Мактабдаги бўш иш ўринлари қандай тўлдирилмоқда?
Бугунги кунда педагогика йўналишидаги олий таълим даргоҳлари битирувчиларини айниқса жамиятда талаб катта бўлган йўналишлар бўйича мактабларга ишга жалб этиш қийин кечмоқда. Мисол учун, 2016-2017 ўқув йилида юртимиздаги олий таълим муассасаларининг бакалавриатини инглиз тили (хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили; филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили) йўналиши бўйича жами 3260 нафар талаба тамомлаган. Аммо ўтган ўқув йилида умумтаълим мактабларида аниқланган 775 нафар чет тили ўқитувчисига эҳтиёж шу битирувчилар ҳисобидан қопланмади.
Таҳлилларга кўра, аксарият қишлоқ мактабларига чет тили ўқитувчилари керак. Малакали кадрларни қишлоқларга жалб этиш мақсадида уларнинг лавозим маошига 30 фоиз (бошқа таълим муассасаларида 15 фоиз) миқдорида қўшимча ҳақ тўлаш кўзда тутилган. Уларни қишлоқда уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам эътиборда.
Лекин ёш кадрлар мактабга эмас, маоши нисбатан юқори, шароити яхши соҳаларга ўзини урмоқда. Оқибатда халқ таълими тизимида кадрлар етишмовчилиги муаммоси пайдо бўлиб, дарслар ўрта махсус маълумотли ёки номутахассис кадрлар ўртасида тақсимланяпти. Математика, кимё, физика каби мураккаб фанларни номутахассис кадр ўтиши ўқувчи вақти ва умрини беҳуда совуриш билан баробар. Ёки бўш қолган соатлар фан ўқитувчиларининг юкламаларини меъёридан ортиқ белгилаш ҳисобига қопланмоқда. Бу таълим сифати ва самарадорлигини пасайтириб юборади.
— Набирам Яккабоғ туманининг чекка ҳудудидаги мактабда ўқийди, — дейди Ойсара Авазова. — Мактабда уч нафар инглиз тили ўқитувчиси бор. Икки сменали мактаб учун бу кам. 2017-2018 ўқув йилида немис тили мутахассиси ҳам инглиз тилидан сабоқ берди. Ўқув йилининг биринчи чорагида унинг мутахассис эмаслиги панд берди. 3-синф ўқувчиларига Н.А.Бонк, Г.А.Котий, Н.А.Лукьянова муаллифлигидаги “Учебник английского языка” ўқув қўлланмасининг 1, 2, 3-қисмини топиб келишни буюрди. Дарс ва дарсдан ташқари машғулотда китобдан қўшимча манба сифатида фойдаланди. Бу китоб бошланғич синфларга оғирлик қилишини, ўқувчига асосан грамматикани ўргатишга мўлжалланганини айтсам, у менга зарда қилиб, қўшимча дарс ўтишни тўхтатиб қўйди.
“Telegram” тармоғидаги “Беминнат вакант” ижтимоий гуруҳида асосан халқ таълими ходимлари жам бўлган. Иш сўраб мурожаат қилган ўқитувчи ёки бўш иш ўрнига педагог кадр излаётган мактаб маъмурияти шу гуруҳ ёрдамида керакли маълумот олиши мумкин. Гуруҳдаги сўзлашувларни кўздан кечириб, ҳар доим Тошкент тумани халқ таълими бўлими вакилининг куюнчаклиги эътиборимни тортади.
— Тошкент туманида 31 та мактаб бор, — дейди туман халқ таълими бўлими кадрлар бўйича инспектори Дилноза Аҳмедова. — Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларимиз сони 4 та. Аммо кадрларга энг катта эҳтиёж шу мактабларда: ижтимоий, аниқ, табиий фанлардан малакали кадр етишмайди. Ота-оналар эса фарзандини таълим рус тилида олиб бориладиган мактабга беришни хоҳлайди. Бугун бўш ўринларни рус тилини яхши биладиган, сўзлашиш лаёқатига эга ўқитувчилар билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Аниқ ва табиий фанлардан яхши мутахассис бўлмаса, таълим сифати ўз-ўзидан тушиб кетади. Бу муаммони бартараф этиш учун бир қатор олий ўқув юртига бориб, битирувчиларни ишга таклиф қилдик. Математика-физика йўналишини ҳудудимиздан атиги 7 нафар талаба битираётган экан. Афсуски, мактабдаги қоғозбозликлар, мажбурий меҳнат, бефойда йиғилишлар, ойлик маошнинг камлиги ёшларни ўқитувчилик касбидан совутиб қўйгани учун уларни ишга жалб этиш жуда қийин кечяпти. Талабаларнинг бир қисми келгусида магистратурада ўқишни давом эттириш ниятида, бошқалари маоши ва шароити талаб даражасида бўлган соҳаларни танламоқчи.
