Мактаблар фаолияти — Сенат нигоҳида
Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Ўтган давр мобайнида қўмита томонидан таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари ижроси устидан парламент назорати тизимли равишда амалга оширилди. Хусусан, назорат-таҳлил фаолияти доирасида “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг умумий ўрта таълимга доир бандлари ижроси Сирдарё вилояти мисолида ўрганилган. Таълим муассасаларида соғлиқни сақлаш ишлари мониторинг қилинганда, айрим мактабларда тиббий хизмат сифати, овқатланиш, гигиена талаблари қониқарсиз экани маълум бўлди. Хусусан, 160 мактабда тиббиёт хонаси, 149 мактабда ошхона учун шароит яратилмаган. Сенат мониторинги давомида вилоят мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг мингга яқини ўрта махсус маълумотга эгалиги, олий тоифали педагоглар салмоғи бир фоизга ҳам етмаслиги, икки юздан ортиқ иш ўрни бўш тургани таъкидланди.
— Сирдарё вилояти мисолида олиб борган кузатувимиз натижасида кўплаб масалалар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди, — дейди қўмита раиси Зайниддин Низомхўжаев. — Қонун ижросини ўрганиш натижалари бўйича қабул қилинган қарор бошқа ҳудудларда шу каби камчиликларнинг олдини олиш учун тегишли мутасаддиларга юборилди. Бу таҳлиллар “Таълим тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш жараёнида ўз натижасини беради.
Анжуманда соҳа мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Суҳроб ЗИЁДОВ