Бошланғич синф ўқитувчиси болалар адабиётини яхши билиши даркор
Таълим тизимидаги ислоҳотни қуйи бўғиндан бошлаш мақсадга мувофиқми ёхуд юқоридан, деган савол барчани ўйлантиради, албатта. Назаримизда, даставвал олий таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш ва бўлажак мутахассисларга эътибор қаратиш зарур. Шу нуқтаи назардан, олий таълим муассасаларининг мактабгача тарбия ва бошланғич таълим йўналишида мутахассислик фанлари қаторида ўқитиладиган она тили ва адабиёт фани дастури жиддий таҳрирни талаб қилади. Аввало, бу иккита
мустақил фаннинг сунъий равишда қўшилиб ўтилиши қатор йиллардан буён талай муаммоларга сабаб бўлмоқда. Масалан, бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш таълим йўналишининг 1-курс талабалари учун тузилган тўрт йиллик ишчи ўқув режасида умумкасбий фанлар қатори она тили ва адабиётга 712 соат (190 соат маъруза, 228 соат амалий машғулот (бу 2—4-курслар ўқув режасида ҳам бир хил), 294 соат мустақил таълим ажратилган. Бу кўрсаткич мактабгача таълим-тарбия йўналишида ҳам 200 соатдан ошади. Она тили ва адабиёт фани етти
семестрда ўқитишга мўлжалланган бўлса-да, унинг фақат биттасида адабиёт фани(болалар адабиёти)ни ўтиш режалаштирилиб (бу 36—40 соатни ташкил қилади), қолган олтитасида фақат она тили фани ўқитилади.
Албатта, иккала фан ҳам бирдек муҳим бўлиб, узоқ асрлик бой тарихга эга, илмий-назарий ютуқлари беҳисоб. Уларни пухта ўрганиш орқали ёш авлод идроки, маънавияти, сўз бойлиги, тамаддун ва тараққиёт ҳақидаги қарашлари шаклланади. Аммо уларнинг моҳияти, мазмун-мундарижаси, объекти бир-биридан фарқланишини билатуриб, бир фан доирасида ўрганиш мақсадга мувофиқ эмас. Шу боис миллий адабиётимиз ва она тилимиз олий ўқув юртларида мустақил фан сифатида ажратилиб, ҳажми ўқув жараёни бўйича тенг тақсимланиши фанга оид ўқув қўлланма ва дарсликлар яратиш, инновацион лойиҳалар устида ишлаш имкониятини кенгайтиради.
Ҳозирги ҳолатда айрим олий ўқув юртларида она тили ва адабиёт фани тақсимотининг ҳар хиллиги мутахассисларнинг ягона дастур асосида илмий-ижодий иш олиб боришига тўсқинлик қилмоқда. Чунки барча тилшунос олимларнинг ҳам адабиётни мукаммал эгаллаш имконияти бўлмаганидек, айрим адабиётшунослар фаннинг она тили қисмида иккиланади. Бундан ташқари, адабиёт фанининг ўзи ҳам “Адабиёт назарияси”, “Адабиёт тарихи”, “Мумтоз адабиёт”, “Миллий уйғониш даври адабиёти”, “ХХ аср адабиёти”, “Ҳозирги адабий жараён” сингари алоҳида номлар билан тармоқланади.
Мактабгача ва бошланғич таълим йўналишларида умумадабиётнинг таркибий қисми бўлган болалар адабиёти ўқитилиши режалаштирилган экан, фан дастурига ҳам ушбу фан албатта киритилиши лозим. Зеро, болалар билан ишлайдиган педагогни тайёрлашда бу фандан воз кечиб бўлмайди.
Мактабгача таълим муассасаларининг бўлғуси тарбиячилари ҳамда бошланғич синф ўқитувчилари олий ўқув юртида бу фанни пухта ўрганмас экан, кичкинтойларни саводга ўргатиш ёхуд бошланғич синф “Ўқиш китоб”ларидаги бадиий ижод намуналарини кенг таҳлил қилиш малакасини қандай эгаллайди? Болалар адабиётининг муҳим қисми сифатида халқ оғзаки ижоди, чет эл болалар адабиёти, ифодали ўқиш, адабий тур ва жанрлар ҳақида тушунча берадиган танлов фанларга ҳам эҳтиёж катта. Узлуксиз таълимнинг бошқа босқичларидан фарқли ўлароқ, бошланғич синфларнинг ўқиш дарсларида ўқувчиларнинг ўқиш малакасини шакллантириш, асар матни устида ишлаш таълимнинг дидактик мақсади ҳисобланади. Шунга кўра, ўқиш дарсларининг етакчи хусусияти ўқувчилар саводхонлигини таъминлаш билан бирга, бадиий адабиёт оламига олиб кириш, юксак ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялашга асосланган. Ўқиш фани бўйича давлат таълим стандартларида ҳикоя, эртак, мақол, топишмоқ, достон, тез айтиш, шеър, латифа, лоф каби жанрлар намунасини ўқитиш; ўзбек ва хорижлик болалар ёзувчилари асарларини ўқиш; ёзувчилар ва улар асарлари ҳақида тўлароқ тушунча ҳосил қилиш; бадиий асарлар шарҳи, ифодали ўқиш; асар мазмуни ва воқеалари ўртасидаги боғланишни, қаҳрамонлар феъл-атворини аниқлаш, қиёсий тавсифлаш; бадиий асарларни эстетик таҳлил қилиш; насрий асар мазмунини тўлиқ, қисқартириб, шахсини ўзгартириб ҳикоя қилиш; бадиий асарларни ўзаро қиёслаб, тегишли хулосалар чиқариш кабилар алоҳида таъкидлаб кўрсатилгани ҳам бежиз эмас.
