладиган ёш авлодни тарбиялаш экан, назаримда, ўтган асрнинг 30-йилларида шаклланган ва бизга собиқ тузумдан “мерос” бўлиб ўтган адабиёт ўқитиш методикасидан ҳам воз кечиб, илғор хорижий тажрибаларга мурожаат қилишимиз, фойдали янгиликларни қабул қилишимиз лозим.
Ҳар қандай мавзуни тушунтиришнинг, ўқувчида муайян компетенцияларни шакллантиришнинг турли йўллари мавжуд. Ўқитувчи дарс ўтаётганда шу йўллардан ўзига, ўқувчиларига энг мақбулини танлайди. Шундай экан, дарсликлар тизимида ҳам вариантлилик, танлов имкони бўлиши дозим. Ҳар бир фан бўйича Халқ таълими вазирлиги битта дарсликни тасдиқлаш ўрнига давлат таълим стандартларига мос келадиган бир нечта муқобил дарсликни тавсия қилсин. Бу дарсликлар очиқ савдога чиқарилсин ва ўқитувчи ўз ўқувчиларининг қизиқиш, имкониятларини ҳисобга олган ҳолда мақбулини танлаш имконига эга бўлсин. Рақобат дарслик муаллифларини ҳам,
нашриётларни ҳам сифатли дарслик чиқаришга ундайди. Ҳозирги тизимда ҳар бир фан бўйича дарслик ёзадиган “жамоалар” мавжудлиги, улар бу ишга “бегона”ларни асло яқин йўлатмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Бу “жамоалар” дарслик замонавий методика талабларига жавоб бермаса ҳам миллионлаб нусхада чиқишини, гонорар тайин эканини билишади. Агар ўқитувчи ва ўқувчида танлов имкони бўлса, ҳалол рақобатда сифатли маҳсулот ғолиб бўлади, сифатсиз дарсликлар ўз-ўзидан четга чиқиб қолади. Назаримда, шу йўл билан таълим сифати ҳам ошади.
Комил ЖАЛИЛОВ,
Лондон университет коллежи
(University College London UCL) таълим институти
(Буюк Британия) ўқув дастурларини тузиш,
педагогика ва таълим жараёнларини
баҳолаш мутахассислиги магистранти