Анъанавий август кенгашлари: янгича руҳ, янгича мазмун
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида шу йилнинг 8–10 август кунлари анъанавий август кенгашлари тренер-ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича республика ўқув-семинари бўлиб ўтди. Онлайн тарзда ташкил этилган мазкур тадбир вебинар шаклида ўтказилиб, vc.icu.uz интернет манзили орқали минглаб кузатувчилар эътиборига ҳавола этилди.
Тадбирда Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази мутасаддилари, тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, вазирлик тасарруфидаги ИДУМ директорлари иштирок этди. Йиғилишни ҳудудий студияларда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, барча туман(шаҳар) халқ таълими бўлими раҳбарлари, методистлар, таълим сифати мониторинги бўлими инспектор-методистлари, маънавий-ахлоқий тарбия ва болалар ижтимоий ҳимояси шўъбаси мудирлари, ўқувчиларни касбга йўналтириш ва педагогик-психологик ташхис бўйича методист, методист-психолог, методист-профориентатор, методист-дефектологлар, информатика ва ахборот технологиялари мутахассислари, мактаб директорларининг ўқув-тарбиявий ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, фан(шўъба)лар бўйича илғор, тажрибали тренер-ўқитувчилар тўғридан-тўғри кузатиб борди.
Ўқув-семинар Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 28 июлдаги “Халқ таълими ходимларининг анъанавий август кенгашларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига асосан, ҳозирги кундаги энг долзарб бўлган тўрт йўналиш бўйича ташкил этилди. Вебинарнинг илк куни умумий ўрта таълимнинг 2018-2019 ўқув йили таянч ўқув режаси асосида ўқув дастури ва дарсликларга киритилган ўзгартиришлар ҳақида маълумот узатилди. Куннинг иккинчи ярмида шўъба йиғилишлари ўтказилди. Хусусан, бошланғич таълим ҳамда филология фанлари бўйича ўқув самарадорлигини ошириш ҳамда чет тиллар таълимини узлуксиз жорий этишнинг навбатдаги босқичлари юзасидан методик тавсиялар берилди.
— Айни пайтда мамлакатимизда халқ таълими тизими ривожида янги бос¬қичга ўтиш жараёни кечмоқда. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган ижобий янгиланишларни жаҳон ҳамжамияти катта қизиқиш билан кузатиб, эътироф этмоқда, — дейди Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров. — 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам халқ таълими тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Шунга мувофиқ, таълим соҳасида халқаро илғор тажрибаларни ўрганган ҳолда кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиши, кенг жамоатчиликнинг таклифи асосида 11 йиллик умумий мажбурий таълим жорий этилди. Иқтисодиёт тармоқларини инновацион ривожлантириш талабларидан келиб чиққан ҳолда Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек номидаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов ва Муҳаммад Юсуф номлари билан аталадиган ўзбек тили ва адабиёти чуқур ўқитиладиган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Умумий ўрта таълим муассасаларида педагог кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун 15 та олий таълим муассасасида махсус сиртқи бўлимлар ва Чирчиқ давлат педагогика институти ҳамда Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали ташкил этилди. Бу янгиланишлардан кўзланган асосий мақсад фарзандларимизнинг сифатли ва самарали билим олишини таъминлаш, мактабларни чинакам илм-маърифат масканига айлантиришдир.
Бу йил ўтказиладиган, “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган ғояни ўзида мужассам этган анъанавий август кенгашлари орқали таълим муассасалари раҳбарларининг масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, тизимда фаолият юритаётган педагог ходимларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ўқитувчиларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, касбий салоҳияти ва маҳоратини янада такомиллаштириш, янги ўқув йилидаги энг муҳим ва устувор вазифаларни белгилаб олишга, таълим муҳити шароитида педагогларни мустақил фаолият кўрсата олиш, ахборот оқимидан оқилона фойдаланишга ўргатиш муҳимдир.
Шу йил 17 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифаларни педагогларга етказиш, ўқитувчиларни 11-синф дарсликларидаги янгиликлар ҳамда ўқитишнинг янги методологиялари билан таништириш мақсадида Халқ таълими вазирининг 2018 йил 28 июндаги 193-сонли буйруғи қабул қилинди. Унга мувофиқ, Республика таълим маркази томонидан август кенгашларининг ялпи ва шўъба йиғилишларини ўтказиш бўйича тавсиялар тайёрланиб, “Ma’rifat” ва “Учитель Узбекистана” газеталарида чоп этилди.
Бу йилги анъанавий август кенгашида қуйидаги асосий вазифалар амалга оширилиши белгиланди:
• ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш орқали таълим сифатини ошириш бўйича вазифаларни белгилаб олиш;
• 2018-2019 ўқув йилига мўлжалланган вазифаларни белгилаб олиш ҳамда соҳадаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан истиқболдаги режаларни тузиш;
• таълим жараёнига компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини жорий этиш ҳамда дарсликлардаги ўзгаришларни педагог ходимларга етказиш;
• таълим сифати мониторинги, фан олимпиадаси, билимлар беллашуви натижаларини таҳлил қилиш орқали ўқитиш самарадорлигини ошириш мақсадида бажарилган ишларни сарҳисоб қилиш, таҳлиллар асосидаги ҳисобот тақдимотларини ўтказиш ва янги ўқув йилида амалга оширилиши лозим бўлган иш шакллари юзасидан кўрсатмалар ва тавсиялар бериш;
• таълим-тарбия сифатини оширишга доир ишлар якунлари юзасидан фикр алмашиш орқали мактаб ўқитувчиларининг илмий салоҳиятини мақсадли йўналтириш, ўз устида ишлаш механизмини тизимли йўлга қўйиш;
• ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг такомиллаштирилган ўқув режа ва дастурларини таълим жараёнига татбиқ этиш;
• педагогларни таълим беришнинг янги замонавий усуллари билан мунтазам таништириб бориш мақсадида ўқувлар, тармоқли
конференциялар ташкил қилиш, илғор тажрибаларни тарғиб этиш, интернетдаги таълим порталига методик материаллар жойлаштириб бориш орқали ўқитувчиларга методик ёрдам бериш.
Ҳар бир босқичда тренерлар олиб борадиган машғулотлар «Халқ таълими — сифатли таълим» шиори остида ўтказилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Уч кун давом этган семинарда мутахассислар томонидан барча фанлар бўйича таълим самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар, ўқув дастур ва дарсликлардаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, таълим сифати мониторингини ташкил этиш ва ўтказишда халқаро PISA баҳолаш дастурларидан фойдаланиш борасида таклифлар тингланди.
Вебинар давомида ўқувчиларнинг маънавиятини шакллантиришда тарбиявий соатларнинг аҳамияти, синф раҳбарининг вазифалари, «Мустақиллик дарслари»ни ташкил этиш ва ўтказишга доир онлайн йўлланган саволларга мутахассислар батафсил жавоб берди.
Анъанавий август кенгашларининг биринчи босқичи — Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда тренер-ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича республика ўқув-семинари видеосеминар тарзида уюшқоқлик билан олиб борилди.
Иккинчи босқич тренер-ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича 15-16 август кунлари вилоятларда ўтказилиши белгиланган. Учинчи бос¬қич туман (шаҳар)¬лар миқёсида ҳар бир фан ва йўналишлар кесимида ялпи ва шўъба йиғилишлари тарзида 20—25 август кунлари, сўнгги босқич эса 27—30 августда мактабларда ўтказилади.
Гулюз ОРИФЖОНОВА