Болаларни мактабга сифатли тайёрлаш
бунда қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти муҳим аҳамият касб этаяпти
Болаларни МТМга қамраб олиш даражаси 23,5 фоиз эди. Сґнгги беш ойда бу кўрсаткич 30,5 фоизга кўтарилди. Йиллар давомида ўзгармай келган рақамнинг бирдан ошиши барча мутахассислар учун қизиқ. Халқ таълими вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган «Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар, қисқа муддатли гуруҳларда болаларни мактаб таълимига тайёрлаш» мавзусидаги медиатурда шу ва бошқа саволларга ойдинлик киритилди.
2015-2016 ўқув йилида Сирдарё вилоятида 16124 нафар бола 1-синфга қабул қилинади. Уларнинг 4967 нафари МТМда, 4949 нафари қисқа муддатли гуруҳларда мактабга тайёрланди. Бу 1-синфга борадиганларнинг 61,4 фоизи мактабгача пухта тайёрланиб, муайян билим, кўникма ва малакага эга бўлганини билдиради. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Улуғбек Мамарасуловнинг айтишича, ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб февраль-март ойларида МТМларнинг бўш турган гуруҳ хоналарида 73та, мактаблар қошида 135та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилган.
Қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этиш борасида Гулистон шаҳридаги 12-, 21-МТМларда ўзига хос тажриба мавжуд. Журналистлар медиатур асносида мазкур муассасаларда бўлиб, МТМга қамраб олинмаган болалар билан қисқа муддатли гуруҳларда ишлаш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. МТМларнинг тарбиячилари учун ўқув-семинарлар ташкил этилиб, методик эҳтиёжни тўлдириш, ота-оналар билан ишлаш, болаларнинг билим даражасини таҳлил этиш бўйича тренинглар олиб борилди.
— Шаҳардаги 21-МТМ жамоаси «Юлдуз» маҳалласи фаоллари билан ҳамкорликда барча хонадонларга кириб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борганидан кейин қисқа муддатли гуруҳларга талаб янада ошди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг мактабгача таълим методисти Гулбаҳор Парпиева. — Талаб МТМ қамровидан ошиб кетгач, натижада ҳудуддаги 9-мактабда ҳам учта шундай гуруҳ ташкил этишга тўғри келди. Бу ота-оналарнинг дунёқараши кенгайиб, фарзандига эътибори ошиб бораётганидан дарак беради.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири