Кичик фан олимпиадаси
Мактабимизда таълим жараёни ўқувчилар учун янада қизиқарли бўлишини таъминлаш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилади.
Жумладан, кичик фан олимпиадаси бошланғич синф ўқувчилари орасидан иқтидорлиларни танлаб, уларни билимлар беллашуви, фан олимпиадаси, инновацион олимпиадага тайёрлаб боришга йўналтирилган. Тайёргарлик икки босқичда ўтказилади. Дастлаб 2-, 3-, 4-синф ўқувчилари тўла қамраб олинади. 76 балдан юқори натижага эришганлар иккинчи босқичда иштирок этади.
Ўтган ўқув йилида илк бор ўтказилган олимпиадада 2-синфлар математика ва она тили, 3-синфлар она тили, математика, инглиз тили, 4-синфлар она тили, математика, инглиз тили ва рус тили фанларидан беллашди. Ёзма иш, тест топшириқлари ва оғзаки синовларда ўқувчиларнинг билим кўрсаткичи, ўзлаштириш даражаси ва имконияти тўла намоён бўлди. Шунингдек, уларнинг билимидаги бўшлиқлар аниқлаб олинди.
Олимпиада якунида ҳар бир фан йўналишида синфлар кесимида уч нафардан ғолиб тақдирланиб, шаҳарнинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор жойларига саёҳат қилиш имкониятига эга бўлди.
Сабоҳат АСЛОНОВА,
Когон туманидаги 1-ИДУМ ўқитувчиси