Тарбия таълимдан ортда қолмасин!
Мактаб ёшидаги ўқувчи вояга етмаган ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуни улар билан ишлаш бўйича зиммамизга ўта муҳим вазифаларни юклайди.
Уяли алоқа воситасидан фойдаланмайдиган ўқувчини топиш амримаҳол. Узоқни яқин, оғирни енгил қилиш мақсадида ишлатса-ку, майли, интернетдаги ижтимоий тармоқларга “қуллик” касаллиги фарзандларимизни ўзига тобе қилиб бораётган бўлса-чи? Бундан ортиқ фожиа борми? Педагог сифатида бизни вояга етмаганлар ҳаётининг ана шу жиҳатлари ташвишлантирмоқда. Нима қилишимиз керак?
Биринчидан, мактабнинг 10–11-синф ўқувчилари учун ёзги таътил кунлари меҳнат оромгоҳларини ташкил этиш, қишлоқ жойларда ўқув-лаборатория майдонлари барпо этиш зарур. Вояга етмаган ёшларнинг бўш вақтини муайян мақсадга йўналтириш муаммога ечим бўлиши мумкин.
Иккинчидан, имкон қадар мактаб ҳудудига яқин жойда сунъий ва табиий сузиш ҳавзалари ташкил этиш масаласига маҳаллий ҳокимликлар томонидан эътибор қаратилиши зарур. Сув спорти, боланинг соғлом бўлиб вояга етишида муҳим омилгина эмас, балки атроф-муҳит муҳофазасида ҳам унинг роли катта.
Учинчидан, “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчиларини доимо рағбатлантириб бориш, спорт тўгаракларига мунтазам қатновчи ўсмирлар сонини кўпайтириш вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Тўртинчидан, юқори синф ўқувчи-қизларини педагог аёлларга 2-3 нафардан бириктириб, бу жараённи назорат қилишда МФЙ диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси зиммасига катта масъулият юклатилса, қизлар тарбиясидаги нохуш ҳолатларнинг олдини олишга имкон яратилади. Шундай йўл тутилса, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 175-сонли қарори ижроси ҳам таъминланган бўлади.
Бешинчидан, ота-онаси хорижий давлатга ишлаш учун кетган ўқувчига педагог ходимларни таълим муассасаси раҳбари буйруғи билан мураббий этиб тайинлаш вояга етмаганларни назоратга олишнинг мақбул йўли ҳисобланади.
Кўп йиллик педагогик тажрибамизга таяниб, шундай хулосага келдик: тарбия билим бериш технологиясидан ортда қолмоқда. Болани шахс сифатида тарбиялаш, янгича фикрлашга йўналтириш, руҳан ва жисмонан соғлом ривожлантириб бориш зарур.
Ўқувчи кундалик дафтар тутади. Хўш, уни ҳар бир ота-она ҳафтасига, ҳеч бўлмаса ойига бир кўздан кечирадими? Агар кундалик дафтарнинг ота-она имзо қўядиган қисми синф раҳбари томонидан қатъий назорат қилиб борилса, ўсмирлар ўқув жараёнини назорат қилишга жиддий эътибор қаратган бўламиз.
“Ўтиш” даврининг қалтис ва нозик жиҳатларини бошдан кечираётган ўсмирни тўғри йўлга солишда китобхонлик муҳим роль ўйнайди. Ўқувчи қачон ва қандай китоб ўқиётганини билиш мақсадида кундалик дафтари охирги саҳифаларига мутолаа қилган китоблари рўйхатини кўрсатиш талаб қилинади. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган кундалик дафтарнинг охирги саҳифасида нафақат ўқилган китоб, балки бола кўрган спектакль, бадиий фильмлар учун ҳам жой ажратилса, айни муддаодир.
Дилмурод ДЎСМАТОВ,
Булоқбоши туманидаги 12-мактаб ўқитувчиси
Ҳабиба САТТОРОВА,
ўқитувчи