Бизга илм скаутлари керак
Халқаро спорт мусобақалари ва фан олимпиадаларида ёшларимиз муносиб иштирок этиб келмоқда. Аммо бу етарли эмас, деб ўйлайман. Педагог сифатида баъзида ўзимга савол бераман: нима учун биз дунё илм-фанида юз бераётган янгилик ва кашфиётларда кўпинча иштирокчи эмас, кузатувчи бўлиб қоляпмиз? Ахир, она диёримиз буюк алломаларга бешик ҳисобланиб, улар ёзган китоблардан ҳалигача хориждаги энг нуфузли университетларда фойдаланилади-ку?!
Бунинг асосий сабаби, иқтидорли ўқувчилар тўғри йўналтирмаслиги, ўз олдига аниқ мақсад қўйишга ўргатилмаслиги ва олимлар тайёрлаш тизими яхши ишламаётгани деб ўйлайман.
Футболда скаутлар деб аталадиган мутахассислар бор. Улар хорижда нафақат спорт, балки илм-фанни яхши ўзлаштириб бораётган иқтидорли ёшларни излаб топади. Улар туфайли истеъдодли ва қобилиятли ёшларнинг билими янада ривожланади. Назаримда, бизга ҳам “илм скаутлари” жуда-жуда керак. Улар иқтидорлиларни мактаб давриданоқ аниқлаб, ҳомийликка олиб, то илм-фан дунёсида инқилоб ясайдиган даражага етгунча ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаши керак. Бу ўша иқтидор эгасига ва ҳомийга ҳам, Ватанга, бутун дунё илм-фани ривожига ҳам бирдек фойда келтиради. Хўш, кимлар ҳомийлик қилиши мумкин? Йирик компаниялар, жамоат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар, хайрия жамғармалари, умуман, жамиятнинг исталган бўғини бу иш билан шуғулланса бўлади.
Мен ўқувчилик давриданоқ халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, ҳозир математика фанидан дунёнинг энг кучли олимлари сафида бўлган айрим математиклар ҳаёти билан қизиқиб кўрдим ва бу борада қизиқарли маълумотлар топдим.
Кристиан Рейкер (1984 йил 19 апрелда Старнбергда туғилган) — немис математиги. 2000—2003 йилларда Халқаро математика олимпиадасида тўртта олтин медални қўлга киритган.
У фан тарихидаги муҳим муаммолардан бири — Кемниц гипотезасини исботлади. Шундан сўнг, Мюнхен университетини математика йўналиши бўйича тамомлаб, 2010 йили Росток университетида докторлик диссертациясини ёқлаган. Ҳозир Гамбург университети профессори.
Tеренс Чи Шен Тао — Австралия ва AҚШ математиги, 10 ёшида халқаро математика олимпиадасида қатнашган. Дунёдаги энг ёш иштирокчи сифатида бронза медални қўлга киритган. Олтин медални қўлга киритганда у бор-йўғи 13 ёшда эди. 14 ёшида институтга кирган, 20 ёшида эса AҚШда докторлик унвонини олиб, дунёдаги энг ёш доктор сифатида рекорд ўрнатган.
Ҳозир у дунёнинг энг кучли математикларидан бири сифатида Калифорния университети профессори бўлиб фаолият юритмоқда.
Келинг, энди халқаро олимпиадаларда яхши қатнашган ўзбекистонлик ўқувчиларнинг кейинги тақдири билан қизиқамиз.
Маълумотларга кўра, катта ёшли (17 ёшгача) жами 92 нафар ўқувчимиз 17 бора Халқаро математика олимпиадасида қатнашиб, 26 кумуш ва 9 бронза медални, кичик ёшлилар ўртасида эса (14 ёшгача) 4 йилдан буён 16 нафар ўқувчи қатнашиб, 2 олтин, 3 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритган.
Бу маълумотларни қидириш жараёнида бир нарсага эътибор бердим. ўолиб ёшларимизга ҳам Ўзбекистоннинг исталган олий ўқув юртига имтиёзли кириш ҳуқуқи берилган. Aфсуски, улар ўз олдига математик олим бўлиш мақсадини қўймаган. Улар асосан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини танлаган. Яна бир муаммо бор. Математика ўқитувчиси сифатида ўқувчиларни фан олимпиадасига мунтазам тайёрлаб келаман. Жараёнда бошқа вилоят ўқувчилари билан ҳам суҳбатлашаман, орзу-интилиши билан қизиқаман. Бироқ, аксариятининг келгусида ўз олдига фанни ривожлантириш мақсадини қўйганини эшитмайман. 2004 йили халқаро олимпиадада кумуш ва бронза медаль олган бухоролик уч нафар йигит билан суҳбатлашиб қолдим. Улар берилган имтиёз туфайли Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олибди. Айни пайтда давлат идораларида ишлаётган экан. Бироқ, ўз ишидан қониқмаётгани учун иккинчи мутахассислик ёки қайта тайёрлов асосида математика йўналишида таҳсил олмоқчи. Ана шу мисолнинг ўзиёқ иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимида жиддий камчиликлар борлигини кўрсатади. Агар бу каби ёшларга ўз вақтида эътибор ва маслаҳат берилиб, қўллаб-қувватланса, улардан ҳам зўр математик олим, кашфиётчи чиқиши шубҳасиз.
Энди педагог сифатида бу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларим билан ўртоқлашсам.
Агар биз истеъдодлиларни тўғри тарбиялашни, уларнинг келажакда улкан натижаларга эришишини истасак, қуйидаги жиҳатларга аҳамият беришимиз лозим.
Биринчидан, мактабданоқ боланинг математик қобилиятини эрта аниқлаб, унга мадад берадиган скаутлар фаолиятини йўлга қўйишимиз, уларни бир мактаб қошида бирлаштиришимиз лозим. Масалан, Президентимизнинг 2017 йил 14 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида янги тaшкил қилинаётган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини шу соҳа бўйича ихтисослаштириш мумкин. Агар мазкур мактабда иқтидорли ўқувчилар билан халқаро олимпиада талаблари даражасида тайёргарлик кўрилса, узоғи билан 5-6 йил ичида юзлаб халқаро олимпиада ғолибларини ва бўлажак етук олимларни етиштириш мумкин.
Иккинчидан, агар илм-фанимизни халқаро даражада юксалтиришни хоҳласак, иқтидорли ёшларнинг фақат илм-фан билан шуғулланишига шароит яратиб берайлик. Яратилажак шароит иқтидорли ёшларнинг ўз олдига улкан мақсадларни қўйишига асос бўлсин.
Учинчидан, моддий рағбатлантириш тизимини кучайтириш лозим. 2008 йилгача халқаро олимпиадада юқори натижа қайд этган ёшларга ҳеч қандай рағбатлантириш берилмаган. Ҳолбуки, ўша даврда халқаро спорт мусобақалари ғолибларига қимматбаҳо совғалар берилган. Фақат 2008 йил 13 октябрдан эътиборан, халқаро олимпиадаларда 1-, 2-, 3-, 4-, 5-ўринни қўлга киритган ёшлар олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилинган ва ўртача олий ўқув юрти талабаси стипендиясининг 10, 9, 8, 7 ва 6 баробари миқдорида моддий рағбатлантирилган.
Илм-фан мамлакатнинг келажаги, тақдири ва даражасини белгилайди. Илмга иштиёқманд ёшлар қўллаб-қувватланса, ўқувчилар, ота-оналарнинг ҳам қизиқиши ошади.
Халқаро олимпиадада ғолиб бўлган бундай истеъдодлиларни муносиб кутиб олсак, болаларимиз мактабда математика китобларини кўтариб, устозларини қувиб юради.