Албатта, шарт-шароитлари яхши бўлган идоралар тўғри келган битирувчини ишга олавермайди. Номзодлар уларнинг талабига жавоб бериши, замонавий фикрлаши, билимли, АКТни мукаммал ўзлаштирган бўлиши лозим. Бу саралашдан ўтолмаган битирувчилар эса мактабга келяпти...
Бугунги кунда мамлакатимиз умумтаълим мактабларида жами 408 минг 135 нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Улар таркибига эътибор қаратадиган бўлсак, 340 минг 899 нафари олий, 568 нафари тугалланмаган олий, 66 минг 668 нафари ўрта махсус маълумотлидир. Ёки бўлмаса, 112 минг 261 нафар бошланғич таълим ўқитувчисининг 41 минг 718 нафари (37,2 фоизи) ўрта махсус маълумотли.
Кўриниб турганидек, тизимда юқори малакали кадрларга эҳтиёж катта. Баъзи таълим муассасалари бу муаммони илғор педагогларни мунтазам рағбатлантириб бориш, малакали кадрларни ишга жалб қилиш, ёш педагогларга иш ўргатиш ва “педагогик захира” механизмини йўлга қўйиш ҳисобига ҳал этмоқда. Сергели туманидаги 6-ИДУМ ҳудди шундай тажрибани йўлга қўйган нуфузли мактаблардан.
— Мактабимиз ўқитувчиларидан бир йилда тўрт марта фанлар кесимида ёзма иш оламиз, — дейди 6-ИДУМ директори Дилором Эшмаматова. — Бу уларни доимий равишда ўз устида ишлашга ундайди. Педагоглар билими, маҳорати, ўқувчиларининг ютуқлари, иқтидорли болалар билан ишлашига қараб рағбатлантирилади. Ишга қабул қилишда номзодларни суҳбат ва тест синовидан ўтказамиз. Мактабимизда ҳеч бир ўқитувчига бир ставкадан ортиқ дарс берилмайди. Сабаби, ортиқча юклама ўқитувчининг яхши дарс беришига халал беради. Юқори рейтингга эришиш учун, аввало, яхши кадрларни жамлай билиш ва уларга қулай шароит яратиб бериш лозим. Ўқитувчиларнинг оилавий аҳволи, режаларидан хабардор бўлиб бораман. Нафақа ёшидаги ёки ҳомиладор ходимлар, иш жойини ўзгартиришни режалаштираётганлар ҳисобига бўшаб қоладиган ўринларни тўлдириш чорасини олдиндан кўриб қўямиз. Кадрлар масаласида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Миллий университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педегогика университети, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти билан яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз. Битирувчи-талабаларни мактабимизда амалиёт ўташга таклиф қиламиз. Жараёнда ишончимизга сазовор бўлганларни ишга таклиф этамиз.
Бундай тажриба чекка туманларда ҳам кузатилади. Мисол учун, Сўх тумани мактабларида ўқитувчи кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдиришга катта эътибор берилмоқда. Бошқа туманлардан келиб ишлаётган ўқитувчилар Тул қишлоғи агросаноат коллежининг 100 ўринли, Янгиариқдаги ижтимоий ва иқтисодиёт, педагогика коллежининг 50 ўринли, туман марказидаги академик лицейнинг 100 ўринли фойдаланилмаётган ётоқхонасига жойлаштирилган. Шу билан бирга уларга қўшимча компенсация тўловлари ҳам белгиланган. Келгусида коммунал тўловлар учун имтиёз бериш режалаштириляпти. 2017-2018 ўқув йилида Данғара, Бағдод, Фурқат, Олтиариқ, Фарғона туманларидан келган 15 нафар тарих, информатика, инглиз тили ва бошланғич таълим ўқитувчиси Сўх туманидаги мактабларда иш бошлади. 2018-2019 ўқув йили учун ҳам янги ўқитувчилар рўйхати шакллантирилди.
— Мен Шарқобод қишлоғидаги 15-мактабга ишга келдим, — дейди олтиариқлик она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Одинахон Акрамова. — 251 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактабда ўзбек тилидан дарс беряпман. Сўх аҳолиси бизни яхши қарши олди. Бор салоҳиятим ва билимим билан шу мактаб ўқувчиларига сифатли таълим беришга бел боғладим.
Ҳар бир соҳада камчилик ва муаммолар учрайди. Муҳими, шу муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш. Шундай экан, мактабларимизни юқори салоҳиятли, касбига меҳрли устозлар билан тўлдириш борасида ҳам янги, самарали тажрибаларни қўллаш давр талабидир.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири