Ўқитувчи фақат таълим билан шуғулланади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаётгани, профессор-ўқитувчиларнинг фаолияти, билими ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги, кириш тест саволлари абитуриентнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини аниқлаш имконини бермаётгани каби қатор муаммолар санаб ўтилди.
Таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу педагогларни узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар, профессор-ўқитувчиларнинг амалга ошмаган орзулари, кўнглидаги гаплари эди.
Айни кунда олий таълим узлуксиз таълим тизимининг бир қисми бўлишига қарамай, фанларни ўқитишда узвийликка амал қилинмаяпти. Масалан, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқув режасига киритилган айрим фанлар олий таълим ўқув режасининг биринчи блок фанларида яна такрорланади. Агар фанлар ўзаро мувофиқлаштирилса, ўқув соатлари ҳажми қисқарган, вақт тежалган бўларди. Фанларни ўқитишда замонавий тизимлар жорий этилмади. Масалан, модуль тизимига ҳам тўлиқ ўтилмади. Аудитория соатлари, фанларнинг кўплиги, уларнинг такрорланиши ва узвийликнинг таъминланмагани оқибатида талабаларнинг фанларни тўлиқ ўзлаштиришга улгурмаслик ҳолати ҳам кузатилмоқда.
Профессор-ўқитувчилар кўп вақтини қоғоз тўлдиришга сарфлаётгани сабабли ҳужжатларда талабалар билан ишлаётган бўлса-да, амалда педагогнинг талаба билан ҳақиқатан ишлашга вақти йўқ. Ўз устида ишламаётган педагоглар ҳам учрайди. Демак, олий таълим муассасалари қошида профессор-ўқитувчи, педагог-кадрларнинг интеллектуал ва педагогик маҳоратини тўғри ва холис баҳолайдиган эксперт гуруҳини ташкил этиш, ўқув йили охирида педагоглар фаолияти бўйича талабалар орасида сўров ўтказиш, рейтингни аниқлашга зарурат мавжуд.
Қарорда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг вақтини ўқув жараёнига хос бўлмаган ишларга сарфлашнинг олдини олиш ҳамда уларни талабалар билан кўпроқ ишлашга йўналтириш, шу жумладан, “Устоз—шогирд” тизимини жорий этиш мақсадида ўқув юкламаларини ҳисобга олган ҳолда профессор-ўқитувчилар “вақт меъёрлари”нинг янги механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш белгилангани таълим сифатини оширишда муҳим қадам бўлди. Бу ўқитувчини кераксиз қоғозбозлик ва кунўтар мажлислардан озод қилиб, ҳақиқий вазифаси билан шуғулланишига имкон беради.
Исҳоқхон НОСИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси