Ўқувчиларимизнинг яна бир зафари
Ёш авлоднинг халқаро танлов ва фан олимпиадаларида юқори натижаларни қўлга киритаётгани эътирофга муносиб. Юртимизда камол топаётган иқтидорли ўғил-қизлардан иборат жамоа шу йилнинг 1—6 июль кунлари Болгариянинг Бургас шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида математика бўйича ўтказилган халқаро олимпиадада 1 олтин, 2 кумуш, 2 бронза медални қўлга киритди.
Мактаб ўқувчиларининг Халқаро математика мусобақаси (International Mathematics Competition) дунёнинг иқтидорли ўқувчилари учун энг катта ва муҳим форум ҳисобланиб, унда иштирок этиш ҳар бир мамлакат учун шарафдир. Ҳар йили июль ойида ўтказиладиган мусобақада дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан келган 600 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчи ўзаро беллашади.
Танловда бу йил бешинчи бор иштирок этаётган Ўзбекистон жамоаси илк маротаба умумжамоа ҳисобида энг кўп медалга сазовор бўлгани барчани қувонтирди.
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов олтин, шу мактабнинг 7-синф ўқувчиси Лазизбек Ражаббоев ва Пешку туманидаги 18-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев кумуш, Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Искандар Бўриев, Учтепа туманидаги 4-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Муҳаммадризо Мажидов бронза медалга сазовор бўлди.
— Мактабимизда “Ёш иқтидорлилар” клуби ташкил этилган бўлиб, унда ҳар бир фан йўналишида ўз билимимизни мустаҳкамлаймиз, — дейди олимпиада совриндори Искандар Бўриев. — Математика дарсида ўтилган мавзуларни қўшимча тўгаракда такрорлаб, билимимни мустаҳкамладим. Олимпиада шартидаги кетма-кетликда ҳисобланадиган мураккаб масалаларни муваффақиятли ечиб юқори балл тўпладим ва бронза медалига лойиқ топилдим.
Ислом Каримов номидаги Тошкент Халқаро аэропортида ғолиблар Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида тантанали кутиб олинди.
Шоира БОЙМУРОДОВА