Бундан ташқари, 1—4-синф ўқувчилари 540 соатдан зиёдроқ ўқиш дарсларида ўзбек ва жаҳон болалар адабиёти, халқ оғзаки ижоди намуналари билан танишади. Адабий жанрларни кузатиб, ифодали ўқиш кўникмасига эга бўлади. Демак, бу малакани бўлғуси бошланғич синф ўқитувчиси, аввало, ўзи эгалламоғи лозим. Шу маънода, адабиёт дарслари узвийлигини бошланғич синфлар “Ўқиш китоб”лари белгилайди, ўқувчилар ҳикоя ва қисса намуналарини мутолаа қилиш, шеърларни ифодали айтиш билан бирга, унинг мазмунини теран идрок этиши бундаги зарур жараёндир.
Бинобарин, бошланғич таълим йўналишидаги ихтисосликларда фаннинг узвийлигини таъминловчи “Ифодали ўқиш” ва “Адабиёт қоидалари” (1-курс), “Халқ оғзаки ижоди ва болалар китобхонлиги” (2-курс), “Ўзбек болалар адабиёти” (3-курс), “Жаҳон болалар адабиёти” (4-курс) қисмларини мукаммал ўрганиш орқали кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Айни пайтдаги дастурларда адабиёт фанининг бу муҳим қисмлари назардан четда қолгани сабабли, бакалавр дипломини қўлга олаётган бўлғуси бошланғич синф ўқитувчиларининг шеърий, насрий ёхуд драматик асарларни ифодали ўқий олиши, адабий жанрлар, шунингдек, жаҳон болалар адабиёти намуналарини тушуниш, таҳлил қилиш даражасини қониқарли деб бўлмайди.
“Ўқиш китоб”ларининг муаллифлари мумтоз болалар асарлари билан бирга ҳозирги адабий жараённинг фаол ижодкорлари, шунингдек, жаҳон адабиётининг машҳур асарлари намуналарини эътиборга олишлари муҳим. Зеро, бошланғич синфлардаёқ болалар китобхонлигини юксак савияга кўтариш учун, аввало, уларнинг бўлғуси муаллимларининг айнан олий ўқув юртларида мутахассислик касбларини эгаллаш жараёнида бадиий асар моҳиятини тўғри илғашига, адабий жанрларни идрок эта билиш малакасини шакллантиришга эътибор қаратиш шарт.
Талаба бадиий адабиётга тааллуқли фанларни узлуксизлик асосида теран ўрганмас, олий ўқув юртида ўқиш фани методикасини пухта ўзлаштирмас экан, ёш авлод адабиёт бўстонининг тилсимларига ошно бўлиши, қалби болаликданоқ инсоний эзгуликлар билан тўлиб-тошишига эришиш амримаҳол.
Яъни, фан дастурида тўғри таъкидланганидек, талаба болалар адабиёти намуналари билан танишмаса, ёзма адабиёт ва фольклор муносабатларини тушуниб етмаса, адабиётимиздаги анъанавийликни билолмайди.
Ўтган аср бошларидаёқ адабиётни ўқитиш масаласига алоҳида диққат зарурлигини англаган улкан шоир ва маърифатпарвар Абдулҳамид Чўлпон: “Адабиёт яшаса — миллат яшар!” деган умумбашарий шиорни кўтарган эди. Бу ҳақиқат бир асрдан ортиқ муддат мобайнида синовдан ўтди. Демак, бадиий адабиёт билан танишув бошланмаси ва умумкитобхонлик остонаси бўлган “Болалар адабиёти” фанини мутахассислик таълим йўналишларида тиклаш асосий муаммо бўлиб, ўзбек ва жаҳон болалар адабиёти ҳамда фольклори, унинг тарихий-тадрижий тараққиёти ҳамда янги тамойилларини изчил ўрганиш эртанги кун тарбиячилари учун биринчи даражали вазифадир.
Раҳматулла БАРАКАЕВ,
Ўз ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бўлим мудири, филология фанлари номзоди
Башорат ЖАМИЛОВА,
Бухоро давлат университети доценти, филология фанлари номзоди