Мактабдаги текширувлар таълим сифатига қанчалик фойда келтирмоқда?
Прокуратура, молия, ички ишлар, ҳокимият, ёнғин хавфсизлиги, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази... Рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бу ташкилотларни мактаб боғлаб турибди. Мен ўзим ишлаётган мактаб мисолида шу боғлиқликка кўп бор гувоҳ бўлганман. Ушбу мақола орқали Халқ таълими вазири бошлаган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда қуйидаги масалаларга ечим топилишини истайман.
Текширувлар керакми?
Албатта, керак. Бусиз сифат ва самарадорлик даражаси аниқ кўзга ташланмайди. Бироқ меъёр лозим. Ҳаракат аниқ натижа бериши даркор. Афсуски, мактабга келаётган текширувчилар асосий мақсади ўқитувчига методик ёрдам бериш ва таълим самарадорлигига ҳисса қўшиш эканини унутиб қўймоқдалар.
Бугунгача давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази, ёнғин хавфсизлиги, ички ишлар бошқармаси, прокуратура, молия, халқ таълими бошқармаси, халқ таълими бўлими, ҳокимият, Ёшлар иттифоқи вакиллари (аслида расмий ваколати бўлмаса-да) таълим муассасаларини тафтиш қилиш мақомида турадилар. Таассуфки, бу ташкилотлардан бириктирилган масъулларнинг аксарияти педагогик билим ва маҳоратга эга эмас. Шунингдек, улар мактабга текширувга келаётгани ҳақида хабардор қилишни ёқтирмайди. Аслида ушбу текширувлар диққат марказида маъмурият туриши лозим, аммо нишонда ўқитувчи бўлади. Масалан, молия, ёнғин хавфсизлиги, ички ишлар, санитария ва эпидемиология назорати маркази текширувларига ўқитувчи фаолиятининг унчалик ҳам алоқаси йўқ.
Текширувчи хато топувчи эмас, уни бартараф этувчи бўлиши лозим. Аммо аксарият текширувчи хато топишга ҳаракат қилади. Унинг нечоғли юқори малакага эга экани ўқитувчидан қанчалик кўп хато ва камчилик топгани билан ўлчанади (ўрни келганда айтиш жоизки, у ҳам масъуллар олдида жавоб бериши жоиз). Шунинг учун жиддий қоидабузарлик бўлмаса-да, майда икир-чикирлар топилади. Мисол учун “Нима учун хонадаги гултуваклар ўлчами ҳар хил?” каби танбеҳлар эшитамиз. Кўп йиллардан буён ўқитувчилар фаолиятида дуч келаётган масаланинг энг ёқимсиз нуқтаси бу.
Нималар текширилади?
Энг аввал қоғозлар. Қуйида рўйхатни ҳукмингизга ҳавола этаман. Текширувчилар учун “муҳим” бўлган қоғозлар нималардан иборатлигига ўзингиз гувоҳ бўлинг. Ўқитувчидан бу ҳужжатларнинг уч йиллик тўплами талаб қилинади:
- Синф раҳбарининг дарсдан ташқари машғулотлар тўғрисидаги йиллик режаси;
- Тарбияси оғир болалар билан ишлаш режаси;
- Иқтидорли болалар билан ишлаш режаси;
- Жиноятларнинг олдини олиш бўйича иш режаси;
- Диний экстремизм ва терроризмга қарши ишлар режаси;
- Йўл ҳаракати қоидалари бўйича иш режаси;
- Барча кўрсатилган режаларнинг амалга оширилиши таҳлили ва ҳисоботи.
Мазкур вазифалар — ҳар кунги фаолиятимиз. Аммо уларни ҳужжатлаштириш, жамлаш, нусха кўчириш, тасдиқлаш ўқитувчи учун ортиқча оворагарчилик. Тарбиявий ишлар, дарсдан ташқари тадбирлар бўйича алоҳида папка юргизиш, ўтказилган ҳар бир тадбирнинг баённомаси ўқитувчининг вақтини зое кетказади, қоғозбозликни келтириб чиқаради. Энг ёмони, текширувчи ҳам кўрилаётган масаланинг айнан қоғозда тўлиқ бажарилганига аҳамият қаратади. Ҳужжатингиз тўлиқ бўлмаса, амалда қилган барча ишларингиз бир пулга айланади.
Синф журналидан барча дарс соати ва ўқувчи хавфсизлигини таъминловчи йўриқнома ўрин олади. Шундай бўлса-да, унга қўшимча равишда тўгарак машғулотлар журнали, синф раҳбари папкаси, ташхис дафтари, синф портфолиоси, Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенцияда кўрсатилган таълимга оид низомлардан келиб чиқиб олиб борилган ишлар дафтари тўлдирилган бўлиши шарт. Бундан ташқари, яна қанча ҳужжатбозликлар бор...
«Қандай бўлмасин камчилик топинг!»
Одатда текширувлар ҳақида мактаб маъмуриятига олдиндан хабар берилмайди. Айниқса, халқ таълими бўлими вакилларининг кутилмаганда келиши ўзгармас принципга айланган. Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасидан келган мутахассислар кўп ҳолларда ўқитувчига амалий ёрдам беради, асосли фикрлар билдиради, аммо негадир туман ХТБ мутахассисларида бундай тажриба йўқ.
Шахсан ўзим ҳам бир марта текширувчи мутахассислар сафига киритилганман. Халқ таълими бўлими мудири мактаб ўқитувчилари ва директор ўринбосарларидан иборат 15—20 кишилик гуруҳ тузди. Аниқ бир манзилга ҳужум уюштиришдан аввал мудир ҳаммамизни жамлаб, кўрсатма берди: “Қандай бўлмасин, камчилик топинг!”. Комиссия аъзолари ҳатто қайси мактабга боришимизни ҳам билмасдик. Мен гувоҳи бўлган текширувнинг мақсади нима эканини тушунмадим, чунки сабаблар очиқ айтилмаган, фақат кўрсатма берилган эди. Бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин?
