1989 та мактаб аттестациядан ўтказилди
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини Давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 21-сонли қарори ва йўриқномага мувофиқ, умумий ўрта таълим мактаблари 9 та йўналиш бўйича аттестациядан ўтказилди.
Олдинги йилларда аттестация хулосасини аккредитациялаш ДТМ томонидан бажариларди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 515-сонли қарорига асосан, 2017 йил 1 октябрдан бу ишни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бажармоқда.
2017-2018 ўқув йилида режалаштирилган 2004 та мактабнинг 1989 таси аттестациядан ўтказилди. Шундан 15 та мактабни аттестациядан ўтказиш асосли сабаблар билан (низомга мувофиқ, филиалга айлантирилгани, аттестация муддати келмагани, битирувчи синфи йўқлиги, таъмирга муҳтожлиги, ёпилгани учун) келгуси йилга ўтказилди. 1989 та мактабдан 1712 таси (86 фоизи) аккредитацияланди ва электрон банки яратилди. 277 та таълим муассасасининг ҳужжати ўрганилмоқда.
Мактабларни аттестациядан ўтказишда комиссия раиси (туман ҳокимининг тегишли ўринбосари)га масаланинг моҳияти ўз вақтида тўғри етказилмаслиги, туман(шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари(аттестация комиссияси раиси ўринбосари)нинг эътиборсизлиги оқибатида камчиликларга йўл қўйилган. Бу камчиликларга барҳам бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Республика таълим маркази мутахассислари томонидан умумий ўрта таълим мактабларини аттестацияга тайёрлаш ва сифатли ўтказиш мақсадида методик ёрдам кўрсатилди.
2018-2019 ўқув йилида яна 1995 та мактабни аттестациядан ўтказиш режалаштирилган.
А.ШОМУРОДОВ,
РТМ бўлим бошлиғи
Т.ХУДОЙҚУЛОВ,
РТМ методисти