Тўртинчидан, математика бўйича иқтидорли ёшларимизнинг энг катта муаммоси — бу тил билмаслиги. Ҳолбуки, айни шу жиҳат жаҳон миқёсида етук кадр етиштиришнинг энг муҳим ва ҳал қилувчи омилларидан. Бас, шундай экан, ўқувчиларга нафақат математика, балки инглиз ва рус тилларини ҳам пухта ўргатишимиз шарт.
Бешинчидан, раҳбарлар, иқтидорли ёшларни етакловчи инсонларни муносиб танлаш. Агар ёш олимлар тайёрлашнинг янги тизими жорий қилиниб, унга дунё илм майдонларини кўрган, жаҳон талабларидан хабардор, узоқни кўра биладиган, иқтидорни илғай оладиган, ўз ишининг фидойи усталари жалб қилинса, мақсадга эришиш осонлашади.
Олтинчидан , тортинчоқ, жамоага киришувчанлик қобилияти суст ўқувчиларга педагогик-психологик ёрдам бериш керак.
Еттинчидан , мамлакат терма жамоасини халқаро олимпиадага тайёрловчи педагогларни ҳам моддий қўллаб-қувватлаш муҳим. Ўқувчиларимиз халқаро олимпиадаларда математика ва кимё фанларидан яхши натижаларга эришмоқда. Лекин биология, физика, информатика, география фанларидан ютуқлар билан мақтана олмаймиз. Келгусида масаланинг бу жиҳатига ҳам эътибор қаратиш лозим. Математикада халқаро олимпиада алоҳида бир йўналиш бўлиб, унда бериладиган саволлар олий математикадан анча-мунча фарқ қилади. Бу борада мамлакатимизда тажрибали устозлар тобора кўпайиб бормоқда. Аммо нега бошқа фанлардан (кимё фанини назарда тутмаганда) шундай бўлмаяпти? Бунинг сабаби ҳам педагогларни моддий рағбатлантириш, уларнинг бу борадаги тажрибасини ошириш билан боғлиқ. Керак бўлса, оқсаётган фан йўналишида хорижий мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.
Cаккизинчидан , модомики гап иқтидорли ёшларни аниқлаш ва тарбиялаш борасида кетар экан, бу ишга Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ҳам жалб қилиш керак. Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар йили ёзда билимлар беллашувининг вилоят босқичида ғолиб чиққан биринчи учлик республикамиздаги энг яхши ёзги оромгоҳларда дам олиши ташкиллаштирилади. У ерда қизиқарли дарслар ташкил этилади. Бу ишни янада такомиллаштириш, 5-, 6-ўринни олган болаларни ҳам жалб этиш керак. Чунки уларнинг орасида ҳам иқтидорлилари кўп ва бундай муҳит ана шу иқтидорнинг янада “очилиши”га туртки бўлади. Машғулотга олимлар, дарслик муаллифлари, халқаро олимпиада ғолиби ва уларнинг мураббийлари, психологларни таклиф этиш зарур. Тренерларни моддий рағбатлантириш Ёшлар иттифоқининг вазифаси бўлиши керак. Бу борада Иттифоқ истеъдодли ёшларга скаут топишда ҳам бош-қош бўлса ёки ташкилот ўзи иқтидорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш вазифасини бажарса, айни муддао бўларди. Бунинг натижасида ёшларимизнинг Иттифоқ фаолиятига ишончи янада ортарди.
Ўзим математика ўқитувчиси бўлганим боис, бугунги мавзуга асосан шу фан мисолида ёндашдим. Лекин иқтидорлилар ҳар бир фан бўйича минглаб топилишига ишонаман. Агар келгусида бу борада мустаҳкам ва пухта тизим яратсак, ҳар бир фан йўналишида биз ҳам кузатувчидан иштирокчига айланамиз. Дунё илм-фани ривожига ҳисса қўшадиган машҳур олимларни етиштирамиз.
Исроилжон ТИЛЛАБОЕВ,
Ўзбекистон туманидаги 65-ИДУМИнинг математика фани ўқитувчиси