Халқаро олимпиада ғолиблари тақдирланди
Аввал хабар берганимиздек, шу йил 19—23 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида умумтаълим мактабларининг 10—11-синф ўқувчилари ўртасида илк бор ўтказилган физика ва астрономия фанлари бўйича Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада якунланди.
23 июнь куни халқаро олимпиада ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва халқаро олимпиада ҳакамлар ҳайъати вакиллари мазкур танлов биринчи марта ўтказилаётган бўлса-да, унга қизиқиш юқори бўлгани ҳамда барча жараён юксак савияда ташкил этилганини таъкидлади.
Йиғилишда физика фани бўйича 1 та олтин, 3 та кумуш, 7 та бронза ҳамда астрономия фани бўйича 1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медаль совриндорлари тақдирланиб, барча иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Астрономия фанидан қирғизистонлик Ирискелди Анарбеков олтин, қозоғистонлик Жанибек Аманкул кумуш, ҳамюртимиз Дўстмамат Бозорқулов ва қозоғистонлик Ержан Кенес бронза медалга сазовор бўлди. Физика фанидан ўзбекистонлик Умиджон Ҳафизов ғолибликни қўлга киритган бўлса, Темур Тиничбеков (Қирғизистон), Ислам Амангелди (Қозоғистон), Отабек Ҳасанов, Абдураҳмон Носиров (Ўзбекистон) кумуш, туркманистонлик Мейлис Ходжамуродов, қозоғистонлик Ерасил Тельман, Мадина Намугамбетова, қирғизистонлик Эрназар Сидиқов ҳамда ҳамюртларимиз Солибой Розиқов, Бобур Ҳалимов бронза медалга муносиб топилди.
— Танловга физика (3 нафар) ва астрономия фани (3 нафар) бўйича 10—11-синф ўқувчилари билан келдик, — дейди Қирғизистон давлат техника университети “Физика” кафедраси доценти, жамоа тренери Венера Мураталиева. — Бизда ҳар йили олимпиада туман, шаҳар, вилоят ва республика босқичида ўтказилади. Бу ерда ҳам, асосан, тўртинчи босқич ғолиблари иштирок этди. Ушбу халқаро олимпиадада қатнашиб, астрономия фанини ўқитишга янада катта эътибор бериш лозимлигини англадик. Мактабларимизда бу фан 11-синфдан ўқитилади. Болаларга таълим беришда методик усуллар ва янгиликлардан фойдаланишни кучайтириш таклифини киритмоқчиман. Шунда ўқувчиларнинг амалий лаборатория ишларини пухта бажаришига замин яратилади.
Мазкур халқаро олимпиада буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, ўқувчилар учун хорижлик тенгдошлари билан дўстона рақобат муҳитини яратишга хизмат қилди.
— Ўзбекистонга илк маротаба келиб, кўп таассуротлар олдим, — дейди қозоғистонлик Жанибек Аманқул. — Ҳаракатларим самара бериб, кумуш медални қўлга киритдим. Танлов шартлари ўйлаганимдан кўра мураккаб экан. Айниқса, 2-турда лаборатория машғулотларида бироз қийналдим.
Олимпиадада юртимиз вакиллари 6 та, қозоғистонликлар 5 та, қирғизистонликлар 3 та ва туркманистонликлар 1 та медалга сазовор бўлди. Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадани ҳар икки йилда анъанавий тарзда Самарқандда ўтказиш режалаштирилган.
Шоира БОЙМУРОДОВА, tc "Шоира БОЙМУРОДОВА, "
“Ma’rifat” мухбири