Ўқувчи дарсда ухлаб қолмаслиги учун...
Жом қишлоғидаги 21-мактабда бошланғич синф ўқувчиларига дарс берамиз. 30 йиллик педагогик фаолиятимиз давомида қишлоқ болаларининг мактабгача таълим муассасаларига бормасдан 1-синфга келаётгани боис қийинчиликларга дуч келардик. Психологик ва педагогик жиҳатдан мактабга тайёр бўлмаган бола тозаликка риоя қилиш, кийиниш, жамоат жойида ўзини тутиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этишда қийналади.
Мактабга келган ўқувчининг дарсда ухлаб қолмаслиги, 45 дақиқалик машғулотда диққатини жамлаш ва атроф-муҳитга ижобий муносабатини шакллантиришга кўп вақт сарфлардик. Табиийки, болани шу жараёнга мослаштириш, китоб ўқишга иштиёқини ошириш, мантиқий ва ижодий фикрлашига эътибор беришга тўғри келарди.
Бу муаммони ҳал этиш мақсадида мактабгача таълим муассасаларидаги тайёрлов гуруҳи тарбиячилари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ҳозир тарбиячилар кўмагида ва ўқув йилининг илк кунлари болаларда ижодкорлик қобилиятини шакллантириш, кичик ижодий ёндашув ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, улар билан дўстона муносабат ўрнатиш, дарс ва дарсдан ташқари машғулотларда дидактик, мусиқали ва саҳна кўринишидаги ўйинлардан фойдаланиш орқали эркин психологик муҳитни яратишга, яъни мотивацияни кучайтиришга интиламиз. Ўқувчига берилаётган ҳар бир маълумот, дастурий материал миллий ўзликни англашга хизмат қилишига эришяпмиз. Бу ўғил-қизларнинг юқори синфларда ҳам фаоллашиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Ғ афур РЎЗИҚУЛОВ,
Марҳабо УСМОНОВА,
Нуробод туманидаги 21-мактаб ўқитувчилари