Ўқитувчининг ойлигини бир неча баробар ошириш зарур!
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Шерматов соҳадаги муаммо ва камчиликларни ўрганиб, уларни бартараф этиш, тизимни такомиллаштириш бўйича муҳим ва жиддий таклифларни ўртага ташламоқда. Жумладан, вазирнинг халқ таълими тизими ходимларининг ойлик маошини бир неча фоиз эмас, балки бир неча баробар ошириш зарурлиги ҳақидаги фикри соҳадаги тизимли муаммоларнинг ўзига хос ечими сифатида жамоатчилик ўртасида юқори баҳоланди.
Халқ таълими вазири фикр-мулоҳазаларини шундай баён қилади:
“Президентимиз томонидан жамиятда ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш бўйича аниқ топшириқ берилган бўлиб, ҳозирда тегишли ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланмоқда.
Афсуски, республика миқёсида 11 мингдан ортиқ ўқитувчилик лавозимларида вакансиялар мавжуд ва 66 минг нафардан ортиқ олий таълим дипломига эга бўлмаган ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Улар орасида эркак ўқитувчилар улуши 30 фоиздан кам бўлиб, бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида атиги 10 фоизни ташкил этади!
Муаммонинг асосий сабаби мактаб таълими тизимидаги ходимларнинг ойлик маошининг ўта паст эканидир. Охирги уч йилликни сарҳисоб қиладиган бўлсак, умумий ўрта таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошининг ўсиш суръати ҳам бошқа соҳа вакиллариникига солиштирганда анча паст бўлган. Натижада 2016 йилда мактаб таълими соҳасидаги ўртача ойлик молия соҳасиникига нисбатан атиги 48 фоизни ташкил этган бўлса, бу йилга келиб, 42 фоизгача камайганини кўриш мумкин.
Шунингдек, жойларда мактаб таълими тизими ходимларига мажбурий обуна (200 тадан ортиқ газета-журналлар), турли хил тадбирларга мажбурий чипталар сотиш, маошидан яна бошқа турли хил мажбурий ушланмаларнинг олиб қолиниши натижасида ўқитувчиларнинг шундоқ ҳам кам бўлган ойлик маоши қўлигача янада камайиб етиб боряпти.
Кейин эса ҳайрон бўламиз: нега таълимда ота-оналардан турли хил йиғимлар кўпайган, таълим тизими сифати тушиб кетган, болаларнинг тарбияси ёмонлашяпти, уларнинг орасида жиноят ортяпти, ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпаймоқда деб...
Ҳамма ўз иши билан овора бўлиб, фарзанди асосий вақтини мактабда ўтказишини инобатга олсак, айнан мактабда яхши билим ва тарбия олган болаларнинг келгуси ҳаётида муваффақиятга эришиш имкони кенгроқ бўлишини тушуниб етишимиз керак. Япония, Сингапур, Жанубий Корея каби давлатлар ривожланишининг сири ҳам айнан ўқитувчиларнинг ойлик маошлари юқори қилиб белгилангани ва ҳар бир ўқитувчи ўрнига ўнлаб талабгор борлигидадир.
Шу фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли молиячиларимиздан Президентимиз томонидан қўйилган ушбу вазифанинг ечимига бу сафар бошқача ёндашишларини, аввалгидек турли баҳоналар топиш эмас, балки қўйилган вазифани ижобий ечиш йўлларини топишга ҳаракат қилишларини сўраб қоламиз.
Таълим соҳасидаги ҳолатни ҳақиқий ўзгартириш учун халқ таълими тизими ходимларининг ойлик маошини бир неча фоиз эмас, балки бир неча баробар ошириш зарур! Бу, ўз навбатида, жойлардаги истеъмол талабининг кўпайиши ҳамда иқтисодиётда фаолликнинг ошишига туртки бўлади.
Давлат айнан таълимга асосий сармоя киритиши, бошқа соҳаларга эса хусусий сектор сармоя киритишига шароит яратиши керак. Давлат ишлаб чиқаришда ёмон бошқарувчи эканини йиллар давомида самарасиз бўлган миллиардлаб долларлик марказлашган манбалар ҳисобидан амалга оширилган инвестиция лойиҳалари мисолида кўрса бўлади.
Шундай экан, аввалги хатоларни қайтармасдан, балки инсон капиталига инвестиция киритиш тўғрироқ бўлади.
Ёшларимизнинг билим олишга қизиқишлари ортиши учун улар ҳаётда ўқитувчилари бошқа соҳа вакилларидан кўра анча яхши яшаётганини кўришлари шарт! Лекин ҳозир жойларда ўртача ўқитувчининг шароити билан ўртача молиячининг шароитини солиштириб бўлармикан...
Шерзод ШЕРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири”.