Текширувчилар томонидан дарсни бузиш, синфхонага кириб халақит бериш ҳолати авж олган. Тасаввур қилинг, ўқитувчи мавзуни берилиб тушунтиряпти, ўқувчилар уни ўзлаштириш учун бутун вужуди билан тинглаяпти. Шунда текширувчи кириб келади ва шкафларнинг усти, стол ва жавонларни кўздан кечириб, камчиликларни санай кетади. Ўқувчилар билан суҳбатлашиб, чигал, муаммоли саволлар беради.
Улар орасида таълим сифат-самарадорлигини ошириш борасида аниқ таклиф билан келадиган, оғиримизни енгил қиладиган, педагогик маҳоратли кишилар кам учрайди.
«Дарс — муқаддас?»
Мамлакатимиз таълим жабҳасида дарс — муқаддас ҳисобланади. Аммо негадир амалда бунинг акси. Ҳатто халқ таълими вазири ҳам дарсни бузиш ҳуқуқига эга эмаслигини ҳисобга олсак, текширувчи чекланмаган ҳуқуққа эгами, деб ўйлаб қоласан. Агар текширувчининг ўзида дарснинг муқаддаслиги борасида тушунча шаклланган бўлганида эҳтимол бунга журъати етмаган бўларди. Аксарият ҳолларда ўқитувчининг бу борадаги принципи текшириш мақсадида эшикдан кирган прокуратура ходими ёки Ёшлар иттифоқи вакилининг истеҳзоли кулгисига сабаб бўлади. “Нима деганингиз “Дарс — муқаддас”? Бизни бу қизиқтирмайди. Текширамиз ва бир соатда кетамиз”. Ахир бир соат, бу бир ярим соатлик дарс дегани! Ўқувчи шу қимматли сониялар ичида янги билимларни эгаллайди. Аслида, амалга оширилаётган текширувлардан мақсад ҳам шу дақиқаларнинг сифатли ташкил этилиши ва уларда эришилаётган натижалар бўлиши керак.
Таълим тизимини тушунмайдиган шу мутахассислар хонадаги гултуваклар бир хил эмаслигини камчилик деб санаб, 40 дан ошиқ ўқувчи билан 45 дақиқа давомида индивидуал шуғулланишни талаб қилади.
Текширувчилар келади-кетади, ҳали вояга етмаган болалар эса бундан турли даражада руҳий зўриқиш олади, текширувчи келганида “алдаш, ёлғон сўзлаш мумкин, акс ҳолда жазоланамиз”, деган тушунча шаклланади. Кети узилмас текширувлар ўқитувчининг вақтини олиш, дарсни бузиш, ортиқча, кераксиз қоғозбозликни келтириб чиқаряпти.
Нима қилмоқ керак?
2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини мониторинг қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди. Мактаб таълимига алоқаси бўлмаган турли органларнинг текширувларини мувофиқлаштириб, тартибга солиш, ўқув жараёни ва сифатига халал бермайдиган тарзда ташкил этиш айнан шу орган томонидан амалга оширилишини кутган эдик. Аммо ўтган бир йил давомида мазкур инспекциянинг ҳам бу борадаги ишлари кўзга кўринмади.
Мантиқсиз текширувлар ва улар ортидан пайдо бўлаётган тартибсизликлар таълимга ёрдам беришдан кўра, кўпроқ зарар етказяпти. Дарс хаёли муаммолар билан банд бўлган тажанг кайфиятдаги ўқитувчи таъсирида ўтмоқда. Бунинг жабрини ўқувчи тортмоқда.
Хўш, текширувлар ортидаги натижа қандай? Амалий жиҳатдан айтадиган бўлсак: ҳеч қандай! Текширувчи деганда ҳар бир ишдан айб топадиган, фақат ўзининг гапини маъқуллайдиган, тирноқ остидан кир қидирувчи кимса кўз олдимизга келади. Баъзан очиқ-ойдин ўқитувчини ҳақоратлашгача ҳам борилади. Кўп йиллар бунга чек қўйилмагани натижасида назорат, текширувлар зўравонлик услубига айланди. Бундай муносабат ўқитувчининг, мактабнинг обрўси тушишига олиб келди. Биз таълим соҳасига ҳам худди тадбиркорлик соҳаси қўллаб-қувватлангани, ундаги текширувларнинг тартибга солингани, кенг эътибор қаратилаётгани каби муносабатда бўлишларини кутиб қоламиз.
Энди фақат камчиликлар қидирилмасдан, ўқув жараёнини такомиллаштириш чораларини излаш керак. Айтайлик, ўқитувчига дарсда АКТдан фойдаланмагани учун дакки бериш ўрнига АКТдан фойдаланмаганининг сабабларини ўрганиш керак. Унга қандай методик ёрдам зарурлиги, қандай техник восита етишмаётгани ўрганилиши зарур. Асосий шарт — текширувнинг самараси, методик эҳтиёжни таъминлаш, инновацион тажрибаларни ўргатишдан иборат бўлиши керак. Шунда ўқитувчи текширувчидан ҳадиксирамайди. Уни ўзига ёрдамчи, ҳаммаслак сифатида кўради. Қоғозларга кўмилиб, ҳужжат тўлдириш ўрнига ҳар бир дарсга ижодий ёндашади.
Ангелина НИЗАМОВА,
ўқитувчи
Тошкент шаҳри